Андижонда "Made in Uzbekistan" савдо ярмаркаси ўтказилди
Андижон шаҳрида "Made in Uzbekistan" шиори остида савдо кўргазмаси ўтказилди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Инвестиция ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган савдо ярмаркасида вилоятдаги 100 дан зиёд ишлаб чиқарувчи корхоналар, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлик субъектлари, ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
– Ярмаркани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, коронавирус пандемияси шароитида маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қўмаклашиш, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умрбек Тожибоев. – Қолаверса, ҳудудий корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, коронавирус пандемияси туфайли фаолияти маълум вақт тўхтаб қолган ва эндиликда иш бошлаган корхоналарни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Айни кунда Андижон вилоятида қарийб 36,5 мингга яқин кичик ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Улардан 12 минг 700 таси кейинги уч йил ичида ташкил этилган хўжалик субъектларидир. Ана шу корхоналарнинг 2019 йил якуни бўйича вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши қарийб 71,4 фоизни ташкил этди.
Ярмаркада ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг саноат, қурилиш, трикотаж, озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, ҳунармандлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўпчиликнинг эътиборини тортди.
– Корхонамизда Хитой технологияси асосида мева ва сабзавотлардан жем, повидло, умуман, 15 хилдан ортиқ турдаги маҳсулотлар тайёрланади, – дейди Избоскан туманидаги “ПБК” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Собиржон Абдураҳимов. – Ҳам табиий, ҳам сифатли, ўзига хос маҳсулотларимизга нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам қизиқиш катта. Ана шуни ҳисобга олиб, маҳсулотларимизни кичик ҳажмдаги, бир марталик идишларга қадоқлашга ҳаракат қиляпмиз.
–2017 йилдан фаолият олиб бораётган корхонамизда айни пайтда 35 дан ортиқ турдаги спорт жиҳоз ва буюмлари ишлаб чиқарилади, – дейди Балиқчи туманидаги “RATEX” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Покистон қўшма корхонаси раҳбари Жалолидин Аҳмедов. – Биргина ўтган йили қарийб 4 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, харидорларга етказиб берилди.
Коронавирус пандемияси туфайли маълум вақт фаолиятимизни тўхтатиб туришга мажбур бўлдик. Бугунги кунга келиб эса корхона фаолияти босқичма-босқич тикланмоқда. Ўтказилаётган ярмаркада маҳсулот етказиб бериш бўйича қатор шартномалар тузишни режалаштирганмиз.
Андижон шаҳридаги “Texnopol ELIT” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган антисептик воситаларга иштирокчиларнинг қизиқиши катта бўлди.
– Корхонамизда 12 хил турдаги дезинфеция воситалари тайёрланади, – дейди жамият раҳбари Нуриддин Қосимов. – Ўтган йили қарийб 900 миллион сўмлик маҳсулот сотилган бўлса, пандемия туфайли маҳсулотларимизга талаб кучайган жорий йилнинг ўтган даврида 50 тонна миқдордаги ана шундай маҳсулотлар республика миқёсида харидорларга етказиб берилди.
Карантин ва коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилган ҳолда ўтказилган мазкур ярмарка давомида ишлаб чиқарувчилар билан савдо ва бошқа корхоналари ўртасида маҳсулот сотиш, сотиб олиш бўйича қатор манфаатли шартномалар тузилди.