Kun.uz | Расмий канал
Twitter биринчи марта Трампнинг хабарини «фейк хабар» сифатида белгилади
АҚШ президенти Дональд Трампнинг Twitter’даги хабарида фойдаланувчиларни хабардаги фактларни текширишга чақирувчи белги пайдо бўлди. Трамп ўз твитида почта орқали овоз бериш кўп сонли сохталаштиришларга олиб келиши мумкинлигини айтган.
Трампнинг хабари икки қисмдан иборат бўлиб, улардан ҳар бирида энди кўк рангли айлана ичида “Почта орқали овоз бериш ҳақидаги фактларга қаранг” деган ёзувли ундов белгиси турибди. Ушбу белгига босилганда у Twitter’даги махсус саҳифага йўллайди. Ушбу саҳифа Politico нашрининг “Трамп почта орқали овоз бериш натижаларнинг сохталаштирилишига олиб келиши ҳақида асоссиз баёнотлар бермоқда”, деб номланган сарлавҳали мақоласига ҳавола билан бошланади.
Сўнгра Трамп айнан нимани нотўғри айтгани санаб ўтилган.
АҚШ президенти Калифорниянинг демократ-губернатори Гевин Ньюсомнинг ноябрда бўлиб ўтадиган президент сайловларида штатдаги барча сайловчиларга сайлов бюллетенларини почта орқали жўнатмоқчилиги ортида почта орқали овоз беришни танқид қилмоқда. Трампнинг фикрича, бундай овоз бериш шаффоф бўлмай, бюллетенлар сохталаштирилиб, бошқалар учун имзоланиши мумкин.
Республикачилар партияси ҳаттоки овоз беришга бундай ёндашув устидан судга ариза топширган. Республикачиларнинг фикрича, Ньюсомнинг бу қарори демократларнинг президент сайловлари натижаларини сохталаштириш бўйича катта кўламли режасининг бир қисми ҳисобланади.