Kun.uz | Расмий канал
Пентагон Москвани Ливияга қирувчи самолёт киритишда айблади. Россияда буни «алаҳсираш» деб аташди
Африкадаги АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Africom Россияни Ливияга қирувчи самолёт киритганликда айблади. Бу борадаги баёнот қўмондонликнинг твиттердаги саҳифасида эълон қилинган. Унда айтилишича, самолётлар Ливияга Сурия орқали юборилган ва гўёки Россия самолётлари эканини яшириш мақсадида туси ўзгартириб бўялган.
АҚШ ҳарбийларининг фикрича, бу самолётлар машҳур «Вагнер» ҳарбий гуруҳини қўллаб-қувватлаш учун юборилган. Америкаликлар бу гуруҳ Триполидаги қонуний ҳукуматга қарши жанг қилаётган генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси томонида туриб жанг қилаётганига ишонади. Россия томони эса табиийки буни рад этмоқда.
«Россия узоқ вақт Ливиядаги жангларда қатнашаётганини рад этиб келади. Энди бунга шубҳа йўқ. Биз Россия Ливияга тўртинчи авлод қирувчиларини юборганини кўрдик, уларнинг ҳар бир қадамини кузатиб турдик. На Ливия миллий армияси ва на қандайдир хусусий ҳарбий компаниялар бундай самолётларга давлатнинг ёрдамисиз эга бўла олади. Улар Россия томонидан юборилган», деб АҚШнинг Африкадаги ҳарбий кучлари қўмондони Стивен Таунсенднинг сўзлари келтирилган баёнотда. Твиттердаги постда Россия Ливияга юборгани айтилаётган қирувчи самолётларнинг суратлари ҳам эълон қилинган.
Россиянинг муносабати
Россия давлат Думасида АҚШ ҳарбийларининг баёнотларига муносабат билдирилди. «Интерфакс» билан суҳбатда Думанинг мудофаа қўмитаси раисининг ўринбосари Андрей Красов америкаликларнинг гаплари ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган.
«Бу америкаликларнинг навбатдаги алаҳсираши. Табиийки бу ёлғон ва америкаликларнинг доимий уйдирмаларидан бири. Россиянинг позицияси маълум: биз қон тўкилишига қаршимиз. Барча томонларни қурол ишлатишдан қайтариб музокаралар столига ўтиришга чақирамиз», деган Красов. Россия мудофаа вазирлиги Africom баёнотига расмий муносабат билдиргани йўқ.
«Вагнер» Ливияда
Россия Ливиядаги жангларда иштирок этаётганини, шунингдек, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси зобитларини ёллаб Ливияга юбораётганини ҳам рад этиб келади. Май ойи бошида россиялик «Вагнер» ёлланма зобитлари Ливияда жанг қилаётгани БМТ томонидан тасдиқланди.
Кўплаб нашрларда БМТнинг Ливияга санкциялари кўрсатилган 57 саҳифадан иборат ҳужжат эълон қилинди. Унда хусусан Ҳафтар армияси сафида 1 200 нафар россиялик ёлланма аскар жанг қилаётгани айтилган. ОАВга «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари Ливияда жанг қилаётгани ҳақида анчадан бери ёзилади. Хусусан, «Вагнер» жангчилари 2018 йил ВВС`га Ливиядаги ҳаракатлари ҳақида гапириб беришган, аммо унда ҳали БМТ бу фактни расман тан олмаганди.
БМТ расман Ливия ҳукумати деб тан олган мамлакат миллий келишув ҳукумати 18 май куни Ҳафтар армиясида МиГ-23 қирувчи самолёти борлигини исботловчи суратларни эълон қилганди. МиГ-23 аллақачон Россия ҳарбийлари томонидан фойдаланишдан чиқарилган. Миллий келишув ҳукумати душанба куни Ливия жанг майдонларини 1 500 нафар россиялик ёлланма жангчилар тарк этганини маълум қилди. Уларнинг қаерга кетгани эса маълум эмас.