https://storage.kun.uz/source/6/17M9DqYggBa0csvWUSpejr2MMvx3F2Km.jpg
Фото: Getty Images

Kun.uz | Расмий канал

Твиттер Трампнинг постини ёлғон деб белгилади. У нима ҳақида ёзганди?

АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқда энг фаол давлат раҳбари бўлса керак. Ахир яна қайси президентда иккита «тасдиқланган» (verified белгисини олган) аккаунт бор? Унинг иккита аккаунтини умумий 110 миллион одам кузатиб боради. Твиттер илк марта Трампнинг постини ёлғон деб белгилади. У нима ҳақда ёзганди?

Трамп сайловларда почта орқали овоз бериш жараёнини кескин қоралаб келади. У твиттерда ҳам шу ҳақда ёзди: «Бюллетенлар почта орқали тарқатилиши фирибгарликка йўл очади. БОШҚАЧА БЎЛИШИ МУМКИН ЭМАС! Почта қутилари талон-торож қилинади ва сайлов бюллетенлари қалбакилаштирилади.

Калифорния губернатори миллионлаб бюллетенларни ўнг келган одамга тарқатмоқда. Буларнинг ортида овоз беришдан олдин кимни сайлаётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдиган миллионлаб одамларга ақл ўргатадиган профессионаллар туради. Бу сохта сайлов бўлади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас».

Твиттер Трампнинг бу постини ишончли эмас деб қайд этди ва унинг остига махсус белги қўйди. Бу белгига махсус баёнотнинг ҳаволаси илова қилинганди. Унда қатор ОАВларга асосланиб Трампнинг бюллетенларни сохталаштириш ҳақида гаплари ёлғонлиги келтирилган. Бу ОАВларнинг аксарини Трамп доимий тарзда «фейк» деб атаб келади. Масалан CNN`ни.

Trump makes unsubstantiated claim that mail-in ballots will lead to...

Трампнинг сайлов кампанияси менежери Брэд Парксейл (ҳа, Трамп сўровларга кўра Байдендан ортда қолаётганини билгач, судга беришини айтган ўша Парксейл) твиттернинг бу ишига твиттердаги аккаунти орқали муносабат билдирди: «Ёлғончи ОАВдаги «фактчекерлар» билан ишлаши твиттернинг сохта обрў орттириш учун қиладиган тактикаси. Бу худди тутунли пардага ўхшайди. Биз бир неча ой олдин твиттердаги барча рекламамизни олдириб ташлаганмиз. Бунинг сабабларидан бири твиттернинг  тарафкашлиги».

Кейинчалик Трампнинг ўзи ҳам бу ҳақда фирк билдириб, твиттерни президентлик сайловларига аралашаётганликда айблади: «Твиттер энди 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашмоқда. Улар ёлғон маълумот тарқатадиган CNN ва Amazon Washington Post`га асосланиб оммавий коррупция ва фирибгарликка йўл очадиган сайлов бюллетенларини почта орқали юбориш ҳақидаги гапимни ёлғонга чиқаришди. Твиттер бу билан сўз эркинлигини бўғмоқда ва мен президент сифатида бунга йўл қўймайман», деб ёзди Трамп твиттердаги микроблогида.

Трамп айтган Amazon Washington Post қанақа газета экан деб қидириб юрманг. Washington Post газетаси Amazon асосчиси Жефф Безосга тегишли нашр ва Трамп шу тариқа дунёнинг энг бой одамини тролл қилди.

АҚШда президентлик сайловларида почта ёки бошқа масофавий усуллар ҳақида коронавирус пандемияси вақтида айниқса кўп гапирилмоқда. Трамп эса буни кескин қоралаб келади. Трамп 30 март куни «Fox & Friends» номли ўзининг севимли тонгги дастурида чиқиб почта орқали овоз бериш ҳақида шундай деди: «Агар бу содир бўлса, мамлакатда ортиқ ҳеч қачон республикачини сайлашмайди».

АҚШда почта орқали овоз бериш янгилик эмас. Овоз беришни қандай ташкил этиш штатларнинг ўз ваколатига киради. Колорадо, Ҳавайи, Орегон, Вашингтон ва Юта штатларида почта орқали овоз бериш амалга оширилади. Уларнинг учтасида чиндан демократларнинг устунлиги кузатилиб келган, аммо Ютада одатда республикачилар ғолиб бўлишади. Колорадо эса сайлов натижалари доим ўзгарувчан бўладиган ҳудуд. Масалан, Трамп 2016 йил у ерда Клинтонга ютқазган.

Мутахассислар сайлов бюллетенларини сохталаштириш жуда кам кузатиладиган воқеа эканини айтишади.

Май ойи бошида твиттер сохта маълумотлардан огоҳ қилиш бўйича янгича сиёсат юритишни бошлади. Твиттер Трампнинг почта орқали овоз бериш ҳақидаги твитларини ёлғон деб белгилашдан аввал унинг бошқа твитларини ўчиришни рад этганди. Унда Трамп MSNBC бошловчиси Жо Скарборони 2001 йил Лори Клозутисга уюштирилган қотилликда айблаганди. Клозутиснинг эри твиттердан бу постни ўчиришни сўраган, аммо компания унга озор беришгани учун кечирим сўраб постларни ўчиришни рад этганди.