Kun.uz | Расмий канал
Коронавирусга чалинган эркак соғайгач таниб бўлмас даражага келди
Семизликдан азият чекувчи лондонлик эркак коронавирусга чалингач, 6 ҳафта касаллик билан курашиш давомида 32 килограммга озиб кетди ва таниб бўлмас даражага келди.
12 март куни 43 ёшли Ким Вай Лида коронавирус аломатлари пайдо бўлган. У деярли 2 ҳафта сунъий комада бўлган. 1,7 метр бўйга эга Ли шифохонага тушгунча 95 кг тош босган. Эркак даволаниб уйига қайтганда 63,5 кг келган ва уйидаги барча шимлари унга ҳолпиллаб қолган.
“Мен кўзгуда қанча вазн йўқотганимни кўргач ўзимни танимадим”, деб айтган Ли. Унинг рафиқаси ва икки фарзанди ҳам Лининг қанчалик ўзгариб кетганидан ҳайратга тушишган. Касалликдан кейинги дастлабки вақт у жуда кучсиз бўлиб, ҳаттоки мустақил равишда душ қабул қилиш ёки тановул қилишга ожиз бўлган. Бироқ у кун сайин кучга кириб, унга вазн йўқотиши туҳфа қилган иккинчи имкониятни қадрламоқда.
Ли унда коронавируснинг оғир кечишида ортиқча вазнни айблаган. У шифохонага ётқизилгунгача ортиқча вазн сабабли юқори қон босимидан азият чеккан, бироқ ҳозирда у бу муаммодан фориғ бўлган. “Мен вазнимни шу даражада сақлаб қолмоқчиман. Мен аввал қон босимидан таблеткалар қабул қилардим, ҳозир эса у меъёрида”, деб таъкидлаб ўтган Ли.
У коронавирусга чалинганини ҳаётининг қайғули дамлари сифатида қабул қилмаслигини, балки буни унга берилган иккинчи имконият деб ҳисоблашини айтган.