Туризм – тугамайдиган нефть...
Бугунги тараққиёт, глобаллашув даврида мамлакатлар, одамлар узвий боғланган. Дунёнинг исталган ўлкаси бир қадамдек гап. Шу боис туризм энг даромадли, истиқболли соҳалардан бирига айланди. Мутахассислар таъбирича: туризм – тугамайдиган нефть.
Коронавирус пандемияси туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатди. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотига кўра, 2020 йилда халқаро саёҳатлар сони 89 фоизга, иш ўринлари 74 миллионга қисқариши, соҳадаги жами йўқотишлар 800 миллиард долларни ташкил этиши мумкин.
Маълумки, жорий йил 16 мартдан мамлакатимиз ташқи ва ички сайёҳлар учун ёпилган эди. Шу кундан эътиборан республика бўйича 1,5 мингдан кўп туроператор, 1,2 минг меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди.
Бугун туризм соҳасида карантин тартиб-қоидалари босқичма-босқич юмшатилмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев 28 май куни имзолаган «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонда туризм соҳасига имтиёз ва преференциялар бериш кераклиги қайд этилган.
Фармонда 1 июндан «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда, карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, ички туризмга рухсат берилиши, шунингдек, туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос каби объектлар фаолиятига рухсат бериш зарурлиги айтилган.
– Вилоятнинг тоғли ҳудудлари – Нурота тумани тоғ тизмалари, Навбаҳор тумани Сармишсой дараси ҳамда сув ҳавзаларида, яъни Нурота туманида Айдаркўл, Қизилтепа туманидаги Тўдакўл соҳилларидаги мавжуд дам олиш масканларини ишга тушириш, мазкур ҳудудларда ички туризмни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, – дейди Навоий вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жавлон Ҳасанов. – Шунингдек, тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу жараёнда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.
Бунда асосий эътибор карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишга қаратилган.