Постпандемик иқтисодиёт: тез кунда онлайн бизнес академия ўз фаолиятини бошлайди
Қарор ва ижро
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу ташкилот нафақат тадбиркорлар фаолиятига кўмак беради, балки уларнинг шу йўналишда билим ва кўникмаларга эга бўлишига имконият яратади.
Шу сабабли, Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик таълимини институционал ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш ва ишбилармонлик кўникмаларига эга бўлиш бўйича яхлит интеграциялашган тизимини яратиш концепциясини ишлаб чиқди. Ушбу концепцияни амалиётга татбиқ этишга қаратилган “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.
Хўш, яхлит интеграциялашган тизим қандай тартибда ҳаётга татбиқ этилади?
Аввало, мазкур тизим палата томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг замонавий ва янги кўриниши ҳисобланади. Тизим ўзаро бир-бирига боғланган, яъни “Республика – вилоят – туман (шаҳар) – маҳалла” схемаси тамойилига асосланган ҳолда амалга оширилади. Бунда амалий саъй-ҳаракатлар 4 базавий йўналишда олиб борилади ва 67 турдаги аниқ тадбирлар ижросига эътибор қаратилади.
– Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга қаратилаётган ҳар томонлама ғамхўрлик ва эътибор уларнинг фаолиятида муҳим ўрин эгалламоқда, – деди Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори Улуғбек Камалетдинов. – Шу талаблардан келиб чиқиб, Савдо-саноат палатаси ҳам аҳоли ўртасида ишбилармонлик муҳитини яратиш, бу борада билим ва йўл-йўриқлар кўрсатишга кенг аҳамият қаратмоқда.
Яхлит интеграциялашган тизимини яратиш концепциясининг ишлаб чиқилиши ва уни татбиқ этиш бу каби ишларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бунда биз, асосан, тадбиркорликни оммалаштириш, аҳолининг кенг қатламларини тадбиркорликка “руҳлантириш” бўйича тадбирларни ташкил этамиз. Бизнесни бошлаш ва юритишда тадбиркорларга маълумотлардан фойдаланиш, режа тузишни ўргатиш, ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасини институционал ривожлантириш ва яна энг муҳими, тадбиркорлик таълими жараёнини рақамлаштириш, ўқитувчилар малакаси ва касбий салоҳиятини ошириш режаларимиз бош мақсадидир.
Бу ишлар натижасида 2020 йилнинг охиригача жами 33,9 минг аҳоли турли йўналишлардаги тадбиркорлик соҳасига оид зарур билим ва кўникмага эга бўлади. Улар 10 турдаги ўқув қўлланма, 20 турдаги флаер ва презентациялар билан таъминланади.
“Йўл харитаси” бўйича қилинадиган ишлар Ўзбекистонда илк бор тадбиркорлик таълимини институционал ривожлантиришга туртки бўлиши билан бир қаторда таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга пухта замин яратади. Масалан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Туркия Савдо-саноат палаталари ва биржалар иттифоқи билан биргаликда Тошкент шаҳрида Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиалини очишни режалаштирган.
Бу эса келгусида палата тизимини зарур билим ва салоҳиятга эга мутахассислар билан таъминлаш, профессионал тадбиркорлар ва менежерлар синфининг вужудга келишида дадил қадам. Шу мақсадда ҳозир янги 2020/2021 ўқув йилида ушбу университетга 200 нафар талабани қабул қилиш бўйича ишлар бошланган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 апрелда “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Иқтисодий ривожланишнинг асоси бўлган рақамли таълимнинг нақадар долзарб эканини бугунги пандемия шароитида ҳаётнинг ўзи яна бир кўрсатиб қўйди.
Яқинда Савдо-саноат палатаси томонидан рақамли таълимни ривожлантириш борасида 7 йўналиш бўйича онлайн дарсликлар ва ўқув курсларини ўзида мужассам этган “Онлайн Бизнес академия” портали фаолият бошлаши ҳам айни кун талабларига мос жавобдир.
– Ушбу портал имкониятларидан республиканинг хоҳлаган нуқтасида яшаётган фуқароларимиз беминнат фойдаланиши мумкин бўлади, – деб давом эттирди ўз сўзини Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори Улуғбек Камалетдинов. – Масалан, тизим ҳозирда Фарғона водийсининг 9 манзилида барпо этилаётган туманлараро Стартап-инкубатор марказлари билан ўзаро интеграция қилинади. Мазкур марказлар, ўз навбатида, Тошкент шаҳрида Жанубий Кореянинг KOICA ташкилоти билан татбиқ қилинадиган “Стартаплар экотизимини яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази” лойиҳасининг таркибий қисмига айланади. Тажриба ижобий натижа берса, у республиканинг барча вилоятларида қўлланилади.
Таъкидлаш керакки, 2020–2024 йилларда ушбу мақсадлар учун Жаҳон банкининг кредит линияси доирасида 3 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳукумат субсидияси, KOICA ташкилоти томонидан 5,5 миллион АҚШ доллари миқдорида техник кўмак ажратилган. Шу билан биргаликда, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳудудларда ташкил этиладиган “Тадбиркорлик фаолияти асослари” ўқув курсларининг янгиланган дастури ва регламенти ишлаб чиқилган ҳамда 17 вазирлик ва идоралар билан келишилган.
Энди Савдо-саноат палатаси томонидан амалга оширилган ўқув курсларининг натижаларига эътибор қаратсак. Шу йилнинг биринчи чорагида 132 маротаба “Тадбиркорлик асослари” ўқув курслари ташкил этилган. Бу ўқувларда 6 минг 745 нафар фуқаро таълим олган. Тингловчиларнинг ўқишдан кейинги фаолияти мониторингига кўра, айни шу чоракда уларнинг 215 нафари тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган, 88 нафари эса тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга муваффақ бўлган.
Бу жараёнда бизнес ривожи учун банкларнинг жами 20,7 миллиард сўмлик кредит маблағи ўзлаштирилган, тадбиркорларнинг 11,5 миллиард сўм шахсий маблағи йўналтирилган. Тижорат банкларига 2,5 миллиард сўм миқдордаги бизнес лойиҳалар кредит олиш учун топширилган. Бу ишлар эса 1146 янги иш ўрнини яратишга имкон яратди.
Бугунги кунда коронавирус пандемияси сабаб марказдаги барча таълим жараёнлари онлайн ўқитиш тизимига ўтказилган. www.direktor.uz портали орқали шу кунга қадар жами 2 минг 715 нафар бизнес вакиллари масофавий ўқишни бошлаган, улардан 1 минг 126 нафари курсни тугатиб, сертификат олишга муваффақ бўлди.