Kun.uz | Расмий канал

«Ўзбекистон» ва «Чорсу» меҳмонхоналаридаги давлат улуши сотилгани маълум бўлди

«Ўзбекистон» меҳмонхонасини Сингапур компанияси, «Чорсу» меҳмонхонасини БАА ширкати харид қилди.

Тошкентдаги «Чорсу» ва «Ўзбекистон» меҳмонхоналаридаги давлат улуши сотилган. Президент матбуот хизматининг 27 майдаги хабарида шу ҳақда маълум қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 май куни давлат активлари соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати берган маълумотга кўра, йил бошидан бери 299та давлат активи 348 миллиард сўмга сотилган.

«Янги инвесторлар ушбу объектларга жами 3,3 триллион сўм инвестиция киритиб, 4 700 нафар янги иш ўринлари яратиш мажбуриятини олган», – дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси, «Самарқандкимё» корхонаси, «Ўзбекистон» меҳмонхонасидаги давлат улуши ва Қўнғирот сода заводи ҳам шулар жумласидандир. Бу объектларга 425 миллион доллар инвестиция киритилиб, 800та янги иш ўринлари яратилади.

«Ўзбекистон» меҳмонхонаси Сингапур компанияси қўлига ўтди

https://storage.kun.uz/source/6/hOrtKLndukHk1PLSdkA3fOfQudYIV67-.jpg

Бу ҳақда маълум бўлгач, кўп ўтмай Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзбекистон» меҳмонхонаси сотуви бўйича тафсилотларни очиқлади.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги «Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 661-сон қарорига мувофиқ, «Otel Uzbekistan» МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши оммавий савдоларда сотилиши белгиланган.

Шунга мувофиқ, агентлик «Otel Uzbekistan» МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши дастлаб 33 млн долларга танлов савдолари орқали сотувга чиқарилган эди.

Мазкур давлат улушини сотиш шартлари этиб харид тўловини тўлашдан ташқари:

а) 2 йил муддатда 100 млрд. сўм инвестиция киритиш;
б) давлат улушини сотиб олгандан сўнг 10 йил давомида асосий фаолият турини (меҳмонхона хизматини кўрсатиш) сақлаш;
в) ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаш;
г) меҳмонхонани бошқаришга энг яхши менежерларни жалб қилиш белгиланганди.

Юқорида кўрсатилган нархда (33 млн. доллар) талабгорлардан мурожаат тушмагани сабабли, давлат улушининг бошланғич нархи президентнинг 2014 йил 3 июлдаги «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ–2200-сон қарорига асосан, 10 фоиздан босқичма-босқич 30 фоизгача пасайтирилган ҳолда 23,1 млн. доллар нархида танлов савдоларига чиқарилди.

«Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан салоҳиятли инвесторларни жалб этиш мақсадида меҳмонхона бизнеси ва туризм соҳасида фаолият юритаётган Буюк Британия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур давлатларининг бу соҳадаги таниқли кампаниялари билан музокаралар олиб борилди.

Музокаралар якуни бўйича якуний таклиф берган 6та компанияларнинг таклифлари ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижалари бўйича, «Otel Uzbekistan» МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича «Bashan investment group pte ltd» (Сингапур) компаниясининг – 24 ой мобайнида 23,2 млн доллар тўлаш, 1,5 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиш ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш таклифи Давлат тендер комиссияси томонидан маъқулланди», – дейилади хабарда.

Ушбу қарорга асосан, агентлик ва Сингапур компанияси ўртасида шартнома имзоланган.

«Чорсу» меҳмонхонасини БАА компанияси харид қилди

https://storage.kun.uz/source/6/ZW471cZUA8vEMwuKSAFKg7m0Wfv_kNCf.jpg

Мажмуа шу йил январида қайтадан сотувга қўйилган, инвестицион мажбуриятлар билан бирга бошланғич нархи 1 сўм этиб белгиланган эди.

E-ijro Auksion маълумотига таяниб Spot берган хабарга кўра, меҳмонхона февраль ойида 16,9 млрд сўмга сотилган.

10 соатдан ортиқроқ давом этган аукцион ғолиби – 16,9 млрд сўм таклиф қилган, бош штаб-квартираси Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган «Ittihad International Investment LLC» компанияси бўлган.

Аукцион чоғида «Fajr Mustaqbal General Trading LLC» бундан бироз камроқ сумма – 16,8 млрд сўм таклиф қилган.

Аукцион шартига кўра, сармоядорга 2 йил мобайнида ҳукумат кафолатларисиз камида 25 млн долларга тенг эквивалентда инвестициялар киритиши, 3 юлдузли меҳмонхона хизматини ташкил этиши ҳамда 150та янги иш ўрни яратиш талаблари қўйилганди.

Шунингдек, активнинг янги хўжайини мажмуанинг асосий фаолият йўналиши (меҳмонхона хизматлари)ни 10 йил давомида ўзгартирмаслик мажбуриятини олган. Мажмуанинг бир қисмида (умумий майдонининг 50 фоиздан ошмаган ҳудудда) бизнес-марказ хизматларини кўрсатишга рухсат берилади.

Агар бино бузиладиган бўлса, янгисининг дизайни аввалгиси билан бир хил бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, «Чорсу» меҳмонхона мажмуаси 2018 йил мартида «Inter Tourism» МЧЖ шаклидаги хорижий корхонага 2017 – 2019 йиллар мобайнида ҳукумат кафолатисиз 33 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш орқали 270 ўринга мўлжалланган 4 юлдузли меҳмонхона мажмуасини қуриш ва 350 та янги иш ўрнини яратиш шарти билан сотилган эди.

Бу ерда Эски шаҳар номли туристик марказ қурилиши режалаштирилганди.

Аммо хорижий корхона олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида бажармагани сабабли, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, томонлар ўртасидаги шартнома бекор қилинди. Сўнг мажмуа қайтадан аукционга чиқарилди.