Kun.uz | Расмий канал

«Ипотека банк»нинг коронавирусга чалинган ходими борган жойлар маълум қилинди

«Ипотека банк»нинг коронавирус юқтириб олган ходими «Буюк ипак йўли» кўчасидаги «Салом» чойхонаси тўғрисида жойлашган «Корзинка» супермаркетида ва «Экобозор»да кунора бозорлик қилган.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева АОКАда ўтказилган онлайн брифингда Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ сўнгги янгиликлар ҳақида маълумот берди.

У республика «Ипотека банк» бош бошқармасининг 24 май куни коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган ходимининг эпидемиологик маршрутига оид маълумотларни очиқлаган.

«Айни пайтда коронавирус юқтирган «Ипотека банк» ходимининг вирусни қаердан юқтиргани, кимлар билан мулоқотда бўлганини аниқлаш учун суриштирувлар ўтказилмоқда.

Мазкур беморга оид маълумотларни аниқлаш жараёнида унинг «Буюк ипак йўли» кўчасидаги «Салом» чойхонаси тўғрисида жойлашган «Корзинка» супермаркетида ва «Экобозор»да кунора бозорлик қилгани маълум бўлди», дея қайд этди штаб аъзоси.

Бозорларга фақат эҳтиёж бўлганда эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда бориш мақсадга мувофиқлиги қайд этиб ўтилди.