Ўзбекистонда яна бир қатор Россия ОТМлари филиали очилиши мумкин
Ўзбекистон ва Россия олий таълим тизими ташкилотлари ташаббуси билан икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорларининг онлайн анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда 120 дан ортиқ ОТМ ректорлари, шунингдек, Ўзбекистон томонидан Президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев, олий таълим вазири И.Мажидов, Россия томонидан эса Президент Администрацияси бошқарма бошлиғи В.Чернов, фан ва олий таълим вазири В.Фалков иштирок этди.
Ўзаро фикр алмашув чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, сиёсий, маданий, илм-фан соҳасидаги алоқалар ривожланиб бораётгани, хусусан, олий таълим тизимидаги ҳамкорлик яхши самара бераётгани эътироф этилди. Бу жараёнда Ўзбекистон ва Россия Президентларининг дўстона руҳдаги мулоқотлари, ҳамкорлик доирасидаги келишувлар муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йил октябрь ойида Президент Владимир Путиннинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган илк Ўзбекистон – Россия таълим форумида 114 дан ортиқ олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланган эди. Бу келишувлар асосида талабалар, ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилган. Жумладан, ўтган қисқа даврда 400 мингдан ортиқ ўзбекистонлик йигит-қиз Россия олий таълим муассасаларида бакалавриат, магистратура ва аспирантурада ўқиб, 300 дан ортиқ профессор-ўқитувчи илмий малакасини оширди. Россиянинг мамлакатимизда очилган етакчи олий таълим муассасалари филиаллари сони 10 тага етди.
Тадбир доирасида олий таълим ва илмий соҳалардаги икки томонлама келишувлар амалга оширилишининг дастлабки натижалари ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Тошкентда A.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Н.И.Пирогов номидаги Россия Миллий илмий-тадқиқот тиббиёт университети, Санкт-Петербург кончилик университетининг Бошланғич муҳандислик тайёргарлиги маркази ва Тошкентдаги Санкт-Петербург давлат университети филиалларини, шунингдек, «Станкин» номидаги Москва давлат технологиялар университетининг Тошкент давлат техника университети, Самарқанд давлат университети, Навоий давлат кончилик институти ва Бухоро муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликда Россия – Ўзбекистон илмий-технологик ўқув марказини ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди.
Эътиборли жиҳати, бу анжуман жорий йилда Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган икки мамлакат Президентлари саммити дастурига киритилган Ўзбекистон – Россия иккинчи таълим форумига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлиб хизмат қилади.