https://storage.kun.uz/source/6/aNeiBeYcab_w37Qjb9e8AFYRPASqtqIJ.jpg
Фото: Reuters / Alkis Konstantinidis

Kun.uz | Расмий канал

Грецияда аҳоли коронавирусга қарши силдан ҳимояловчи вакцина билан эмланади

Грецияда 1 июндан аҳоли коронавирусдан силга қарши вакцина - БЦЖ (BCG)  билан эмланиши бошланади.

Ушбу вакцинанинг коронавирусга қарши қўлланишини дори воситалари бўйича миллий агентлик маъқуллаган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди. 

Эмлашни Афина миллий университетининг “Аттикон” шифохонаси ўтказади. Neakriti порталининг таъкидлашича, шундай эмлаш дастурлари ҳозирда Австралия, Германия ва Нидерландияда ҳам ўтказилмоқда.

Таъкидланишича, БЦЖнинг респиратор касалликларга қарши самарали экани охирги 3 йил давомида ўтказилган тадқиқот доирасида исботланган. Олимлар ушбу вакцина билан эмланган одамларда нафас йўллари инфекциялари ривожланиши хавфи 80 фоизга паст бўлишини аниқлашган. 

Мутахассисларнинг фикрича, вакцина коронавирусга чалиниш хавфи гуруҳига кирувчи одамларни ҳимоялаш имконини беради.

“Махсус вакцина бўлмаганда жамоавий иммунитетни силга қарши вакцина каби умумий ҳимояни таъминловчи вакциналар ёрдамида ривожлантириш мумкин”, деб айтган Афина миллий университетининг патология ва инфекциялар бўйича профессори Эвангелос Ямареллос.

Айни вақтда дунёда коронавирусга қарши 100 дан кўпроқ вакцина устида иш олиб борилмоқда. Улардан 10 таси айни вақтда АҚШ, Хитой, Британия ва Германияда клиник синовлардан ўтказилмоқда.