Kun.uz | Расмий канал
Ободонлаштириш бошқармалари таркибида дарахтларни ҳимоя қилиш бўлимлари ташкил этилади
Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш, кўчириб ўтказиш ва компенсациявий экиш тартиби тасдиқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш, кўчириб ўтказиш ва компенсациявий экиш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, президентнинг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сон фармон билан 2019 йил 1 ноябридан 2020 йил 31 декабригача давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматли турларини кесишга мораторий эълон қилинган, табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқиш бундан истисно.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб, янги таҳрирда тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўсимликлар карантини давлат қўмитаси ва бошқа манфаатдор идоралар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда туман ва шаҳар ҳокимликларининг ободонлаштириш бошқармалари таркибида давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган дарахт ва буталарни ҳимоя қилиш бўлимларини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
Мазкур бўлимларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
дарахт ва буталарни сақлаб қолишни таъминлаш;
зарарланган дарахтлар, буталар ва уларни ўчоқларини аниқлаш;
энтомологик ва фитопатологик изланишларни олиб бориш;
дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш, такрор кўпайтириш, тиклаш ва уларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш;
дарахт ва буталарни компенсациявий экиш жойларни белгилаш;
дарахт ва буталарнинг ҳолати, кесиш турларини ёки уларни сақлаб қолиш бўйича бошқа ҳимоя чораларни кўриш юзасидан хулосалар бериш;
жамоат муҳокамасида иштирок этиш.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Фанлар академияси биргаликда уч ой муддатда:
дарахт ва буталарни ўсишини тўхтатишга олиб келадиган шикастланиш даражасини аниқлаш меъёрлари;
давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш, кўчириб ўтказиш ва парвариш қилиш қоидалари лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси билан келишилган ҳолда қурилиш, капитал таъмирлаш, қурилиши якунланган объектларни ободонлаштириш, бузиш ишларини амалга оширишда дарахт ва буталарни сақлаб қолиш, шунингдек, уларни ўсиш муҳитига зарарли таъсирни олдини олиш ва ҳудудни кўкаламзорлаштириш чораларни кўриш бўйича норматив талабларни ишлаб чиқиб, тасдиқлайдилар.
Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни парвариш қилиш, кесиш, кўчириб экиш ва компенсациявий экиш тўғрисидаги низомга кўра, у давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни парвариш қилиш, хатловдан ўтказиш, кесиш, кўчириб экиш ва компенсациявий экишни амалга ошириш тартибини белгилайди.
Қуйидагилар:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги экинзорларнинг иҳота дарахтзорлари, шунингдек, бошқа дарахт ва буталар;
темир йўллари, автомобиль йўлларининг минтақаларидаги, дарё ва каналлар, сув ҳавзалари (кўл, сув омборлар) ва бошқа сув объектларининг атрофидаги иҳота дарахтзорлари, шаҳарларда ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда шаҳар атрофи ҳудудларида кўкаламзорлаштириш учун экилган дарахт ва буталар;
юридик шахслар ва якка тадбиркорлар томонидан уларга ажратилган ер участкаларида қишлоқ хўжалик экинлари ва декоратив ўсимлик сифатида экилган дарахт ва буталар, шунингдек, фуқароларга шахсий уй-жой қуриш, деҳқон хўжалигини, шахсий томорқа хўжалигини юритиш, жамоа боғдорчилик ва узумчилик учун ажратилган ер участкаларидаги дарахт ва буталар давлат ўрмон фондига кирмайди.
Низом талаблари:
жисмоний шахсларнинг томорқа ер участкаларида ўсадиган дарахтлар ва буталарга;
питомник ва плантацияларда етиштириладиган дарахтлар ва буталарга;
юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулки бўлган ва улар томонидан қурилиш материали ҳамда ҳосил олиш мақсадида экилган дарахтлар ва буталарга нисбатан татбиқ этилмайди.
Дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномалар бериш ва уларни ғайриқонуний кесганлик учун ундириладиган маблағлар Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасининг ҳисобварағига тушади ва унинг 26 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ўтказилади.
Тут дарахтларини ғайриқонуний равишда кесганлик, шикастлантирганлик ёки йўқ қилганлик учун ундирилган жарималар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига йўналтирилади. Бунда, ундирилган жарималарнинг 50 фоизи “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ҳисобварағига, 26 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг тегишли маҳаллий бюджетларига ўтказилади.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳисобварағига ўтказилган маблағлар, қонунбузарлик содир этилган ҳудудда мақсадли равишда янги тут кўчатларини экишга йўналтирилади. Ушбу маблағларни бошқа мақсадларга, шу жумладан, қарздорликни қоплашга йўналтириш тақиқланади.
Президент ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорларига мувофиқ давлат бюджети ҳисобидан қурилиш ёки реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган ҳолатларда дарахтлар ва буталарни кесиш учун тўлов ундирилмайди.
Дарахтлар ва буталарни кесиш учун хулосаларни тайёрлаш, рухсатномалар бериш, уларни кўчириб экиш ёки компенсациявий экиш шартларини келишиш учун берилган аризаларда кўрсатилган асосларни холисона баҳолаш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузурида доимий асосда фаолият юритувчи дарахтларни кесиш, кўчириб экиш, компенсациявий экиш масалалари бўйича комиссия (Комиссия) ташкил этилади.
Комиссия таркибига капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосари (комиссия раиси), қурилиш ва архитектура, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри, ўсимликлар карантини органлари, ободонлаштириш бошқармаси ва экология соҳасида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари киритилади.
Фавқулодда ҳолатларда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларда дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсатномалар бериш, уларни кўчириб экиш, компенсациявий экишни амалга оширишнинг шартларини келишиш учун комиссия таркибига фавқулодда вазиятлар вазирлиги, қишлоқ хўжалиги бўлимлари ва фермер хўжаликлари туман кенгаши вакиллари киритилиши мумкин.
Комиссиянинг шахсий таркиби туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқланади. Комиссиянинг ишлаш тартиби туман (шаҳар) ҳокими томонидан тасдиқланадиган Регламент билан белгиланади. Комиссиянинг ишчи органи бўлиб туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаси (бўлими) ҳисобланади.
Қурилиш ва архитектура органи томонидан қурилиш ва реконструкция ишлари режалаштирилаётган ҳудуднинг харитаси ишлаб чиқилади ҳамда унга кесилиши мумкин бўлган дарахтлар ва буталар тўғрисида дастлабки маълумотлар киритилади.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органи томонидан харитага киритилган маълумотлар ҳаққонийлиги, шунингдек, дарахтларнинг тури, ёши, қурилиш ишлари олиб борилишига таъсири, уни кўчириб ўтказиш ёки компенсациявий экиш тўғрисидаги маълумотларни тайёрлайди.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри органлари томонидан кўчириб экиш ёки компенсациявий экиш жойлари тўғрисидаги маълумот тақдим этилади.
Ўсимликлар карантини органи:
ўсимликлар карантини объектларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида дарахтлар ва буталар жойлашган ерларни ва уларга туташ ҳудудларни назорат текширувларидан ўтказишни ташкил этади;
аниқланган зарарланиш ўчоқларининг кенгайишига йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш бўйича шошилинч чоралар кўради;
дарахтлар ва буталарни соғломлаштириш ва зарарсизлантириш устидан назоратни амалга оширади;
тегишли ҳудудни ўсимликлар карантини остида деб эълон қилиш (карантинни бекор қилиш), зарур карантин чекловларини қўллаш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдимномалар юборади;
шунингдек, ўсимлик зараркунандалари таъсирида зарарланган дарахтларни кесиш тўғрисида таклиф киритади ва хулоса беради.
Ободонлаштириш бошқармаси (бўлими) барча маълумотларни умумлаштиради ва туман (шаҳар) ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига тақдим этади ҳамда Комиссиянинг йиғилишига тайёрлайди.
Дарахтлар ва буталарни санитария мақсадида кесиш тегишли рухсатномасиз ва тўловларсиз, Давлат экология қўмитасининг хулосаси асосида табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган, қуриб қолган, синган ҳамда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига, турли коммуникацияларга таҳдид солаётган, шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, авария ҳолатидаги дарахтлар ва буталарни таг қисмидан, танасининг бир қисмини ёки уларнинг шохларини кесиб олиб ташлаш билан амалга оширилади.