40 мингдан ортиқ иш ўрни тикланди
Президентимиз 26 май куни ўтказган видеоселекторда карантиндан сўнг иқтисодиётни тиклаш муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифа бўлиб турганига эътибор қаратди. Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати бу борада ҳудуд иқтисодий секторида амалга оширилаётган ишлар, айни пайтдаги вазият ҳақида қуйидагиларни хабар қилди.
Жиззах вилоятида фаолият кўрсатаётган 10 минг 945 та субъектнинг 6 минг 271 таси ёки 57 фоизи коронавирус пандемияси даврида ўз фаолиятини тўхтатган эди. Республика махсус комиссиянинг жорий йил 6 майда ўтказилган йиғилишидан сўнг “яшил ҳудуд”ларда айрим чекловларнинг олиб ташланиши натижасида тадбиркорлик субъектларидан 5 минг 469 тасида карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда фаолият қайта йўлга қўйилди, дейилади ахборот хизмати хабарида.
Жумладан, саноатда 1 минг 388 та, қурилишда 483 та, умумий овқатланишда 221 та, улгуржи ва чакана савдода 1 минг 327 та, маиший хизматда 168 та, транспортда 161 та, меҳмонхона ва туризмда 17 та ва бошқа соҳаларда 1 минг 704 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта йўлга қўйилиши натижасида жами 43 минг 105 та иш ўринлари тикланди.
Айниқса, карантин туфайли тўхтаб қолган йирик саноат корхоналари қайта иш бошлаши билан юзлаб оилалар яна доимий даромадга эга бўлди. Масалан, Арнасой туманидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Аrnasoy gold tex” МЧЖ фаолиятини тиклаш натижасида 453 нафар, Жиззах шаҳридаги темир-бетон буюмлари ишлаб чиқарувчи “Зенаткор темир-бетон буюмлари“ МЧЖнинг 84 нафар, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Бону ширинликлари“ МЧЖнинг 137 нафар, Зафаробод туманидаги цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Хуахин цемент” МЧЖда қурилиш-пудрат ишлари жонлантирилиши натижасида 500 нафардан зиёд қурувчи, ишчи ва техник ходимлар меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.
Айни пайтда 802 та тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тиклаш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, автомашиналарни ювиш шохобчалари, уларга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва эҳтиёт қисмлари сотиш дўконлари, ҳунармандчилик, маиший жиҳозларни таъмирлаш устахоналари, чакана ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдо дўконлари фаолиятига рухсат берилиши, йўналишсиз таксилар, озиқ-овқат дўконлари, тижорат банкларининг шохобчалари, сартарошхона ва гўзаллик салонларининг иш бошлагани ҳам иқтисодиётни, одамлар турмушини тезроқ изга туширишга муҳим улуш бўлиб қўшилмоқда.
Фаолияти тикланган ҳар бир субъектнинг карантин қоидаларига қатъий амалга қилган ҳолда ишлаш регламенти мавжуд. Эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳар бир корхона қатъий назоратга олинган.
Бугунги оғир синов кунларида яна бир оддий ҳақиқатни барча соҳада карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳар биримизнинг, яқинларимизнинг соғлиги ва бутун жамиятимизнинг тинч ҳаёти учун нечоғли муҳим эканлигини тобора кўпроқ одамлар англаб етаётир.