https://storage.kun.uz/source/6/H20E6w1lqFIUMYQYUHRdpNTwXA5u9LsI.jpg

Kun.uz | Расмий канал

Президент хусусийлаштириш лойиҳалари билан танишди. 1400га яқин давлат активи хусусий инвесторларга берилади

Президент Шавкат Мирзиёев 27 май куни туризм ва давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 2 965 та давлат иштирокидаги корхона мавжуд. Уларнинг аксарияти эски усулда, самарасиз ишламоқда. Ушбу корхоналарнинг ярмидан кўпи ҳатто дивиденд тўлаш имконига эга эмас.

2019 йил 14 январда қабул қилинган «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида бу борадаги вазифалар белгиланган эди.

2019 йил 11 декабрь куни президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда ушбу корхоналарни бозор принциплари асосида ислоҳ қилиш, хусусий инвесторларга сотиш бўйича топшириқлар берилганди. Шундан келиб чиқиб, республика бўйича ялпи хатлов ўтказилди.

Йил бошидан бери 299 та давлат активлари 348 миллиард сўмга сотилди. Янги инвесторлар ушбу объектларга жами 3,3 триллион сўм инвестиция киритиб, 4 700 нафар янги иш ўринлари яратиш мажбуриятини олган.

Хусусан, собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси, «Самарқандкимё» корхонаси, «Ўзбекистон» меҳмонхонасидаги давлат улуши, Қўнғирот сода заводи сотилди. Бу объектларга 425 миллион доллар инвестиция киритилиб, 800 та янги иш ўринлари яратилади.

https://storage.kun.uz/source/6/P0dkkulqUNbDVvR-Gqo5IDRUm8RB3kuj.jpg

Тақдимотда давлат активларини хусусийлаштириш, бўш турган объектлар ва ер майдонларини аниқлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишга доир режалар ҳақида маълумот берилди.

Президент соҳадаги ишларни давом эттириб, яна 1 400га яқин давлат активларини хусусий инвесторларга беришни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Вазирлар Маҳкамасига хусусийлаштириш дастурини тасдиқлаш вазифаси қўйилди.

https://storage.kun.uz/source/6/uqpvNPe_NiPSQKAhfaKdpKLKYfA-7Rw3.jpg

Давлат активларини бошқариш агентлигига тармоқ раҳбарлари билан бирга унумсиз ишлаётган 711 та корхонани тугатиш, 262 тасини қайта ташкил этиш, шунингдек, 500дан зиёд бозорларни хусусий секторга бериш бўйича йўналишлар аниқланди.

Давлат ихтиёрида сақлаб қолинадиган корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш бўйича янги тизим жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.