Kun.uz | Расмий канал
Ўрмончилик: ташлаб кетилган илмий тадқиқотлар, ўн йиллаб ёқланмаган диссертациялар ва уйғонаётган соҳа
Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти 2017 йилнинг май ойида собиқ “Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази” негизида ташкил этилганди.
Хўш, ўтган уч йил давомида нималар қилинди? Қандай натижаларга эришилди, қандай лойиҳалар амалга оширилди, қандай муаммолар бор? Тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган мазкур соҳа ҳақида қанчалик тасаввурга эгамиз? Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори, профессор Абдушукур Худойқулович Ҳамзаев билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
– Ҳар бир соҳанинг ривожланишида энг асосий омиллардан бири шубҳасиз, кадрларнинг илмий салоҳиятидир, – дейди Абдушукур Ҳамзаев. – Шунинг баробарида, жамоага ёш олимларни жалб этиш, янгича фикрловчи, ёндашувчи ёшларнинг ўз ўрни бор, албатта. Айтиш мумкинки, биз бу икки тамойилга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Масалан, ўтган 25 йил давомида институтда ёш олимларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишлари учун деярли шароит бўлмаган. Улар эътибордан четда қолганлиги сабабли, кўпчилик ёш докторант тадқиқотчилар ўз илмий ишларини охиригача етказмасдан, ташлаб кетишган. Натижада, ниҳоятда муҳим бўлган ўрмончилик соҳасида бирорта ҳам диссертация ҳимоя қилинмаган.
2017-2018 йилларда ушбу ёшларни илмга қайта жалб қилиш, иш билан таъминлаш ва докторантура бўлимига квоталар сонини ошириш, шунингдек, уларнинг илмий-тадқиқотлари билан шуғулланишида қўшимча шароит яратилди. Шу сабабли 2018 йилда соҳада илк бора бир нафар фан доктори (DSc), 5 нафар фалсафа доктори (PhD), 2019 йилда 4 нафар тадқиқотчиларнинг фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси бўйича диссертация ҳимоя қилинди.
Саккиз нафар илмий ходимлар профессор ва катта илмий ходим унвонига эга бўлишди. Бунинг натижасида илмий даражали ходимлар сони 14 нафарга ошиб, 2017 йилга нисбатан 21 фоизга, илмий салоҳият эса 18 фоиздан 47 фоизга оширилди. Олимларнинг ўртача ёши 2015-2017 йилларда 71 ёшни ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг ёши 54 ёшни ташкил этмоқда.
2020 йилда яна 5 нафар тадқиқотчиларнинг докторлик диссертация ҳимояси режалаштирилди. Беш нафар илмий ходим эса “катта илмий ходим” унвонига даъвогарлик қилмоқда.
2016-2017 йилларда илмий соҳада 3 нафар докторант фаолият кўрсатган бўлса, 2018-2019 йилда жами 18 нафар ёшлар илмий тадқиқотларга жалб этилди. Жумладан, 10 нафар ёш тадқиқотчилар докторантурага, 8 нафар илмий ходимлар эса мустақил тадқиқотчиликка қабул қилинди.
2017-2018 йилларда соҳада илм-фанни янада ривожлантириш ва ўрмон хўжалигининг устувор йўналишларида илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш мақсадида ЎХИТИнинг Андижон филиали, Андижон вилоятида Ўрмон хўжалигини ривожлантириш инновация маркази, Навоий вилоятида чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази ташкил этилди.
– Институтда давлат буюртмаси асосида бажарилаётган илмий лойиҳалар ҳақида тўхталсангиз. Айниқса, Орол денгизи ҳудудида амалга оширилаётган ишлар кўпчилик учун қизиқ.
– 2018-2019 йилларда жами 3,5 млрд сўмлик 14 та илмий лойиҳа амалга оширилди.
Дарвоқе, энг йирик лойиҳалардан бири Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон ва яйловзорлар барпо этиш йўналишида бўлди. Ушбу лойиҳага 1,4 млрд. сўм маблағ сарфланди. Ушбу ҳудуд биз, ўрмончиларнинг эътиборимизда турган энг муҳим объектлардан бири ҳисобланади, албатта.
Шунингдек, самарасиз фойдаланилаётган лалми ерларда ёнғоқ мевали экинларни интенсив етиштириш бўйича 1,5 млрд. сўмлик 4 та лойиҳа, дориворчилик соҳасида 150 млн. сўмлик 1 та лойиҳа, ўрмончиликда техникаларни такомиллаштириш бўйича 145 млн. сўмлик 2 та лойиҳа, манзарали дарахтларни “in-vitro” лабораториясида кўпайтириш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича 70 млн. сўмлик 1 та лойиҳа якунланиш арафасида.
Бундан ташқари, ўрмон дарахт-буталарини япон технологияси асосида инкубатор блокларда янги турдаги доривор ўсимликлар, шу жамладан цистанхе (Cistanchetubulosa) ҳамда ноёб дарахт-бута турлари (гинко билоба, жўка, шумтол, қайрағоч, скумпия, пераканта, қизил баргли заранг, ҳинд сирени, мўғил бодоми ва ҳ.к.) етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш бўйича янги йўналишда тадқиқотлар олиб боряпмиз.
– Тан олиш керак, юқорида ўзингиз ҳам таъкидладингиз, ўрмончилик соҳасида бир неча ўн йиллар давомида орқада қолиб кетдик. Соҳага эътибор қаратилмади. Яъни, бу борада тажрибамиз кам. Шу мақсадда халқаро тажриба ва алоқаларга қанчалик эътибор қаратилмоқда?
– Дарҳақиқат, 2017 йилгача халқаро даражадаги илмий тадқиқот институтлари ва ташкилотлар билан алоқалар деярли ташкил этилмаган. Сўнгги икки йилда “KOIСA”, “TIKA”, “JICA”, “OYO”, “UEFRO”, “NIOFS”, “APAFRI” каби халқаро ташкилотлар, Германия, Мўғилистон, Корея, Япония, Туркия, Испания каби давлатларнинг илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилди. Улар билан ҳамкорликда турли йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб борилди ва илмий-амалий анжуманлар ўтказилди.
Институтимизнинг йигирмадан ортиқ ёш олимлари Америка, Германия, Туркия Жанубий Корея, Хитой, Беларуссия, Грузия каби давлатларнинг нуфузли илмий муассасаларида малака оширишди.
– Домла, соҳада илмий тадқиқотлар натижаси, изланишларни амалиёт билан боғлаш қай даражада йўлга қўйилган?
– Олиб борилган кўп йиллик тадқиқотлар натижасида, хандон писта (Pistachio vera)нинг янги, серҳосил, мамлакатимизнинг лалми шароитига мос 13 та нави яратилиб, ишлаб чиқариш амалиётига жорий этилди.
Ҳозирги кунда ушбу навлар Нурота туманининг самарасиз фойдаланилаётган 4000 гектардан ортиқ лалми ерларида саноат плантацияларини барпо этишда жорий этилмоқда.
Германия, Италия, Греция, Туркия каби давлатлардан теракнинг истиқболли янги 80 га яқин дурагай навлари олиб келиниб, синовдан ўтказилди. Маҳаллий шароитга мос ва энг сараларидан Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятидаги ўрмон хўжаликларимизда оналик плантациялари барпо этилди.
Шунингдек, қуриган Орол денгизининг салбий оқибатларини юмшатиш, ҳимоя ўрмонларини қайта тиклаш ва кўпайтириш эътибор қаратилди. Институтнинг “Ҳимоя ўрмонларини барпо этиш ва ўрмон мелиорацияси” лабораторияси мудири, қишлоқ хўжалик фанлари доктори З.Новицкий раҳбарлигидаги олимлар жамоаси тўплаган тажриба ва ишлаб чиқилган янги технологиялари асосида сўнгги икки йил давомида Орол денгизининг қуриган тубида 1,5 млн. гектардан ортиқ майдонда ихота ўрмонзорлари барпо этилди.
Шу билан бир қаторда, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжаликларида сувсизликка ва чўл иқлимига бардошли бўлган 6 турдаги чўл бута ўсимликларини етиштиришнинг инновацион усуллари ёрдамида кўчатхоналар ташкил этилмоқда.
Қолаверса, ўтган йили селекцион усулларда танлаб олинган доривор шафран ўсимлигининг “Ўзбекистон” ва “Голландия” экошаклларини кўпайтириш ишлари олиб борилди ва ишлаб чиқаришга жорий этилди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда давлат илмий-тадқиқот дастурлари доирасида ўрмон фонди ерларида ва аҳоли хонадонларида табиий ҳолда тарқалган ўрмонлардан грек ёнғоғининг барча белгилари билан устун бўлган янги 36 та шакллари танлаб олинди. Кўчатхоналарни барпо этиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Олиб борилаётган ишларга ўзининг катта ҳиссасини қўшганлиги ва фидокорана меҳнатлари учун икки нафар етакчи олимларимиз, профессор Г.Чернова “Дўстлик” (2018), профессор З.Новицкий “Фидокорона меҳнатлари учун” (2019) орденлари билан тақдирландилар.
– Айтиш лозимки, соҳага ўқитилаётган барча олий таълим муассасаларга сиз меҳнат қилаётган институт жамоасининг илмий изланишлари, қўлланма ва монографиялари етиб бориши икки томонлама ҳам фойдали бўлади, албатта. Шу жиҳатга ҳам тўхталсангиз.
– Ҳақиқатан ҳам институтимиз фаолият кўрсатаётган олимларнинг илмий изланишларини оммалаштириш, тарғиб қилиш ҳар томонлама манфаатли. Биз бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиб келяпмиз.
Масалан, 2017 йилда олимларимиз томонидан илмий журналлар ва халқаро илмий-амалий анжуманларда чоп этилган мақолалар сони жами 69 донани ташкил этганди. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 87 донани (16 фоизга ошган), 2019 йилда 135 донани (95 фоизга ошган) ташкил этди. Демак, ҳар бир илмий ходимга йилига 4 та илмий мақола тўғри келмоқда. Бешта монография ва олтита илмий тавсиялар тайёрланди. Учта янги ихтирога патент гувоҳномаси олинди.
Республиканинг лалми тоғ ва тоғолди ерларида пистачиликни ривожлантириш учун яратилган пистанинг янги истиқболли бўлган 13 та нави синовдан ўтқазилиб, янги яратилган навларга патент гувоҳномаси олиш учун давлат нав синаш комиссияси ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлигига тақдим этилди.
Шу ўринда яна бир гап. Сўнгги икки йил давомида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 200 дан ортиқ бакалавр ва 30 нафар магистр талабаларнинг ўқув-амалиётлари ЎХИТИ базасида ўталди.
Ўрмон хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган жами 1300 нафар ходимларнинг малака ошириши ташкил этилди.
– Абдушукур Худойқулович, ўзингиз ҳам ёш олим ҳисобланасиз, янгича қараш билан ишлашга интиласиз. Ўрмончилик – бу ҳаёт, табиат мувозанатни ушлаб туришда муҳим соҳа. Соҳада қандай камчиликларни кўрасиз, тизим риқожи учун яна нималар қилиш лозим, деб ҳисоблайсиз?
– Содда қилиб айтганда, оддий деҳқон ҳам қўлида муҳим иш қуроли бўлмаса, ҳеч нарса қилолмайди. Ишлаш, янгилик қилиш учун зарур шароит бўлмаса, ҳеч нарса қилолмайсиз. Назариялар шунчаки, пишмасдан, хаёлда қолиб кетаверади, олимда илмий иштиёқ, кайфият бўлмайди. Демоқчиманки, институт моддий-техника базасини яхшилаш ва лаборатория хоналарини замонавий асбоб-ускуналар ҳамда инвентарлар билан жиҳозлашга йиллар давомида етарлича эътибор қаратилмаган. 25 йил давомида бирорта ҳам лаборатория ускуналари харид қилинмаган экан. Бу бизнинг энг катта хатоимиз бўлган.
Охирги уч йил давомида еттита янги лаборатория ташкил этилди, учта лабораториямиз замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
Ўтган йили ўрмон хўжалиги соҳасида жуда қимматли илмий манбаларга эга бўлган мамлакатимизда ягона илмий кутубхона ташкил этилди.
2020 йилда институт биносини 2,3 млрд.пул маблағлари ҳисобидан капитал таъмирлаш ва 210 минг АҚШ доллари ҳисобидан янги лаборатория ускуналарини харид қилиниши давлат дастурга киритилди.
Демак, илмий изланишлар қилиш, соҳани ривожлантириш учун анча дадил қадамлар ташланди, албатта.
Шу ўринда айтишни истардим, ҳозирча соҳага жалб этилаётган ёш олимларимизнинг яшаш шароитларини яхшилашга эриша олмадик. Лабораторияларимизни тўлиқ жиҳозлашимиз лозим, кўплаб ишланмаларимизни амалиётга жорий этишнинг имконияти бўлмай турибди.
Энг муҳими, жамоамизда соҳанинг истиқболига ишонч, ўз ишидан манфаатдорлик ҳисси шаклланиб бўлди. Тўғри айтдингиз, ўрмон – бу ҳаёт. У табиат мувозанатини тиклайди. Соҳага, табиатга нафақат олимларнинг эътибори, балки жамоатчилик, энг чекка қишлоқда яшаётган фуқародан тортиб, катта мегаполисларда истиқомат қилаётган инсонларнинг ҳам муносабати муҳим, деб ҳисоблайман.
Kun.uz мухбири Исомиддин Пўлатов суҳбатлашди