Kun.uz | Расмий канал
Ниқоб туфайли тошмалар юзага келганда нима қилиш керак?
Намлантириш ва гигиенага тўғри риоя қилиш ёрдамга келади.
Ўзбекистонда 23 мартдан бошлаб тиббий ниқобсиз ҳаракатланиш тақиқланди. 25 март куни соат 6:00дан бошлаб жамоат жойларида ушбу тартибни бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса — БҲМнинг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилиши белгиланди. Чеклов мана икки ойки амалда қолмоқда.
Ниқобларга мослашиш керак ва эҳтимол бу узоқ давом этади. Респиратор ҳимоя воситаларидан фойдаланиш «янги одатийликнинг» бир қисмига айланиши аллақачон тахмин қилинмоқда.
Албатта, ҳамма ҳам бундан мамнун эмас. Кўпчилик терининг ниқоб остида қичишиши, тирналиш ҳисси ва тошмалар пайдо бўлишидан шикоят қилмоқда.
Ниқобнинг терига таъсири қандай?
Агар уни бир ёки икки соат давомида тақилса – деярли ҳеч қандай. Аммо узоқроқ ҳимояланишга тўғри келса, ножўя таъсирлар кузатилиши мумкин. Британиянинг Ҳаддерсфилд университети тадқиқотчилари уларнинг рўйхатини тузишди.
Механик тирнаш хусусияти
Ниқоб юзга маҳкам ўрнашиши керак. Бу терини сиқишини англатади. Агар ҳимоя ниқоби бир неча соат кийилса, қон айланиши бузилади. Тери озуқа етишмаслигидан азият чекади, териси кўча бошлайди.
Яна бир томони – ниқоб юзни шилади, қадоқ қилиб қўяди. Шу сабабли, ёғ безлари иши фаоллашади. Эпидермис ёғга тўлади, нафас олувчи тешиклари ортиқча тери ёғи билан тўлиб қолади, бу эса акнелар пайдо бўлишига олиб келади.
Терлаш
Ниқоб остида юз тез-тез терлайди. Юқори намлик микробларнинг кўпайиши учун мукаммал шароитни ҳосил қилади. Улар доимий ишқаланиш туфайли терида пайдо бўладиган энг кичик ёриқларга осонгина кириб боради. Шу орқали яллиғланиш пайдо бўлади.
Аллергик реакциялар
Бир марталик дорихона ниқоблари гипоаллерген материаллардан тайёрланган. Синтетик матодан тайёрланган ниқобнинг аллергик реакция (контакт дерматит) келтириб чиқариши тайин.
Тери кўчиши, тирналиш ҳисси, қичишиш ниқобни эфир мойига намлаб олинганда ҳам юзага келиши мумкин. Ёки ниқобни терингизга мос бўлмаган восита орқали ювганингизда шу каби муаммога дуч келасиз.
- Кимдир том маънода ниқобни оқартирувчи моддага шимдириб, қуритиб ва шу орқали уни Covid-19’дан тўлиқ ҳимояладим деб ўйлаб юзига тақмоқда. Аммо ундай эмас: энди қичишиш кузатилади ва кун давомида оқартирувчи модда билан нафас оласиз.
Ниқоб остида тошма пайдо бўлмаслиги учун нима қилиш керак?
Юзингизни яхшилаб ювинг
Айниқса, ниқоб кийишни режалаштиришдан олдин. Тери қанчалик тоза бўлса, унда яллиғланишни келтириб чиқарувчи микроблар пайдо бўлиши хавфи шунча камаяди.
Кун охирида ниқобни ечганингиздан сўнг тер ва тўпланган кирни йўқотиш учун юзингизни яна ювишингиз керак. Энг юмшоқ гипоаллерген совун, кўпик ёки гелдан фойдаланинг.
Ювинишдан кейин намлантирувчи воситадан фойдаланинг
Енгил намлантирувчи ёки гел терини зичроқ ва қаттиқроқ қилади, тери кўчишини камайтиришга ёрдам беради.
Ниқобни тақишдан аввал юзингизга ҳимоя креми суринг
Терини парваришлаш бўйича британиялик мутахассислар маслаҳатларига кўра, кундаги биринчи ниқобни кийишдан ярим соат аввал ҳимоя кремини суриб олиш керак. Ниқобни янгилашда қайта крем суриш шарт эмас.
Юзага келган яллиғланишни SOS-воситалар орқали даволанг
Акнени даволаш воситалари ҳар қандай дорихонада мавжуд. Бундан ташқари, тошмани спиртсиз антисептик билан артиш мумкин, масалан хлоргексидин билан. Бу терининг инфекцияни тезроқ енгишига имкон беради.
Агар ниқоб терини ишқалаган бўлса, шикастланган жойга янгиловчи кремни қўлланг. У ҳам дорихоналарда мавжуд.
SOS-воситасини ишлатишдан олдин яхшилаб ювининг ва юзингизни юмшоқ сочиқ билан артинг. Юзага намлантирувчи крем суриш мумкин.
Ниқобни мунтазам равишда ўзгартиринг
Идеал ҳолда, у нафас олиш туфайли намланиб қолиши билан (одатда бу 2-3 соатда кузатилади): шунда микроблар кўпайишга улгурмайди.
Кун давомида ниқобни алмаштириш учун ўзингиз билан бир нечтасини олиб боринг.
Агар бир неча марталик ниқобни маъқул кўрсангиз, тўғри мато танланг
Терига зарар бермаслик учун материал қуйидагича бўлиши керак:
- Ҳаво ўтказувчи. Шунда юз камроқ терлайди.
- Юмшоқ. Бу механик шикастланиш хавфини камайтиради.
Пахта ипли мато, нозик пахта ёки микрофибра мос келади.
Бир неча марталик ниқобни ҳар фойдаланишдан сўнг ювинг
Қайноқ сувда, гипоаллерген воситадан фойдаланган ҳолда ювинг. Қуригандан сўнг дазмоллаш ихтиёрий.
Ниқобга антисептиклар, эфир мойлари ва бошқа воситалар билан қўшимча ишлов беришнинг ҳожати йўқ: бу фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин.