https://storage.kun.uz/source/6/AtZTT5ECR3qLftjr3twuwFO8d0yQ66cU.jpg
Фото: AP

Kun.uz | Расмий канал

Хорватияда иштирокчилари сони 40 кишидан ошувчи оммавий йиғинлар ўтказилишига рухсат берилди  

Хорватиянинг фуқаролик ҳимояси миллий штаби коронавирус сабабли иштирокчилари сони 40 кишидан ошувчи оммавий йиғинларга тақиқловни бекор қилди. Йиғинларни ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказишга рухсат берилди.

29 май кунидан мамлакатда дафн ва тўй маросимларида иштирок этувчилар сонига чеклов бекор қилинади. Спорт тадбирларини очиқ ҳавода 30 майдан бошлаб, ёпиқ иншоотларда эса 13 июндан бошлаб томошабинларсиз ўтказиш мумкин бўлади.

Хорватияда коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолат 25 февралда қайд этилган. Айни вақтда мамлакатда вирусга 2444 киши чалинган, 101 киши ундан вафот этган, 2047 киши соғайиб кетган. 

27 апрелдан бошлаб мамлакатда карантин чоралари секин-аста енгиллаштириб борилмоқда. Жумладан, жамоат транспорти, кутубхоналар, музейлар, бозорлар ва дўконлар фаолияти тикланган. 4 май кунидан давлат ва хусусий соғлиқни сақлаш тизими фаолияти тўлиқ ҳажмда тикланган, эпидемиологик чораларга риоя қилган ҳолда гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар ишлашига рухсат берилган. 11 май кунидан карантин чораларини енгиллаштиришнинг 3-босқичига ўтилиб, унинг доирасида кафе, ресторанлар, савдо марказлари тўлиқ, мактаблар ва болалар боғчалари қисман ишга тушган, шаҳарлараро автобус қатнови ва авиалоқа тикланган, чегаралар очилган.