Карантин атроф-муҳит тозалигига ижобий таъсир кўрсатмоқда
Коронавирус пандемияси бутун дунёда ишлаб чиқаришни деярли тўхтатиб қўйди. Барча турдаги транспорт воситалари ҳаракати чекланди. Бу эса атроф-муҳитнинг тозалигига ижобий таъсир кўрсатмоқда
Куни кеча Тунис Миллий метеорология институти икки ойлик карантиндан кейин атроф-муҳитнинг ифлосланиши сезиларли даражада камайганини маълум қилди.
“Туниснинг шимоли ҳамда марказий қисмида ҳаво 40 фоизга тозаланди, бунга трассаларда транспорт ҳаракатининг чеклангани ва саноат ҳудудларида ишлаб чиқариш қисқаргани сабаб бўлди“, — дея таъкидлайди TAP ахборот агентлиги.
Олимларнинг таъкидлашича, яқин орада вазият яна ёмонлашиши мумкин, чунки ҳукумат карантин туфайли ёпилган заводлар ва муассасаларнинг иш фаолиятини қайта тиклашни режалаштирмоқда.
Бундан аввалроқ Туниснинг йирик лойиҳалари билан боғлиқ масалалари бўйича вазири Любна Жриби ҳукумат 4 июндан бошлаб музейлар, меҳмонхоналар, масжидлар фаолиятини яна қайтадан тиклашни режалаштираётганини айтган эди. 14 июндан эса мамлакат иқтисодиётининг барча сектори ишга туширилиши маълум қилинди.