http://uza.uz/upload/iblock/07d/pukhta_tayyergarlik_muvaffa_iyat_garovi.jpg

Пухта тайёргарлик муваффақият гарови

Жиззах вилояти ғаллакорлари жорий йилда 101 минг 500 гектар майдонда бошоқли дон етиштирди.

Шу кунларда вилоятнинг барча ҳудудларида ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ғалла ўрим-йиғимига пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Жойларда ҳудудий “ғалла штаблари“, туман ишчи гуруҳлари ва ғалла ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилиб, дон қабул қилиш шохобчалари мавсумга тайёрланмоқда. Ўрим комбайнлари учун етарли эҳтиёт қисмлар захираси яратилди.

Пишиб етилаётган ҳосилни юқори унумли комбайнлар ёрдамида қисқа вақтда ўриб-янчиб, қабул масканларига етказиш учун ташкил этилган махсус отрядларга етарли ишчи кучлари бириктирилган. 294 та ғалла ўриш комбайни, мингдан зиёд дон ташиш техникаси, кўчма устахона, ёқилғи-мойлаш материалларини ташиш агрегатлари яна бир марта техник кўрикдан ўтказилмоқда.

Ўрим-йиғимни қисқа фурсатда, нобудгарчиликсиз якунлаш комбайн операторларининг меҳнатига, уларга яратилган шарт-шароитларга боғлиқ. Шунинг учун мавсум олдидан комбайн операторларининг рўзғоридан кўнгли тўқ бўлиши учун ҳар бирига 800 минг сўмдан нақд пул, 50 килограммдан ун, 5 литрдан ўсимлик ёғи, картошка, сабзи, пиёз каби озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётир.

Ҳосилни йиғиштириб олишга тайёргарлик ишларининг қонуний ва сифатли бажарилиши прокуратура идоралари ходимлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

– Ғалла ўрим-йиғими даврида нобудгарчиликнинг олдини олиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича вилоятдаги барча тегишли жойларга эслатма варақалари тарқатилди, — дейди вилоят прокуратурасининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими прокурори Миржамол Аҳмедов. – Шунингдек, ғалла ўрим-йиғимига жалб этиладиган техникаларнинг узлуксиз ишлашини, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида техник кўрикларнинг сифатли ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png