Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларининг иш жараёни қандай кечмоқда?
OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Актам Ҳаитов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ ҳудудларда бўлиб пандемия даврида тадбиркорлик субъектларининг иш жараёни билан танишмоқда. Шунингдек, А.Ҳаитов тадбиркор, фермер ва ишбилармонларга Президентимиз томонидан бугунги кунда яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда бир қатор имтиёзлар ҳақида суҳбатлашмоқда.
А.Ҳаитов бугун Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Бағдод туманидаги “Унсин ая” кўп тармоқли фермер хўжалигида бўлиб, хўжаликда парваришланаётган бруллерларни кўздан кечирди. Ҳозирда фермер хўжалигида 60 минг бош бруллерлар парвариш қилиниб, ойига 30 тонна ҳалол гўшт маҳсулотлари ички бозорларга етказиб берилмоқда. Хўжаликда бундан ташқари, 130 бош Германия ва Голланидиядан келтирилган қора моллар ҳам парвариш қилиниб, сут ва гўшт маҳсулотлари ҳам етиштирилмоқда.
Шуни алоҳида эътироф этиш ўринлики, “Унсин ая” фермер хўжалиги “Олтиариқ” сиҳатгоҳида коронавирус инфекцияси билан даволанган беморлар ва карантинга олинган юртдошларимиз учун сиҳатгоҳга сут, гўшт ва тухум маҳсулотларини бепул етказиб турдилар.
– Барчамизга маълумки, коронавирус пандемияси сабабли кўплаб мамлакатларда чуқур иқтисодий муаммолар бошланган. Мана шундай шароитда Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитини сақлаб қолиш, саноат ишлаб чиқариши, иқтисодий қувватлар фаолияти бир маромда давом этиши учун Юртбошимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда карантин тартиби эълон қилинган кундан бугунга қадар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари ва преференсиялар бериш бўйича Президентнинг бир қатор фармонлари қабул қилинди. Бу ҳужжатларда аҳоли ва бизнеснинг деярли барча қатламлари қамраб олингани билан аҳамиятлидир, – деди Актам Ҳаитов шу ерда тадбиркорлар иштирокида ташкилланган давра суҳбатида.
Унда Президентимиз фармони билан солиқ тўловлари бўйича енгилликлар бериш ҳақида 11 та меъёр белгиланди. Учта меъёр жисмоний шахсларга тааллуқли бўлса, саккизтаси тадбиркорларга тегишли. 3 апрелдаги иккинчи фармон билан бевосита солиқ имтиёзи ва енгилликлар билан боғлиқ бўлган яна 12 та норма киритилгани таъкидланди
Давлатимиз раҳбарининг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш юзасидан билдирган хайрли таклифи ҳам кенг жамоатчилик томонидан қизғин қарши олинди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қўшилган тадбиркорлик субъектларининг 1 апрель ҳолатига солиқ қарздорлиги автоматик равишда 1 октябрга қадар узайтирилиб, уларга пеня ва жарималар қўлламаслик тартиблари жорий этилди. Албатта, бу қулайликлардан барча тадбиркорлар қатори, фарғоналик ишбилармонлар ҳам мамнун ҳолда жўшқин шижоат билан ишларини давом эттирмоқдалар, – дейди OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси Раҳматулло Камолов.
“Унсин ая” фермер хўжалиги ҳам вилоятда биринчилардан бўлиб “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини қўллаб-қувватлади. Юзлаб бағдодлик камбағал ва эҳтиёжманд, нуронийлар ва ногиронлиги бор оилаларга 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини мунтазам равишда тарқатди.
Албатта, биз, тадбиркорлар фуқароларимизнинг яхши яшаши учун Юртбошимизга елкадош бўлиб хизмат қиламиз. Фермер хўжалигимиз карантин даврида Бағдод туманидаги 100 та оилани карантин тугагунга қадар оталиққа олди, – дейди Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати, “Унсин Ая” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Акмалдин Деҳқонов. – Ҳозирда хўжалигимизда 28 нафар ишчилар доимий, 20 нафар ишчилар мавсумий ишламоқдалар.
Фермер хўжалиги раҳбари яна бир ташаббус билан чиқди, яъни, туманда 4 гектар ер майдонига паррандачилик комплексини ташкил этмоқчи. Бунинг учун тадбиркор томонидан 1 млрд. сўм сармоя киритилиб, қолган суммалар “Ипотека” банки орқали узоқ муддатли кредит асосида жорий йил якунига қадар якунланиши режалаштирилган. Корхонада 10 минг бош парранда парваришланиб, тухум маҳсулотлари ички бозорларга тарқатилади. Натижада туманда тухумнинг нархи барқарорлиги таъминланади. Давра суҳбатида шу хусусда ҳам сўз юритилди.
Ҳа, тадбиркорликка қаратилаётган эътибор элга қаратилаётган эътибордир. Бу эзгу ғоя туфайли нафақат тадбиркорнинг фаолияти равнақ топади, балки кўплаб инсонларнинг турмуши фаровон бўлади. А.Ҳаитовнинг ташрифи эса фуқаролар фаровонлигини янада оширишга қаратилгани билан янада аҳамиятли бўлди. Ҳудудларда Ишчи гуруҳ фаолияти давом этмоқда.
Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ, OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби