Kun.uz | Расмий канал
Коронавирус офислар даврига нуқта қўйдими? Уйдан ишлаганда нималарни йўқотамиз ва нималарга эришамиз?
Коронавирус пандемиясига қадар миллионлаб кишилар ҳаётининг учдан бир қисмини офисларда ўтказарди. Аммо карантин сабабли Британиядаги ходимларнинг деярли ярми уйдан ишлай бошлади. Айрим компаниялар эса коронавирусдан кейин ҳам келажагимиз шундай давом этишини кўрсатмоқда.
"Етти минг кишини битта бино ичига жойлаштириш ғояси ўтмишда қолиб кетиши мумкин", дейди Barclays банки бош директори. Morgan Stanley бошлиғи унинг банки ортиқча кўчмас мулкдан халос бўлишга тайёрлигини маълум қилди. Британиялик бизнесмен Мартин Сорелл эса қиммат офисларга сарфлаётган 35 миллион фунт стерлингни ишчиларга сарфлаган маъқуллигини айтмоқда.
Офисда кун ўтказишлар якунига етмоқда, дейди "Меҳнат қувончи" (The Joy of Work) китоби муаллифи Брюс Дейсли. "Афсуски, бизда бу борада самимий ҳис-туйғулар пайдо бўлиши мумкин, аммо менимча, бугунги офис тушунчаси ўтмишда қолади", деди Дейсли BBC Radio 4га берган интервьюсида.
"Шу кунларда етакчи ОАВ ходимларидан бири билан гаплашдим, - дейди эксперт. – Унинг сўзларига кўра, илгари идорага ҳар куни 1400 киши ишлагани келарди. Сўнгги икки ой ичида бу рақам 30 кишига тушиб кетди, аммо бу натижага таъсир қилмади".
Катта офислар ўтмишда қолиши мумкин
Бироқ, Жон Касс номидаги Лондон бизнес мактаби профессори Андре Спайcер офислар билан хайрлашиш ҳали эрта деб ҳисоблайди.
У офисларда иш вақтининг кескин қисқаришини башорат қилмоқда, аммо офисдаги меҳнат йўқолиб кетмаслигига ишонади. Унинг фикрига кўра, масофадан ишлайдиган ходимлар камроқ кўтарилади - улар кўп ҳам сезилмайди. Ва яқинлашиб келаётган таназзулни ҳисобга олган ҳолда, кўпчилик раҳбарият кўз олдида бўлишни хоҳлайди.
"Иқтисодий инқироз пайтида одамлар айниқса ўйлашга мойил: иш жойида бўлиш керак, хўжайин мени доим кўриб туриши керак", дейди Спайcер. Унинг қўшимча қилишича, топ-менежерлар доимий равишда офисда ишлайди, оддий ходимлар эса раҳбарият билан кўришиш учун ҳафтада бир ёки икки марта пайдо бўлади.
Twitter аллақачон шунга ўхшаш модел билан тажриба ўтказмоқда - корпорация барча ишчиларга муддатсиз равишда масофадан ишлашга рухсат берди, аммо офисларни очиқ қолдирди.
Уйда ишлаш янгилик эмас. Сўнгги ўн йилликларда тобора кўпроқ компаниялар ишчиларни масофадан ишлашга ўтказиш ёки офислар ўрнига арзонроқ жойларни ижарага олиш орқали маблағларини тежамоқда. "Менимча, тежамкорлик - муҳим рағбат, - дейди профессор Спайcер. - Кўплаб компаниялар ижарага кўп пул сарфлаяпмиз, кўпроқ уйдан ишлайлик деган қарорга келади. Бу аллақачон бошланди".
Бу бизга қандай таъсир кўрсатади?
Кўпчилигимиз масофадан ишлашнинг афзалликлари ва камчиликларини кўрдик. Яхши томони: йўлга вақт сарфланмайди. Ёмон томони: ҳамкасблар билан мулоқотнинг камлиги. Аммо баъзи ўзгаришлар онгимизнинг туб-тубига таъсир қилади.
"Менимча, биз жуда кўп нарсани йўқотмоқдамиз ва бунинг учун йиғлаш керак, - дейди офислардаги одамлар ҳақидаги бир нечта ҳужжатли ва бадиий китоблар муаллифи Люси Келлоуэй. - Асосийси, офисда ишимизнинг аҳамиятини ҳис қиламиз. Ишнинг кўп қисмини ноутбук билан юзма-юз ўтказиш эса, очиғини айтаман, маъносиз кўриниши мумкин".
Фаолиятингиз мазмунли эканлигига ишонч ҳосил қилишингизнинг энг осон йўли – сиз билан бир хил иш бажараётганлар қуршовида бўлиш, дея қўшимча қилади Келлоуэй. Офис бизни маълум бир тартибга ўргатади ва ҳаётимизни бойитади.
"У ерга борганингизда, бошқа одамга айланасиз, - дейди у. – Кимга қанақа, аммо шахсан мен эрталабдан кечгача уйда ўтиришдан зерикаман. Кийиниб, офисга боришни, дўстларимга айланган инсонларни кўришни ва чин дилдан суҳбат қуришни истайман".
Аммо профессор Спайсер тадқиқот натижаларини келтиради, унга кўра одамлар масофадан янада самарали ишлайди ва ўз ҳаётларидан кўпроқ мамнун бўлишади –биринчи навбатда улар катта шаҳарлар аҳолисининг энг катта муаммоси - уйдан ишга қатнашдан озод бўлишди.
Бошқа тарафдан, баъзи респондентлар уйда ўзларини "сургун"дагидек ҳис қилишларини ва раҳбарият билан шахсий мулоқотлар етишмаётганлигини айтган.
"Баъзилар учун раҳбарнинг нигоҳларига тушиш ҳаётдаги энг муҳим нарса ҳисобланади. Агар улар ўрнига бошқа биров шундай қилса, хавотирга тушишади. Ходимлар ва раҳбарлар учун масофадан ишлашнинг камчилиги мана шунда", деб таъкидлайди профессор.
Уйдан ишлашнинг ноқулай томонларини санаркан, у кенг ва тор уйларда яшовчилар ҳамда эркаклар ва аёллар ўртасида имкониятлар тенгсизлиги келиб чиқишини қайд этди.
"Мен ишлаётган академик соҳада журналларда муаллифи аёллар бўлган мақолалар сони кескин камайиб кетди," дейди у. - Бунинг сабаби шуки, аёллар уйда бўлган пайтида кўпроқ эътиборини болалар ва уй ишларига қаратади".
Ёш ходимлар тажрибали катталардан сабоқ ололмайдилар, кўплаб яхши ғоялар туғиладиган норасмий суҳбатлар ўтмишда қолади, дея афсусланади "Бахтли меҳнат" асари муаллифи Брюс Дейсли.
"Компаниялар офислар билан бирга уларнинг ишларини ижодий ва самарали қилган кўплаб нарсалардан маҳрум бўлади" дейди у.
Ҳозирда Британиядаги офис ходимларининг аксарияти уйдан ишлашга мажбур. Ҳукумат ишга қайтилганидан кейин бир вақтнинг ўзида бир неча кишининг битта хонада бўлмаслигини, офиснинг маълум жойларида бир томонлама ҳаракатланишни ташкил этишни, ошхонада биргаликда овқатланиш ўрнига уйдан овақт олиб келишни ва икки метрлик масофани сақлашни таъминлашни тавсия қилмоқда.