http://uza.uz/upload/iblock/044/onunchilik_palatasida_ayrim_y_nalishlarda_davlat_byudzheti_i.JPG

ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА: Айрим йўналишларда Давлат бюджети ижроси тўлиқ таъминланмаётгани танқид қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг видеоконференция йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил ва 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Фракция йиғилишида депутатлар эътирозига сабаб бўлган бир қатор масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, 2019 йилда 1,6 триллион сўм миқдоридаги маблағ 992 нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш учун тадбиркорларга имтиёзли 1 фоизли кредитлар учун ажратилган. Лекин ушбу масалада тадбиркорлар кредит олишида муаммоларга дуч келаётгани кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Депутатлар шу кредитлар берилиш ҳолати бўйича вилоятлар кесимида аниқ мониторинг ўтказиш масаласига тўхталди.
Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасига 2019 йилда Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 14,9 триллион сўмни ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 23,6 фоизини ташкил этди.
Аҳолига ихтисослаштирилган нефрологик ва гемодиализ тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури бўйича жами 84,6 миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Лекин нефрологик ва гемодиализ ва онкологик ёрдам кўрсатилишига муҳтож аҳолининг бугунги кундаги сонидан келиб чиқиб, ажратилаётган маблағларни қайта кўриб чиқиш зарур. Айниқса ижтимоий ҳимояга мухтож инсонларга бу йўналишларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам ва хизматни янада яхшилаш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Депутатлар корхоналар учун муҳим бўлган молиявий ресурслар солиқ органлари томонидан келаси давр учун солиқ ва мажбурий тўловлар сифатида олиб қўйилаётганини танқидий баҳолади.
Жумладан, тақдим этилган маълумотларга кўра, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, ортиқча тўловлар 167,7 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Солиқ органлари тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи органга айланиши зарур бўлган бир даврда эскича ишлаш қачонгача давом этиши ва қўмита томонидан бундай ҳолатларни бартараф этиш масалалари баҳсга сабаб бўлди.
Шунингдек, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси масаласи ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Ҳисоботни кўриб чиқишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси 2020 йил биринчи чораги давомида республика бюджетидан 61,9 миллиард сўм маблағ ажратилгани ва ушбу маблағларнинг фақат 86 фоизи харажат қилингани танқидий баҳоланди.
Жамғарма нима сабабдан ажратилган маблағларни тўлиқ ўзлаштирмагани, пандемия шароитида норасмий секторда банд бўлган аҳоли ишсиз қолиши натижасида келиб чиқаётган муаммоларни ҳал қилишда вазирлик жамғарма фаолиятини қайта кўриб чиқиши зарурлиги таъкидланди.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png