Ун ишлаб чиқаришда узилиш бўлмайди
Коронавирус пандемияси бутун дунёни жиддий синовдан ўтказаётган бугунги кунда озиқ-овқат саноатининг узлуксиз ишлаши ижтимоий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, дастурхонининг бош неъмати нон бўлган ўзбек халқи учун дон маҳсулотлари корхоналарининг ўрни беқиёс.
“Наманган дон маҳсулотлари” очиқ турдаги акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш салоҳияти жиҳатидан нафақат вилоят, балки республикада ҳам мавқеи мустаҳкам корхоналардан бири ҳисобланади.
Эл бошига иш тушган бугунги кунда ҳам мазкур жамият жамоаси халқимизга ун етказиб бериш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар бир маромда ишлашини таъминлашдек ҳаётий эҳтиёж билан боғлиқ вазифасини шараф билан адо этиб келмоқда.
Ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида корхонада 280 га яқин ходимнинг навбатчилик жадвали асосида ишлаши йўлга қўйилган. Барча цех ва бўлинмаларда ишловчилар икки гуруҳга ажратилган ҳолда, ўн беш кунлик вахта тамойилида, ётоқ тартибида меҳнат қилмоқда. Уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида корхона ҳудудида карантин билан боғлиқ санитария-гигиена талабларига риоя қилиш учун барча шароит яратилган.
Жорий йилнинг март ойида амалга оширилган қайта модернизациялаш доирасида корхонада янги қувват – 250 тонна буғдойни қайта ишлайдиган тегирмон цехи ҳам ишга туширилди. Корхона томонидан март-апрель ойларида қарийб ўн минг тонна ун ишлаб чиқарилди.
– Айни пайтда 140 нафар ишчи карантин талабларига риоя этган ҳолда ўз меҳнат фаолиятини давом эттираяпти – дейди корхона касаба уюшмаси раиси Эркин Қаҳҳоров. – Ётоқ тартибида ишлаётганларнинг гигиена қоидаларига риоя этиши қатъий назоратга олиниб, уларнинг тана ҳарорати мунтазам ўлчаб турилибди. Корхона ҳудудига маҳсулот олгани келган транспорт воситалари дезинфекция қилингач ичкарига киритилмоқда.
Чиқарилаётган маҳсулот вилоят аҳолисига тўла етказиб берилмоқда. Бу жараён давлат солиқ хизмати томонидан тўлиқ назоратга олинган.
– Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланган “Наманган дон маҳсулотлари” очиқ турдаги акциядорлик жамиятининг давлат бюджетини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз, – дейди Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Иномов. – Корхона томонидан давлат бюджетига апрель ойи учун 4 миллиард, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 7,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ўтказиб берилди.
Пандемия даврида давлатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор фармонлар эълон қилинди. Бу, ўз навбатида, уларнинг фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни юмшатишга хизмат қилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, вилоятда айни пайтда пандемия сабаб фаолиятини тўхтатган 8559 та корхона ва ташкилотларнинг 1917 таси қайта иш бошлади.