https://storage.kun.uz/source/6/pO6EdijRClL5uUEqBdzVFBOjEuwhqtY-.jpeg
Фото: Fotolia

Kun.uz | Расмий канал

“Суюнчи пули”ни бола туғилган кундан бошлаб 6 ой ичида олиш мумкин – ДХА

Давлат хизматлари агентлиги бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш тартибига ойдинлик киритди. Қайд этилишича, “суюнчи пули”ни бола туғилган кундан бошлаб 6 ой ичида олиш мумкин.

“Бугун Давлат хизматлари агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари, шунингдек, 1148 қисқа рақамли “ишонч телефони” орқали бир марталик нафақа пули беришни сўраб қилинаётган мурожаатлар сони ортди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра ариза берувчи бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида “суюнчи пули”ни тайинлаши учун Давлат хизматлари марказига (ДХМ) борган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат қилади.

Тегишли сўровнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига юборилади. Пенсия жамғармаси ўз навбатида нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Нафақа тайинланган тақдирда, нафақани қачон ва қаердан олиш тўғрисида маълумот, нафақа тайинлаш рад этилганда рад этиш сабаблари кўрсатилган маълумот тегишли давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига электрон тарзда юборилади. Мазкур давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.”, дея ДХА ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майдаги қарори билан, шунингдек, дафн маросими учун нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш, Пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш, пенсия ва нафақа миқдори тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ маъмурий регламентлар тасдиқланган.