Kun.uz | Расмий канал
Ўзбекистон гуманитар ёрдам сифатида Тожикистонга 1000 тонна ун юборади
Ўзбекистон қўшни Тожикистонга яна гуманитар ёрдам юборади. Бу ҳақда Азия-Плюс ёзмоқда.
Манбада айтилишича, Шавкат Мирзиёев топшириғи билан 1000 (минг) тонна ун Тожикистонга юборилади. Шунингдек, умумий миқдори 19 вагон бўлган гуманитар ёрдам юклари орасида тиббиёт воситалари ва озиқ-овқатлар ҳам бор.
Ўзбекистон пандемия вақтида Тожикистонга энг кўп гуманитар ёрдам юборган давлат ҳисобланади. Ҳафта бошида қўшни республикага коронавирусга қарши курашда ёрдам учун 24 тонна тиббиёт воситалари юборилганди. Бундан олдин 9 апрель куни ҳам Ўзбекистондан Тожикистонга 18 вагон ун ва тиббиёт воситалари жўнатилган.
8 май куни ўзбекистонлик 8 нафар олий тоифали шифокорлар гуруҳи коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Тожикистонга борган. Улар билан бирга қўшни республикага 10 тонна тиббиёт воситалари, жумладан 10та сунъий нафас олиш ускунаси юборилганди. Бундан ташқари Ўзбекистон 144та тиббий контейнерларни қўшни мамлакатга ёрдам сифатида тақдим этган. Улар ҳозирда Душанбеда ўрнатилиб беморларни қабул қила бошлаган.