Kun.uz | Расмий канал
Трамп: АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак
Reuters агентлигининг хабар беришича, коронавирус пандемияси боис АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетишни тезлаштирган.
Қўшма Штатлар Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак, аммо шу билан бирга, у ердаги воқеаларни кузатиб бориши ва зарурият туғилганидан "қақшатқич зарба" беришга тайёр туриши лозим. АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter саҳифасида ана шундай фикр билдирди.
"Биз Афғонистонда қуролли кучлар эмас, аллақандай полициядек турибмиз. 19 йил ўтди, улар мамлакатдаги тартибни ўзлари сақлаш вақти келди. Аскарларимизни уйга қайтариш керак, аммо у ерда нима бўлаётганини диққат билан кузатиш ва зарур бўлганида мисли кўрилмаган қақшатқич зарба бериш лозим", - деб ёзди АҚШ раҳбари.
Reuters агентлигининг хабар беришича, коронавирус пандемияси боис АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетишни тезлаштирган. Агентликнинг маълумотига кўра, июнь бошларига келиб бу ердаги ҳарбий хизматчилар сони 8,6 минггача қисқаради.
29 февраль куни Доҳада АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик келишуви имзоланган эди. Битимга кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари 14 ой ичида Афғонистондан ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши керак.