https://storage.kun.uz/source/6/WbCWtuyIdyeesxI-8lWO8881qU243TU-.jpg

Kun.uz | Расмий канал

Байден ниқоб тақишни рад этаётган Трампни «аҳмоқ» деб атади

АҚШ президенти лавозимига номзод Жо Байден АҚШ президенти Дональд Трампни “аҳмоқ” деб атади. Байденнинг фикрича, Трамп коронавирус пандемияси вақтида ниқоб тақишни рад этиб, ўзини “мард” қилиб кўрсатишга уринмоқда ва бу билан ёмон ўрнак кўрсатмоқда.

Аввалроқ Трамп АҚШда 25 май куни нишонланадиган Хотира кунига бағишланган маросимда ниқобсиз пайдо бўлган, Байден эса ниқоб ва ҳимоя кўзойнагида бўлган. Кейинроқ АҚШ президенти Байденнинг ниқобдаги сурати билан твиттерда бўлишган. CNN телекомпанияси бошловчисининг фикрича, Трамп шу йўл билан ниқоб тақишни заифлик белгиси деб кўрсатиб, сиёсий рақибини камситмоқчи бўлган.    

“У [Дональд Трамп] бундай нарсани гапираётгани учун аҳмоқ, ғирт аҳмоқдир”, деб айтган Байден CNN телеканалига берган интервьюсида. Унинг таъкидлашича, барча етакчи мутахассислар “одамлар ичида бўлганда ниқоб тақиш кераклигини” уқтиришаётган бир пайтда, Трамп ниқоб тақмай одамларга ёмон ўрнак кўрсатиб, “сохта мардликни” намойиш қилмоқда, “одамлар эса бунга ҳаётлари билан ҳақ тўлашмоқда”.

Айни вақтда АҚШ коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда 1-ўринда турибди. Мамлакатда вирусга чалинганлар сони 1,7 млндан, ундан вафот этганлар эса 101 мингдан ошди.