Kun.uz | Расмий канал
Бухоро яна коронавирусли ҳудудга айланди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна 14 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилгани тўғрисида хабар берди.
«2020 йил 27 май соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3369 нафарни ташкил этмоқда», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, янги касалланиш ҳолатларининг 7таси Бухоро вилоятида аҳоли орасида (Шофиркон туманидаги битта оила аъзолари) аниқланган. Мазкур ҳолат ушбу вилоятга коронавирус инфекцияси қайтганини кўрсатмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 5 кишида, Тошкент вилоятида 2 кишига (1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, яна 1 нафари аҳоли орасидан аниқланган) вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.
Бухоро вилоятида коронавирус март ойи охирида пайдо бўлган ва жами 442та зарарланиш ҳолати қайд этилганди. 22 май куни ушбу вилоятда аниқланган сўнгги бемор ҳам тузалиб, вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланганди. Ушбу вилоятда 9 майдан буён янги касалланиш ҳолати қайд этилмаётганди.
- Бугун жами 79та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди, 32 киши касалликдан соғайди ва шу вақтгача тузалганлар сони 2668 нафарга етди.
- Ҳозирда республиканинг 8 ҳудудидаги шифохоналарда 687 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 1 нафари ўта оғир аҳволда, 3 нафари эса оғир аҳволда.