Қарор ва ижро: Бунёдкорлик давом этади
Тақдирнинг кутилмаган синовлари халқимиз иродасини букмади, балки меҳр-оқибатини, ишончини янада мустаҳкамлади. Пандемия шароитида жонажон юртимизда саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги каби тармоқларда ишлар бир зум бўлсада тўхтагани йўқ. Аксинча янги марралар олиниб, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишга рағбат уйғонмоқда.
Юртбошимизнинг жорий йил 19 май куни “Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2021 йил 1 январгача импорт қилинадиган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари божхона тўловидан озод этилди. Бундан ташқари, 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача импорт қилинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва механизмларини олиб кириш учун қўйилган божхона тўловлари ҳам бекор қилинмоқда.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишидан мақсад республикамизнинг барча ҳудудларида урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида юз берган фавқулодда ҳодисалар оқибатларини зудлик билан бартараф этиш ва аҳолининг замонавий уй-жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда қурилиш-пудрат ташкилотларини қўллаб-қувватлашдир.
Қарорга асасан 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда божхона тўловларини тўловчилар импорт қилинадиган қурилиш соҳасида фойдаланиладиган машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, кичик механизация воситалари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича божхона тўловларини (қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи ҳам бериляпти.
Бу каби имконият ва имтиёзлардан руҳланган навоийлик тадбиркорлар, айниқса, қурилиш ташкилотлари фаолияти анча жонланди. Қурилиш объектларига келтирилаётган замонавий техника ва асбоб-ускунлар иш унумдорлигини оширишга хизмат қилиши билан бирга сифатни оширади.
Мамлакатимизнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғи сўнгги икки йилда жадал ривожланиб, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган 180 турдаги маҳсулотлар истеъмолчиларга етказиб бериляпти. Ҳозир вилоятимиздаги соҳа корхоналари томонидан табиий тош қоплама буюмлар, мармар, гранит, шағал, қум, чақиқ тош, харсангтошлар, шиша, сопол, фосфор, чинни буюмлари саноати учун хомашё тошлари, пардозбоп майда тошлар ва мармар харсанглари, табиий тош нақшбоп (мозаика), полбоп ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилмоқда.
Юртимизда қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳажмининг кескин ошганлиги, табиий пардозбоп тошларга бўлган талабнинг ҳам кўпайишига олиб келди. Бугун воҳамизда кечаётган бунёдкорлик ишлари кўламини баҳолаш учун рақамларга кўз ташлашнинг ҳожати йўқ. Қурилишлар миқёсини амалда ҳам ҳамма кўриб-билиб турибди. Аҳамиятлиси, айни шу жараён жадал тус олгани сари вилоятимизда қурилиш индустрияси фаол ривожланмоқда. Натижада ушбу фаолиятга ихтисослашган корхоналар фаолияти барқарорлиги таъминланди. Ўз навбатида, турдош ишлаб чиқарувчиларнинг кўпайиши тармоқда кучли рақобат юзага келишига хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг қурилиш ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этишга кўмак берадиган мазкур қарори шаҳарларда кўп қаватли уй-жойлар қурилиш ишларини йилдан йилга ортиб боришига олиб келади.
Улуғбек ФАЙЗИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, “Zarafshan Golden Group” компанияси таъсисчиси.