https://storage.kun.uz/source/6/FtH0pn-6OO0AGymPka4O3ghwlI1AIfer.jpg
Фото: Reuters

Kun.uz | Расмий канал

«Тоталитар ҳазил». Трампнинг «тахтда қолиш орзуси» ва сайлов қолдирилиши эҳтимоли ҳақида

Ноябрда ўтиши белгиланган АҚШ президентлик сайловлари қолдирилиши мумкинлиги ҳақида тобора кўпроқ гапирилмоқда. Ўз навбатида, Дональд Трамп умр бўйи давлат раҳбари бўлиб қолиш учун сайловлар ва овоз бериш жараёнини бутунлай бекор қилишга қарши эмаслигини айтиб, ҳазиллашиб ҳам қўймоқда.

Трамп сайловни кейинга қолдиришга ёки бутунлай бекор қилишга уриниши ҳақида унинг асосий рақиби Жо Байден илк бор апрель ойи охирида гапирганди.

Дарвоқе, собиқ вице-президент уч ойга яқин вақт давомида, 15 мартдан буён Делаверадаги уйидан чиқмасдан, ўз тарафдорлари билан фақат видео орқали мулоқот қилди: «Менинг бу масалада айтган аввалги сўзларимни эсланг, Трамп қандай қилиб бўлса ҳам сайловларни ўтказмаслик пайида бўлиб, уни кейинга суришга уринади», деган у навбатдаги онлайн мулоқот давомида (у 25 май куни рафиқаси Жилли билан Иккинчи жаҳон уруши қурбонларини хотирлаш учун ташқарига чиқди).

https://storage.kun.uz/source/6/JOep1aTi_jIrRbsP_IWmQWDulB9hHRY2.jpg
Patrick Semansky / AP

Сўровномаларга кўра, аксарият америкаликлар эпидемия вақтида Трамп бошлиқ ҳукуматнинг ҳаракатларидан норози. Бу эса АҚШ аҳолиси орасида Трампнинг обрўси тобора тушиб кетаётганини англатади. Washington Post-Ipsos қўшма тадқиқотига кўра, сўнгги пайтларда амалдаги президентни қўллаб-қувватлаш даражаси 43 фоизгача пасайиб келган. CNN томонидан ўтказилган сўнгги сўров натижалари эса сайловчиларнинг фақатгина 36 фоизи Трампнинг пандемия вақтида қилаётган ишлари тўғри деб ҳисоблайди.

АҚШ президентини ошкора танқид қилувчи демократлар Трамп қайта сайланиш имкониятини сақлаб қолиш учун президентлик сайловларини кечиктириши мумкинлигига шубҳа қилмайди.

«Трамп ўзи учун қазиган сиёсий туйнукнинг чуқурлигини инобатга олган. Президент сайловлари олдидан бирор киши ҳақиқатан ҳам АҚШ президенти коронавирусни баҳона қилиб яқинлашаётган президентлик сайловларини кечиктириш ёки бекор қилишдан қўрқади деб ўйлайдими?», деб ёзади Fox News телеканалининг сиёсий шарҳловчиси Хуан Уильямс The Hill нашрига берган интервьюсида. Маълумот учун, Fox News Трампни қўлловчи нашр ҳисобланади.

Оқ уйда эса ҳалигача коронавирус туфайли сайловни кейинга қолдириш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берилгани йўқ.

«Бундай қарорларни мен қабул қила олмайман. Ҳатто менда бундай саволларга «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб бериш ваколати ҳам йўқ. Айтишим мумкин бўлгани шуки, ҳозирча сайловларни вақтида ўтказиш режалаштирилган», деган АҚШ президентининг бош маслаҳатчиси ва куёви Жерад Кушнер Time журналига берган интервьюсида.

Сайловни қолдириш ҳақида гап қаердан пайдо бўлди?

Оҳайо штати губернатори Майк Девин 16 март куни штатда демократлар иштирокидаги праймериз (штатларда АҚШ президентини сайлайдиган вакилларни аниқлаш жараёни) ўтказилишидан бир кун аввал коронавирус эпидемияси сабабли кейинроққа қолдирилгани эълон қилинди.

Ўшанда губернатор бу қарорни штат соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи доктор Эми Эктоннинг талабига биноан қабул қилган. Бунгача эса штат губернатори АҚШ штатлари орасида биринчи бўлиб, 15 мартдан бошлаб Оҳайо штатида мактаблар, спорт клублари ва ресторанлар каби жамоат йиғиладиган жойларни ёпиш ҳақида қарор қабул қилганди.

Судлардан бири губернаторнинг демократлар праймеризини бекор қилиш ҳақидаги қарорини конституцияга зид равишда чиқарилган деган иддао билан ҳам чиқди. Аммо бунга жавобан доктор Эктон штат маъмурияти фавқулодда вазиятдан келиб чиқиб шундай қарорга келганини айтди. Кейинчалик Оҳайо Олий суди ҳам штат маъмуриятининг карантин чекловлари туфайли праймеризни бекор қилганини қўллаб-қувватлади.

Уч ҳафта ўтгач, Оҳайо штати маъмурияти праймериз бўлиб ўтадиган янги санани эълон қилди ва жараён масофадан туриб овоз бериш йўли билан амалга оширилиши белгиланди. Олдиндан овоз беришга улгурмаган барча сайловчилар бюллетенларни почта орқали оладиган бўлишди.

Май ойи ўрталарига келиб Оҳайода праймериз масаласида қандай йўл тутишларини АҚШнинг 17 штати диққат билан кузатиб турар эди. Чунки уларда ҳам штат маъмурлари эпидемия сабабли бошланғич сайловлар вақтини ортга суришга қарор қилганди. Шунингдек, мамлакатда эпидемиологик вазият анча нотинч бўлиб тургани учун жорий йилнинг июль ойида ўтказилиши белгиланган демократлар партияси миллий қурултойининг ўтказилиш муддати ҳам бир ой кейинга сурилди.

Маҳаллий сайловларни кечиктириш жараёни айнан Оҳайо штатидан бошланди ва қолганлар ундан ўрнак олиб қўя қолишди. Бу тажрибадан мамлакат раҳбарияти кузда бўлиб ўтадиган сайловлар пайтида ҳам фойдаланиши эҳтимолдан холи эмас.

«Агар Оқ уй маъмурияти ноябргача Трамп Байденга ютқазиши муқаррар деб ҳисоблайдиган бўлса, унда Трамп ва унинг жамоаси ҳар қандай имкониятдан фойдаланишга уринади», дейди Стони-Брук университети профессори, сиёсатшунос Жонатан Сандерс BBC нашрига берган интервьюсида.

https://storage.kun.uz/source/6/rqZAIxavqtj9e00UEiGe10roeeo0cxb_.jpg
Трамп ҳокимияти чекланмаган ХХР раиси Си Цзиньпинни намуна сифатида келтирганди / AFP

Трамп ва чексиз ҳокимият

Гап АҚШни қанча муддат бошқариш ҳақида кетар экан, Дональд Трамп ҳеч қачон Оқ уйни 2020 йил ноябрида ёки мабодо иккинчи муддатга ҳам сайланса, ўша муддат тугагандан кейин ҳам тарк этмаслигини кўп марта айтган. Ҳар сафар Оқ уйни умуман бўшатиб қўйиш нияти йўқлигини айтар экан, охирида ҳазиллашаётганини билдиради ёки «ҳазил» деб қўяди. Аммо Америкадек «ишонувчан» жамиятни унинг ҳазиллари ҳам хавотирга соляпти. Ахир белгиланган муддатдан кейин ҳам раҳбарликда қолиш ҳақида АҚШнинг олдинги президентлари ҳатто ҳазиллашиб ҳам айтмаган!

Трамп декабрда Пенсильваниядаги тарафдорлари олдида қилган чиқиши давомида иккинчи муддатга сайланиш ҳақида берилган саволга жавоб бера туриб «5 йил, 9 йил, 13 йил, 17 йил, 21 йил, 25 йил, 29 йилдан кейингина президентликдан кетиши»ни айтади. Кейин эса «бу матбуотнинг жиғига тегиш учун ҳазил бўлгани»ни қўшимча қилганди.

Қизиғи шундаки, Оқ уй раҳбари Пенсильванияда гапирган гапига ўхшаш «ҳазил» гаплардан ўз нутқларида камида йигирма марта фойдаланган. Масалан, ўтган йил бошида Трамп твиттердаги постларидан бирида сайловларда ғалаба қозониб кейинги муддатда ҳам АҚШни бошқаришига ишора қилиб, ўз лавозимини олти йил ичида албатта тарк этишини ваъда қилган ва қўшимчасига «Балки 10 ёки 14 йилда тарк этарман (ҳазил)», деб ёзган.

2019 йил март ойида Флоридадаги республикачилар ҳомийлари олдида нутқ сўзлаган Трамп Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг коммунистик партия ялпи мажлисида давлат раҳбари икки муддатдан кўпроқ ҳукуматда қолишини тақиқловчи қоидани бекор қилганини мақтаб гапирган: «Хитой раҳбари энди умрбод президент бўлиб қолади ва бу жуда зўр. Қаранг, у буни уддалай олди. Менимча, бу жуда яхши. Эҳтимол биз ҳам бир кун келиб шундай қилишимизга тўғри келар», деган Трамп Си Цзинпин ҳақида гапириб.

Орадан бир ой ўтиб Оқ уйда берилган зиёфат чоғида у яна «ҳокимиятда яна 10 ёки 14 йил қолишини» таъкидлаган. 2019 йил май ойида Трамп Арканзаснинг собиқ губернатори Майк Хакаби ва нуфузли эвангелист воизи Жерри Фалуэллнинг ёзувларини твиттердаги саҳифаси орқали улашди. Улар Трамп махсус прокурор Мюллернинг «демократлар ва матбуотнинг республикачиларга хуружлари» бўйича ўтказган текширув сабаб икки йилни беҳудага сарфлаб юборгани, шунинг учун у нафақат иккинчи, балки учинчи марта қайта сайланиши ёки Оқ уйда ҳукмронлик қилиш муддатини икки йилга узайтириши лозимлиги ҳақида ёзишганди.

Трамп ҳатто ўзининг твиттердаги саҳифасида америкаликларга қарата «менинг ҳокимиятда узоқроқ муддатга қолишимни талаб қилинглар» деб таклиф қилди.

Трамп тарафдорларининг айтишича, ўзига хос характерга эгалиги билан машҳур бўлган АҚШ раҳбари турли гаплар билан шунчаки рақибларини мазах қилади, холос. Аммо АҚШ президентини яқиндан биладиган ва у билан узоқ йиллар давомида бирга ишлаган одамлар Оқ уй раҳбари АҚШда узоқ йил президентлик қилиш ҳақидаги гапларини ҳазиллашиб айтмаётганига, унда шундай мақсад борлигига ишонишади.

Яқинда Трампга соя солган импичмент юзасидан АҚШ Конгрессида ўтказилган тингловда Трампнинг собиқ шахсий адвокати Майкл Коэн Трамп ҳатто сайловларни ютқазгандан кейин ҳам ўз лавозимидан кетмаслиги мумкинлигини айтган: «Иш тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтаман, жаноб Трамп 2020 йил кузида бўлиб ўтадиган сайловда ютқазса ҳам ҳокимиятни тинч йўл билан топширмаслигидан қўрқаман», деган у.

Сайлов қандай ҳолатларда кечиктирилиши мумкин?

АҚШ конституциясига кўра, фақат Конгресс президент сайловлари санасини ортга суриши мумкин. АҚШда президент сайловлари ноябрнинг биринчи сешанбасида ўтказилади. Бу қоида 1845 йилдан бери ўзгармай келади. Мамлакатнинг яна учта федерал миқёсдаги қонунлари овоз беришнинг ушбу аниқ ва ўзгармас санасини тасдиқлайди.

Март ойи ўрталарида Кентукки университетининг сайлов ҳуқуқлари бўйича профессори Жош Дуглас твиттердаги саҳифасида мамлакатда ҳатто фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳам президент сайловларини ўтказиш санасини ўзгартириш ҳуқуқини бермаслигини билдирди. «Ҳатто фавқулодда ҳолат жорий қилиниши ҳам конституцияда белгиланган нормаларни бекор қилолмайди», деб ёзган эди профессор.

Бундан ташқари, АҚШ конституциясига киритилган 20-ўзгартиришда президент ва вице-президентнинг ваколат муддати 20 январь куни туш пайтида тугаши аниқ қилиб ёзиб қўйилган. Конституциявий ҳуқуқлар бўйича мутахассислар, конституциядаги ўша 20-ўзгартириш туфайли ҳатто жорий йил кузда мамлакатда президент сайлов мутлақо ўтказилмаса ҳам амалдаги президент Дональд Трамп ўз фаолиятини 2021 йил 20 январь куни айни туш пайтида тўхтатишини ва ҳар қандай ҳолатда Оқ уйни тарк этишини айтишмоқда.

Бироқ кузатувчилар АҚШ ҳукумати конституция қоидаларини бузмасдан ҳам коронавирус эпидемияси ортидан юзага келган вазиятдан Трампни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиши мумкинлигига ишонади.

Nation журнали таъкидлаб ёзганидек, масалан, сайлов куни республикачи губернаторларни кўпроқ сайлаб олиш учун демократлар қўллаб-қувватланадиган сайлов округларида «коронавируснинг янгидан тарқалиши муносабати билан уйларини тарк этишни тақиқловчи қатъий карантин эълон қилиниши мумкин бўлган» вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас. Республикачилар кўпроқ овоз олиши мумкин бўлган сайлов округларида бундай чоралар жорий этилмайди ва ўша округларда сайловчилар овоз бериш жойларига тинчгина келиши мумкин.

Сайловга таъсир ўтказиши мумкин бўлган яна бир восита бу масофадан туриб овоз беришга қаршилик қилиш. Эпидемия ҳолатида АҚШнинг 50 штатидан 35таси ўз фуқароларига қўшимча шартлар ва сабабларсиз масофадан овоз бериш учун сайлов бюллетенларини олишга рухсат берган. Яна бешта штатда почта орқали овоз бериш тизими тўлиқ жорий этилган.

Бошқа штатлар ҳам эпидемия ноябргача тугамаслигига ишонган ҳолда бугун масофадан овоз бериш тизимларини шошилинч тарзда ишлаб чиқмоқда. Аксарият америкаликлар сайлов участкаларига келиб ўз соғлигини хавф остига қўйишни хоҳламаслиги аниқ. Шундан келиб чиқсак, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда аксарият америкаликлар масофадан овоз бериши тахмин қилинмоқда.

Агар сайлов масофавий овоз бериш йўли билан ўтказиладиган бўлса, аҳоли томонидан коронавирусга қарши етарлича кураш олиб бормади деб ҳисобланаётган Трампнинг сайловда ғалаба қозониши осон бўлмайди.

https://storage.kun.uz/source/6/j0I8n5n1PrSbNDbNcw8UshfIAcY1aTqD.jpg
EPA

Бундай вазиятда сайлов натижаси кўп жиҳатдан АҚШ давлат почта хизмати (USPS) қандай ишлашига боғлиқ бўлади. Сўнгги ойларда Қўшма Штатлардаги почта алоқаси провайдерлари эпидемия пайтида аҳоли томонидан жўнатилаётган почта ҳажмининг кескин ошиши хизматни банкротлик ёқасига олиб келиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Йил охирига бориб йўқотишлар ҳажми 13 миллиард долларга етиши ҳам мумкин. Давлат почта хизмати раҳбарлари Конгресснинг молиявий кўмагисиз ушбу хизмат шу йил сентябрь ойида фаолиятини тўхтатиши мумкин деб ҳисоблаяпти. Трамп почта хизматига ёрдам беришни хоҳламагани ҳам нимагадир ишора қилгандек...

Аксарият республикачилар овоз бериш жараёни почта орқали амалга оширилиши Трамп учун асосий таҳдид бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Апрель ойида АҚШ Конгресси почта хизматига давлат хазинасидан 10 миллиард доллар миқдорида қарз олишга имкон берган навбатдаги CARES Act иқтисодий ёрдам дастурини тасдиқлади. Трамп маъмурияти эса ушбу ташаббусни чеклаб қўйиш билан таҳдид қилмоқда.

«Агар почта алоқаси учун ёрдам маблағи ажратиладиган бўлса, президент у қонунни имзоламаслигини аниқ айтдик. Президент вето қўйиш ҳуқуқидан фойдаланадими йўқми, билмайман, аммо Трамп уни имзоламайди», дейди Washington Post газетасига интервью берган юқори лавозимли амалдорлардан бири.

Трамп масофадан овоз бериш натижаларни ҳисоблашда манипуляция ва фирибгарлик хавфи юқори бўлишини бир неча бор таъкидлаган. Шунингдек, у март ойида Fox News телеканалида кутилмаганда почта хизматини қўллаб-қувватлашни истамаслигини тан олди. Ўшанда Трамп ўз гапларини эпидемия вақтида почта хизматининг узлуксиз ишлаши республикачилар учун муаммо бўлиб қолиши мумкинлиги билан изоҳлаганди.

«Конгресс томонидан почта хизматига бериш учун таклиф қилинган ёрдам пакети овоз бериш темпини жуда юқори даражага чиқариши мумкин. Агар сиз бунга рози бўлсангиз, бу мамлакатда ҳеч қачон қайтиб республикачига овоз беришганини кўрмайсиз», деган ўшанда Трамп.

Албатта, сайловни кейинга қолдириш бўйича қандайдир таклиф бўлиши мумкин, лекин унинг ўз вақтида ўтиши деярли аниқ. Трампнинг муддати ўтгандан кейин ҳам президентликда қолиши эса умуман мантиққа сиғадиган нарса эмас. Бу нарсани АҚШда қабул қилиш имконсиз. Американи ўзгармас қонунлар, демократия ва сиёсий онги жуда юқори халқи Америка қилган. Улар белгиланган муддатдан кейин ҳам раҳбарликда қолишни ҳатто орзу қиладиган одамдан ҳам нафратланишади. Бундай истагини очиқ билдирган одам эса, Америка жамиятида бош кўтара олмай қолади...