Kun.uz | Расмий канал
Санъаткорларнинг интеллектуал ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги тизими жорий этилади
Ўзбекистон президенти маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжат билан 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури ҳамда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилмоқда. Палата мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилот ҳисобланади. Палата фаолиятини дастлабки босқичларда қўллаб-қувватлаш учун унга Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўм ажратилади.
Палата ўз фаолиятини қуйидаги тартибда амалга оширади:
ҳуқуқ эгалари ёки уларнинг меросхўри томонидан берилган ваколат асосида мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқаради;
фойдаланувчилар (кафелар, сайтлар, радио, телевидение ва ҳ.к.) билан асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш учун шартномалар тузади;
республика ва хорижий давлатларда ушбу фаолиятни амалга
оширувчи бошқа ташкилотлар билан ҳам ўзаро ҳамкорлик қилади;
фойдаланувчилардан йиғилган ҳақни ҳуқуқ эгаларига тақсимлайди (ўз харажатларини чегириб қолган ҳолда), ҳуқуқ эгаларига уларнинг ҳуқуқларидан фойдаланилганлиги тўғрисидаги ҳисобот беради.
Палата ва унга ўхшаш ташкилотлар муаллифлик ҳуқуқларини, асосан, суд орқали ҳимоя қилади. Шу сабабли, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида, мазкур турдаги даъволар учун давлат божидан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Санъаткорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар тегишлилигига кўра фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича судлар ҳамда иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади. Ушбу турдаги ишлар сони нисбатан камлиги ва ўзаро тажриба алмашиш зарурлиги сабабли, Олий суд томонидан мунтазам равишда суд амалиётини умумлаштириб бориш таклиф этилмоқда.