Kun.uz | Расмий канал
Солиқ низолари судгача қандай ҳал этилади?
Солиқ кодексида 2020 йилдан сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити бўйича солиқ низоларини судгача ҳал қилишнинг мажбурий тартиби амалга киритилди.
ДСҚ матбуот хизматининг ёзишича, корхонада сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити ўтказилганда cолиқ тўловчи ушбу текширув натижалари бўйича қабул қилинган қарордан норози бўлса, судга шикоят қилишдан олдин унинг шикояти юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилиши лозим.
Шикоят қилиш муддати бир ой
Солиқ тўловчи шикоятни ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ой ичида бериши мумкин.
Солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда, ўзи ёки унинг вакили томонидан шикоят расмийлаштирилади ва юқори турувчи солиқ органига (ёзма ёки электрон шаклда) иловалари билан бирга қарори устидан шикоят қилинаётган солиқ органи орқали юборилади.
Ўз навбатида, қарори устидан шикоят қилинган солиқ органи уч кун ичида шикоятни барча мавжуд материаллар билан юқори турувчи солиқ органига тақдим этади.
Кўриб чиқиш муддати узайтирилиши мумкин
Бунда солиқ тўловчининг шикояти юқори турувчи солиқ органи томонидан бир ой ичида кўриб чиқилади. Қўшимча ўрганишлар талаб этилганда бу муддат солиқ органи раҳбарининг рухсати билан ўн беш кунгача узайтирилиши мумкин.
Юқори турувчи солиқ органининг шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарори қабул қилингач, шикоят берган шахсга уч кун ичида топширилади ёки юборилади.
Шикоятни қайтариб олиш мумкин
Солиқ тўловчи берган шикояти бўйича қарор қабул қилинишига қадар ушбу шикоятини ёзма ариза юбориш йўли билан тўлиқ ёки қисман чақириб (қайтариб) олиши мумкин. Шунингдек, солиқ тўловчи юқори турувчи солиқ органлари томонидан қабул қилинган қарордан норози бўлса, судга шикоят қилишга ҳақли.
Янги тартибнинг қулайлиги нимада?
Cолиқ низоларини судгача ҳал этиш жараёнида солиқ тўловчилар томонидан давлат божи тўланмайди. Масала қисқа вақт ичида ҳал этилади. Солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида ҳамкорлик муносабатлари шаклланади.
Солиқ тўловчи юқори турувчи солиқ органи ёки судга шикоят қилганда, ушбу масала бўйича қарор қабул қилингунига қадар шикоят қилинаётган қарор ижроси тўхтатиб турилади.
Бунда солиқ тўловчи шикоят қилинаётган қарор қабул қилган солиқ органини ёзма равишда хабардор шарт.
Мазкур тартибнинг яна бир қулайлик томони шундаки, солиқ тўловчи шикоятнинг кўриб чиқилишида иштирок этиши мумкин.
Қандай ҳолларда шикоят рад этилади?
Солиқ тўловчининг шикояти қуйидаги ҳоллардан бири содир этилса, юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилмайди:
1. Шикоят имзоланмаган бўлса ёки ишончли вакилнинг шикоятни имзолаш учун ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаса;
2. Шикоят бериш муддати ўтган ёки шикоят бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса;
3. Шикоят тўлиқ ёки қисман чақириб олинган бўлса;
4. Илгари айнан ўша асослар бўйича шикоят берилган бўлса;
5. Шикоят илгари шикоят қилинган қарор устидан бўлса;
6. Шикоят Солиқ кодексидаги тегишли моддалар билан белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ расмийлаштирилмаган бўлса; (СК. 232 ва 233-моддалари)
7. Шикоят қўзғатилган жиноят иши доирасида ёки солиқ тўловчи судга шикоят масаласи бўйича мурожаат қилганда берилган бўлса.
Қайта шикоят қилиш мумкин
Солиқ тўловчининг шикояти кўрилмасдан қолдирилганда, у қайтадан шикоят қилишга ҳақли. Аввал айнан ўша асослар бўйича ёки солиқ органининг илгари шикоят қилинган қарори устидан берилган шикоятлар бундан мустасно.
Юқори турувчи солиқ органи солиқ тўловчининг шикояти бўйича солиқ органининг қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.