https://championat.asia/upload/storage/569410_original.jpg

"Бавария" - "Боруссия". Учрашув тақдирини нима ҳал қилди?

Баҳорнинг энг муҳим ўйини деб ном олган беллашувнинг асосий тўқнашувлари ҳақида гаплашамиз.

"Бавария" сафарда "Боруссия" устидан ғалабага эришиб, чемпионлик соврини томон яна бир катта қадам ташлади.

Айнан шу ўйин чемпионлик тақдирини ҳал қилади деб кўпчилик такрорлади, лекин шундай бўлиши учун "Бавария" ғалаба қозониши талаб этиларди. Агар "Боруссия" ютганда, орадаги фарқ бир очкони ташкил қилар ва кураш қизигандан-қизирди. Етмаганига, "Бавария" футболчилари қўшимча босим остида ҳаракат қилишлари тўғри келарди. Лекин биринчи тахмин ўзини оқлади. Энди мюнхенликлар "Боруссия"дан етти очкога илгарилаб кетишди ва Ханс-Дитер Флик шогирдларининг бундай спорт формаси билан бу фарқни йўққа чиқариш иложсиздек. Демак, деярли бутун дунё нигоҳи қаратилган ушбу беллашув жуфтликлари ҳақида батафсил тўхталсак. 

Роман Бюрки – Мануэль Нойер

https://championat.asia/upload/storage/569395_original.jpg

"Боруссия" дарвозабони йилдан-йилга кучайиб, ўзига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Нойер эса мана неча йилдирки жаҳоннинг энг кучли голкиперлари қаторида тилга олинади. Ва Нойер биринчи дақиқадаёқ ўзининг ҳамкасбларидан энг устун жиҳати — оёқ билан яхши ўйнай олиш қобилиятини намойиш қилишига тўғри келди. Ҳимоя марказидаги хатодан сўнг у ёрдамга етиб келди, лекин қайтарилган тўп сариқ либосдагиларга келиб тушди. Холанд жойига қайтиб улгурмаган Нойернинг оёқлари орасидан тўпни ўтказа олди ва у дарвозага қараб кетаётанди, аммо у ерга Боатенг етиб келиб, жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди. Бутун ўйин давомида Мануэль тўрт марта сэйв амалга оширди, Роман – уч марта. Кимлардир ўтказиб юборилган голда "Боруссия" посбонини айблар, тўп дарвозабоннинг устидан ташлаб қўйилган ҳар бир голда, беиҳтиёр киперни айблашга ошиқамиз, лекин бу сафар эмас. Ўша эпизодни қайта кўриб, зарба қандай вазиятда ва қай усулда амалга оширилганига эътибор беришингизни сўрардик. Бир нечта вазиятларда Бюрки хато қилмаган бўлса-да, у қадар ишончли ўйнай олмади. Умуман олганда, у ва Нойер ўртасидаги фарқ ҳам ана шунда бўлди.

Эрлинг Холанд – Роберт Левандовски

https://championat.asia/upload/storage/569397_original.jpg

Кўпчилик мухлислар учун "Боруссия" - "Бавария" учрашуви икки ажойиб бомбардир, икки турли авлод форвардларининг тўқнашувини англатарди. Ёш ва ғалабаларга чанқоқ Холанд тажрибали ва ўта сезгир Левандовскига қарши. Учрашув тақдирини айнан улар, шу ҳужумчилар урган голлар ҳал қилади деб кутганларнинг хафсаласи пир бўлгани турган гап. Чунки ўйин масаласи ҳужумчилар билан эмас, марказдаги кураш ва қанотлар эвазига ҳал этилди. Шу ўринда, асосий зарбаларни айнан шу икки футболчи берганига ҳам эътибор бериш лозим. Холанд беш марта зарба берди (солиштириш учун ўтган тур бирорта зарба бермаганди) – майдондаги ҳаммадан кўпроқ. Лекин майдонда 70 дақиқадан салгина кўпроқ вақт ҳаракат қилди – жароҳат сабаб алмаштирилди. Ким билади дейсиз, агар Эрлинг охиригача ўйнаганда ниятига етармиди, лекин амалда "Боруссия" ҳужумнинг олдинги чизиғида Торган Азар билан ўйинни якунлашига тўғри келди. У қанчалик иқтидорли бўлмасин, бу унинг иши эмас.

Левандовски тўрт марта дарвоза томон зарба берди ва умуман олганда Холанддан камроқ кўзга ташланди, лекин у тўпсиз кўп ҳаракат қилди ва орқароққа қайтиб курашларда иштирок этди. Бу эса ўз навбатида Мюллер, Гнабри ва Команга тўп олиб қўйилган паллада эркинлик, бўш зоналарни берди. 

Айнан улар яширин қурол вазифасини бажаришди, Роберт эса яна бир бор нақадар ақлли футболчи эканлиги ва нафақат олдинги чизиқда ҳужумларни якунлай олиши, балки "қора меҳнат"дан ҳам қочмаслигини исботлаб берди. 

Марказий зона

https://championat.asia/upload/storage/569399_original.jpg

Бу ерда жамоавий ўйинни таъкидлаш ва ҳар бир футболчининг алоҳида ҳиссаси ҳақида айтиб ўтиш керак. "Боруссия" ўйинда 3-4-2-1, "Бавария" эса — 4-2-3-1 тактикасидан фойдаланганини инобатга олсак, футболчилар ўз нуқталарида рақиб билан бевосита 1-1 ҳолатда қолишмасди. Яъни айтайлик, ҳар икки жамоа 4-3-3 ёки 4-2-2 тактик схемасида ҳаракат қилганда, ҳар бир футболчи "ўзининг ўйинчисини" аниқ билган бўларди. Шу сабабли жамоавий ҳаракатларда рақибларнинг бирини камчиликлари, иккинчисининг эса устунлиги кўриниб қолди. "Бавария" жуда баланд ва агрессив тарзда прессинг уюштирди. Бу нафақат ярим ҳимоячиларнинг кўп меҳнат қилгани балки марказий ҳимоячиларнинг ҳам хизмати – Боатенг ва Алаба жуда баланд ўйнашди. Айнан шу усул туфайли мюнхенликлар сал қолса, илк дақиқадаёқ гол ўтказиб юборишарди. Лекин ўйинга киришиб олгач, муаммолар ўз-ўзидан ҳал этилди. 

"Боруссия" ҳимоясида Пищек ва Хуммельс ҳам нисбатан ишончли ўйин кўрсатиб, муносиб қаршилик кўрсатаётган бир паллада, ярим ҳимоя уларни қўллай олмади. "Бавария"да Киммих, Горецка жуда яхши ҳаракат қилиб, Гнабри, Мюллер ва Команга яқин ўйнашди ҳамда бўш зона қолдирмай, рақибни "бўғиб қўйишди". "Боруссия"да эса Махмуд Дауд ва Дилейнига тезкорлик ва кутилмаган қарорлар етишмасди, юқорироқда жойлашган Азар ва Брандт ҳам уларга катта ёрдам бера олишмади. Шу сабабли Люсьен Фавр танаффусдаёқ Дилейни ва Брандтни алмаштирди – биринчиси прессингга муносиб қаршилик кўрсата олмади, иккинчиси эса ҳужумни бошлаб беришда фаоллик кўрсата олмади. Айтганча, айнан Брандт тайм охирида Киммихни қўйиб юборган ва натижада германиялик футболчи ортиқача қаршиликсиз ўша ажойиб зарбасини амалга ошира олганди. Нима бўлган тақдирда ҳам гол айнан марказий зонадан амалга оширилди. Яқин ҳудудда футболчилар сони кўп бўлишига қарамай, "Бавария" футболчилари ўзини жуда яхши ҳис қиларди ва ўша ҳужумнинг ўзида икки марта тўпни марказга, футболчилар жуда кўп бўлган зона ичига йўналтирди, яъни дортмундликлар рақибга етарли қаршилик, муаммо туғдира олишмади.

Ашраф Хакими ва Рафаэль Геррейру – Альфонсо Дэвис ва Бенжамен Павар

https://championat.asia/upload/storage/569403_original.jpg

Учрашув аввалидаги асосий ҳужумлар Хакими қанотидан амалга оширилди. Қизиқ томони айнан Ашраф "Боруссия"да тўп билан энг кўп муомалада бўладиган футболчи ҳисобаланади. Бу учрашувда ҳам ушбу анънана ўзгармади, асли "Реал"га тегишли бўлган футболчи тўпни 93 марта шерикларига ошириб берди. Хакими ҳумга қўшилди, ҳимояда ҳам ёрдам берди, марказга ҳам кириб борди. Дэвис эса аввалига ўз зонасини бериб қўяётганди, бу нафақат Хакимига, балки ўша зонага қараб ҳаракатланган ҳужумнинг бошқа вакилларига ҳам. Дортмундликлар ёш канадаликка бир мунча пас назар билан қарашдими, унинг қанотига керагидан ортиқ эътибор берилди ва Геррейру ҳақида унутиб қўйишди. Ваҳоланки танаффусдан кейинги икки ўйинда Рафаэль ҳаммадан кўп гол урган ва ёрқин ўйин намойиш қилаётганди. Лекин негадир уни ўйиндан четда қолдиришди, Хакими эса қанотига бўлган эътибордан унумли фойдалангунча, Дэвис ўзига келди ва нафақат ҳимояланишда, балки ҳужумда ҳам ўта фаол ўйин кўрсатди. Кичик хато ва камчиликларини у дриблинг ва тезлиги эвазига ёпиб кета олди. Вазиятлардан бирида у 35,3 км/с тезлик олди. Умуман олганда айнан, у Хакимининг устун томонларидан фойдаланишга имкон қолдирмади. Павар кўпроқ Геррейруни "ёпиш" билан банд бўлди, лекин кези келганда у ҳам олдинга ўтиб турди. 

Натижада, учрашув охирига яқинлашгани сари кўплаб кўрсаткичлар "Боруссия" томонга ўзгарган бўлсада, "Бавария" ўйин тизгинини ўз қўлида ушлаб тура олди. "Боруссия" кўпроқ зарба беришга интилди, тўпга эгалик қилишда ҳам "Бавария" ортиқча устунликка эга бўлмади, аммо бир нарса, "Бавария" ички чемпионатда титул учун бевосита рақобатчиси билан тўқнашувда ҳам ўйиннинг бориши, темп ва ритмини бошқара олишини яна кўрсатиб қўйди. "Боруссия" ўз майдонида Бундеслига доирасидаги 39 ўйиндан бери биринчи марта майдонни голсиз тарк этди. "Бавария" эса Флик бошчилигида чемпионатнинг 18 ўйинидан 15 тасида ғалаба қозонди. Аввал бундай натижага фақат Хосеп Гвардиола эриша олганди.

Нозима Зарипова таржимаси

Манба : championat.asia