Kun.uz | Расмий канал
Коронавирус АҚШ президентлик сайловларига қандай таъсир кўрсатади?
АҚШ 3 ноябрь куни ўтказиладиган президентлик сайловларига Covid-19 эпидемияси таҳликаси остида тайёргарлик кўраётган айни пайтда президент Дональд Трампнинг сиёсий келажаги қатор омилларга, хусусан, иқтисодий тикланишлар натижасига чамбарчас боғлиқдир.
Байден ғалабани илиб кетиши мумкин, агар...
59-президентлик сайловлари тобора яқинлашмоқда. Аммо эпидемия ёз ойлари, айниқса, сайловлар пайтида мамлакатга қандай таъсир ўтказади, деган савол кун тартибидан тушмаяпти.
Трамп ва Демократлар партияси номзоди Жо Байден ўртасидаги рақобат давом этмоқда, бироқ барчани ташвишлантираётган асосий муаммо – Америка иқтисодиётининг келгуси тақдиридир.
Мамлакат миқёсида ўтказилган сўровномаларда олдинга чиқиб олган Байден, «тебранувчи» штатларда ҳам Трамп билан яккама-якка курашадигандай кўриняпти. Оммавий ахборот воситаларидаги материалларни кўздан кечирадиган бўлсак, Covid-19 эпидемияси иқтисодиётга – Трамнинг «шахмат тахтаси»даги энг асосий фигурага зарба бергани ойдинлашади.
Трамп маъмуриятининг эпидемияга қарши чора кўришда кечиккан-кечикмагани, вируснинг Хитойдаги лабораториядан чиққан-чиқмагани хусусида жиддий баҳсга киришган республикачилар ва демократлар, айтиш мумкинки, сўнгги йиллардаги энг муҳим президентлик сайловларини кун санаб кутишмоқда.
Мана шундай инқироз шароитда қайси масалалар сайловларга таъсир ўтказиши мумкинлиги Америка жамоатчилигининг диққат марказида бўлиб турибди.
Ушбу мунозаралар фонидаги умумий фикр шундан иборатки, агар Трамп сайловларга қадар иқтисодий тикланишни амалга ошира олса, сайловда унинг қўли баланд келади. Аммо у буни уддалай олмаса, Байден осонликча ғалабани илиб кетиши мумкин.
Иқтисодий тикланиш нимани англатади?
Шубҳасиз, Трамп учун энг катта қийинчилик – сайловга қадар иқтисодни оёққа турғизишдир. Зотан, президентлик даврида кўплаб мунозарали ишларга қўл урган Трампнинг «иқтисодий муваффақияти» ҳатто либерал оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам қабул қилиниши керак бўлган бир жиҳат сифатида ажралиб туради.
Аввалига Россия масаласидан ортиқча лат емай чиқиб олган Трамп иқтисодий муваффақиятлардан сармаст бўлиб, иккинчи президентлик даврига киришиш учун енг шимараётганди. Бироқ кутилмаганда эпидемия балоси ўртадан чиқиб қолди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий муаммоларга, ҳатто ниқоб етказиб беришда қийинчиликларга дуч келган ҳукумат вирусга қарши чора кўришда кечикиш, эпидемияга етарлича тўғри баҳо бермаганликда айбланди. Устига устак, мамлакат иқтисодиёти кучли зарбага учради.
«Буюк тушкунлик»дан кейин энг жиддий иқтисодий инқирозни бошдан кечирган Америка халқи, табиийки, Оқ уй ва Конгрессдан келувчи «иқтисодий қўллаб-қувватлаш» янгиликларига диққат-эътиборини қаратди.
Ушбу жараёнда тахминан 40 миллион киши ишсизлик нафақасини олиш учун мурожаат қилди, ишсизлик кўрсаткичи 15 фоизга кўтарилди, йирик чакана савдо компаниялари банкрот бўлди ва минглаб бизнес қўрғонларининг эшигига қулф урилди.
Гарчи, эпидемия авж олишида Трампнинг айбланишига доир етарлича далиллар бўлмасада, Covid-19 билан боғлиқ жараённи яхши бошқара олмагани унинг зарарига ишлаши мумкин. Шунинг учун ҳам Трамп иқтисодий инқироз чуқурлашиши эпидемиядан кўра кўпроқ йўқотишларга олиб келиши мумкинлигини ҳисобга олиб, иқтисодиётни иложи борича тезроқ нормал ҳолатга келтириш ҳаракатида.
Иқтисодий тикланиш жараёнини ёз ойларида сезиларли даражага кўтаришни истаган президент ноябрь ойидан олдин сайловчилар тилидан «Мана, иқтисодиёт тикланмоқда. Трамп президентлигининг иккинчи даврида иқтисодиёт янада кўтарилади», деган гапни эшитишни истамоқда. Масалан, унинг «Вирусга қарши вакцина топилиши ёки топилмаслигидан қатъи назар, биз бу иқтисодий нормаллаштириш жараёнини бошлаймиз» деган гапини ҳам мана шу истакнинг ўзига хос ифодаси сифатида қабул қилиш мумкин.
Хўш, Трампнинг бу борадаги имконияти қандай?
Трамп ўз қўлидаги барча имконлардан фойдалансада, у бу борадаги барча ҳуқуқий ёки техник имкониятларга эга эмас. Қолаверса, федерал ҳукумат билан бир қаторда штатларнинг ҳам сўз ҳаққи бўлган «Иқтисодиётни нормал ҳолатга қайтариш» масаласи республикачи штатлар ва демократларни қисман ажратиб қўйди.
Ҳозирги вақтда 20га яқин штат иқтисодий нормаллашишга қайтиш учун жиддий чоралар кўрмоқда. Уларнинг аксарияти марказий ва ғарбий минтақалардаги республикачи штатлардир.
Мана шундай вазиятда Трамп иқтисодий тикланиш «V» шаклида, яъни жуда тез амалга оширилишини таъкидламоқда ва ҳатто ўз сайловчиларига буни ваъда қилмоқда. Бироқ иқтисодчилар инқироздан жиддий зарарланган Америка иқтисодиётини «V» шаклида тикланиш жараёнига олиб кириш у қадар осон кечмаслигини айтишмоқда.
Айтиш мумкинки, Трампнинг бу борадаги қобилиятига сайловчилар томонидан бериладиган баҳо ва ишонч Америка президентининг иккинчи муддатга сайланишида энг муҳим омилга айланади.
Республикачи сайловчилар Трампни айблайдими?
Гарчи эпидемия туфайли 100 мингдан ошиқ киши вафот этган ва миллионлаб одамлар ишсиз қолган бўлса ҳам, бу нуқтада жуда муҳим бир савол ўртага чиқади: 2016 йилда Трампни ёқлаб овоз берган сайловчилар уни ҳозирги иқтисодий ҳолат учун жавобгар, деб биладими?
Мамлакат бўйлаб ўтказилган сўнгги тадқиқотларга назар ташланса, Байден кураш майдонида Трамп билан бирга бўй кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Оқ уйга олиб борувчи йўлда ғоят муҳим аҳамият касб этувчи Флорида, Мичиган, Висконсин, Шимолий Каролина, Миннесота, Пенсильвания ва Аризона каби ҳудудлардаги сўнгги сўровнома натижалари ҳам Байден бемалол Трампнинг «панжасига панжа уриш»и мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бироқ консерватив оммавий ахборот воситаларига қаралса, Трамп электорати уни эпидемия айбдори, иқтисодий инқироз жавобгари деб билмаётганини кўриш мумкин. Шундай бўлса-да, республикачи сайловчиларнинг сайлов кунигача иқтисодий бўҳронда кимни айблаши Трампнинг тақдирига катта таъсир ўтказиши аниқ.
Кекса ёшдаги сайловчи кимга овоз беради?
Бутун дунёда бўлгани каби АҚШда ҳам коронавирусга чалинган одамларнинг аксарияти кекса инсонлардир. Зотан, мамлакат бўйлаб ўн минглаб одамлар вафот этди, юз минглаб одамлар оғир муолажалар олишга мажбур бўлди.
Таъкидлаш жоизки, айнан ушбу сайловчиларнинг 3 ноябрь куни берадиган овози Трампнинг ҳам, Байденнинг ҳам имкониятларига жиддий таъсир қилади. 2016 йилда 65 ёшдан ошганларнинг 52 фоиз овозини қўлга киритган Трамп учун ушбу сайловда худди шундай муваффақиятга қайта эришиш жуда қийин масала. Шунинг учун ҳам демократларнинг сайловолди жараёнида кекса ёшдаги сайловчилар орасида ўзини кўрсата олган Байденнинг бу масалада Трампдан орқада қолмаслиги тахмин қилинмоқда. Мазкур жараёнда кўплаб қариялар яшайдиган Флорида штатининг танлови жуда муҳим аҳамият касб этади.
Эпидемиянинг иккинчи тўлқини бўладими?
АҚШда эпидемияга қарши кураш давомида энг кўп тилга олинган докторлардан бири – АҚШ Аллергия ва юқумли касалликлар институти директори доктор Энтони Фаучи бошчилигидаги кўплаб мутахассислар кузда эпидемиянинг иккинчи тўлқини бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда.
Гарчи Трамп иккинчи тўлқинга катта тайёргарлик кўрилганини, у биринчи тўлқиндагидай салбий таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаётган бўлсада, янги тўлқиннинг ҳам оғир кечиши мумкинлигини тусмол қилаётганлар кўпчилик.
Масалан, АҚШнинг Биотиббиёт илмий изланишлар ва ривожланиш агентлигининг собиқ директори Рик Брайт Конгрессда «Агар Covid-19 эпидемиясининг миллий режаси кузга қадар илгари сурилмаса, АҚШ ўз замонавий тарихининг энг қоронғи қиши билан рўбарў келиши мумкин», деди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, янги тўлқин пайдо бўлиши сайловлар ўтказилиш-ўтказилмаслиги ёки қандай шаклда ўтказилиши билан боғлиқ саволларни ҳам туғдириши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сайловлар ўтказилиши кутилаётган бўлсада, ёз ойларида эпидемияни ортда қолдириш ва кузда иккинчи тўлқинга дучор бўлиш хавфи ўртасида жуда катта психологик фарқ бўлиши аниқ. Шу боис, биринчи тўлқинга яхши тайёргарлик кўрмаган Трамп маъмуриятининг иккинчи тўлқинда ташлайдиган қадамлари сайловчиларнинг қарорларига тўғридан тўғри таъсир ўтказади.
Қандай хулосага бориш мумкин?
2016 йилги сайловларда Трампни бошқа республикачи номзодлардан ажратиб турган ва уни Оқ уйга етаклаган муҳим хусусиятлардан бири унинг демократларга қарши қаратган айирмачи нутқи эди. Айни пайтда ушбу айирмачи нутқ ҳали ҳам Трампнинг фойдасига ишлаши мумкин, деб ўйлайдиган кўплаб мутахассислар бор.
Таъкидлаш жоизки, Трамп оммавий ахборот воситалари ва демократларнинг коронавирусга оид нутқларини «республикачиларни бирлаштирувчи» элементга айлантира олади. Ушбу элементларнинг барчаси кетма-кет ёзиб чиқилса, шундай хулосага бориш мумкин: эпидемия ортидан юзага келган иқтисодий инқироз туфайли «тахти қимирлаб қолган» Трамп учун сайловларгача бўлган 6 ойлик муддат унинг бутун сиёсий карьерасидаги энг муҳим давр бўлади.