Янги уйларни замонавий техника ва механизмлар қуради
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётган бўлиб, янги массив ва шаҳарчалар қад ростлаяпти.
Фарғона вилоятида ҳам бинолар, кенг ва равон йўллар, миллий ва замонавий меъморчилик андозалари билан уйғунлашган уй-жой, маданий, маиший иншоотлар қурилиши кундан кунга авж олмоқда.
Дарҳақиқат, кўркам бино ва иншоотларни қуриш замонавий, ҳар жиҳатдан қулай техника ва технологиялардан самарали фойдаланишга боғлиқ. Ҳар жиҳатдан эскирган механизмлар бу ишларни амалга оширишга қодир эмас. Хориждан олиб келинадиган техникаларнинг нархи, бож тўловлари ҳамёнбоп эмасди. Устига устак уларни расмийлаштириш жараёнидаги ортиқча оворагарчилик, қоғозбозликлар кўпнинг тинкасини қуритарди. Шу сабабли эгаридан тушови қиммат бўлган қурилиш техникалари, асбоб-ускуналарни харид қилишнинг имконияти йўқ эди. Бу эса қурилиш ишларини жадаллаштириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашда ўзига хос муаммоларни келтириб чиқараётганди.
Эндиликда импорт қилинадиган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари, кўп қаватли монолит уй-жойлар қуриш учун ташқаридан олиб келинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва мехнизмлар божхона тўловларидан озод қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 майдаги “Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган имтиёз ва имкониятлар бу ишларни янги босқичга олиб чиқди.
– Вилоятимизда олиб борилган ишлар таҳлилларга тўхталадиган бўлсак, божхона постларида 2019 йил ва 2020 йилнинг 4 ойи давомида умумий қиймати 3,5 миллион АҚШ долларига тенг янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар импорт тартибида олиб келиниб, улардан жами 3,8 миллиард сўм божхона божи ва акциз солиғи ундирилган, – дейди Фарғона вилоят божхона бошқармаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалар билан алоқалар гуруҳи бош инспектори Шоҳрух Мирзаев. – Чунки Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида (Т) янги қурилиш ва махсус техникаларига ТИФ ТН кодини ўзгаришига қараб 5 фоиздан 70 фоизгача божхона божи ва 40 фоиз акциз солиғлари ундирилиши белгиланган эди. Масалан, қиймати 50 000 АҚШ долларига тенг, дизель ёқилғисида ҳаракатланувчи, 2019 йилда ишлаб чиқарилган, мотор ҳажми 11500 см3, умумий вазни 20 тоннадан ортиқ бўлган юк машинаси (самосвал) транспорт воситаси импорт қилинганда 3 миллиард 241 миллион сўм божхона божи, 202,59 миллион сўм акциз солиғи ва 592,58 миллион сўм қўшилган қиймат солиғи тўланиши лозим эди. Бу теникалар таннархини кескин кўтарилиб кетишига олиб келган.
Янги қарор доирасида берилган имтиёзлар туфайли эндиликда ушбу транспорт воситаси импорт қилинса, фақат 75,97 миллион сўм қўшилган қиймат солиғи тўлайди холос. Шунингдек, 2020 йил 1 июлдан 2023 июлгача бўлган муддатда импорт қилинадиган, қурилиш соҳасида фойдаланиладиган машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, кичик механизация воситалари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилгани ҳам аҳолининг замонавий уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
– Ўтган йили 5 миллиард сўмдан ортиқ қурилиш-монтаж ишларини бажарганмиз, – дейди “Шукрона файзли замин” хусусий корхонаси раҳбари Умиджон Қўлдошев. – Бунёдкорлик ишлари бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Лекин аксар ҳолларда зарурий техника ва технологиялар етишмай қолади. Четдан харид қилмоқчи бўлсак, давлат божлари юқорилиги боис улар икки ҳиссага қимматлашиб кетади. Шу сабабли айрим техникаларни шартнома асосида ижарага олиб фойдаланиб келамиз. Бу қурилиш ишларини бироз кечиктириш, таннархининг сунъий ошиб кетишига сабаб бўлган. Эндиликда, қарорда кўрсатилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда хорижлик ҳамкорлар билан янги турдаги техника ва технологиялар, кичик механизм, асбоб-ускуналарни харид қилиш юзасидан ўзаро келишувлар олиб боряпмиз.
Таъкидлаш жоизки, аҳолининг замонавий уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда қурилиш-пудрат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш борасида берилган янги имтиёз ва имониятлар бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш, аҳоли учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.