Kun.uz | Расмий канал

Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази Маданият вазирлиги тизимига ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинди.

Президент қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида:

“Ахборот ва компьютер технологиялари маркази” давлат муассасаси “Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот-мультимедиа маркази” давлат муассасаси этиб қайта номланади;

Маданият ва санъат кўргазмаси ҳамда Ёшлар маданият ва санъат маркази тугатилсин, уларнинг бюджетдан молиялаштириладиган штат бирликлари, балансида бўлган бинолар ҳамда бошқа моддий-техника воситалари Маданият вазирлигига ўтказилади;

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг барча ҳудудий бошқармалари тузилмасида тегишлича юридик шахс мақомига эга бўлмаган Бадиий экспертиза бошқармаси ҳамда бадиий экспертиза бўлимлари ташкил этилади;

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертиза бошқармаси, унинг ҳудудий бўлимлари тугатилсин, уларнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда мол-мулклари молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда тегишлича Департамент ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига, пул маблағлари эса – Департаментнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасига ўтказилади;

Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Маданий мерос тиклаш-таъмирлаш” давлат унитар корхонаси ҳамда Департамент ҳузуридаги “Мерос чашмаси” давлат унитар корхонаси тугатилсин, уларга хўжалик юритиш, оператив бошқарув ва доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган бинолар ҳамда бошқа моддий-техника воситалари белгиланган тартибда Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига ўтказилади;

Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизматининг номи Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси этиб қайта номланади;

“Гулистон”, “Театр” ва “Мозийдан садо” журналлари таҳририятлари ягона таҳририятга бирлаштирилади.

Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш, геодезия ва картография фаолияти, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият турларини тегишли лицензияларни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази мавжуд штат бирликлари ва моддий-техника базаси билан тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Маданият вазирлиги тизимига ўтказилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилгунига қадар Маданият вазирлиги, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимлари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ушбу харажатлар учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари жорий этилади:

кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмларда ҳар ойда қўшимча пул тўлаш: 2 йилдан 5 йилгача – 0,1; 5 йилдан 10 йилгача – 0,2; 10 йилдан 15 йилгача – 0,3; 15 йилдан ортиқ – 0,4;

ходимлар фаолиятининг натижадорлигига кўра иш берувчининг алоҳида буйруғи билан ўрнатиладиган, лавозим маошидан (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) 100 фоизгача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устама;

ҳар ойлик озиқ-овқат учун харажатларни қоплаш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида тўловлар;

ҳар ойлик йўлкира учун харажатларни қоплаш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўловлар, хизмат автотранспорти бириктирилган ходимлардан ташқари.