https://islom.uz/img/section/2020/05/1590553842.jpg

Абу Абдуллоҳ ибн Мунданинг вафоти

by

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ётирқоний айтади: «Абу Абдуллоҳ ибн Манда вафот этган кечаси ёнида эдим. Жон беришидан олдин ўша ерда ўтирган бир киши унга «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни талқин қилиб турди. Шунда Абдуллоҳ ибн Манда айтиб турган кишига «Жим тур, худди сен айтиб турган калималарни менга (фаришталар) айтиб туришибди» демоқчи бўлгандек қўли билан ишора қилди».

«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз»

Ибн Исмоилий 396 йили вафот этди. У шом намозида «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 4-оят) оятини ўқиб, жони узилди.

Фақиҳ Насруллоҳ Мусийсий устози Насрдан ҳикоя қилади: «Устозимнинг шундай деганларини эшитганман: «Менга бироз муҳлат беринглар! Мен буюрилганман (масъулман), сизлар ҳам буюрилгансиз (масъулсиз)». Мен аср намозига азон чақирилаётганини эшитиб, «Устоз, муаззин азон айтяпти», дедим. Устозим: «Мени ўтирғизиб қўй!» дедилар. Ул зотни ўтирғизиб қўйдим. Такбир билан намозга киришиб, қўлларини боғладилар. Жонлари намоз ўқиётган ҳолатларида узилди. Аллоҳ таоло ул зотни раҳматига олсин».

«Солиҳлар гулшани» китобидан