Фарғонада 40 та оила бекаси ишли бўлди
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва Тошлоқ тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида сабзавот етиштириш учун ихтисослашган кооперация ташкил этилди.
Эзгу ташаббус доирасида қисқа фурсатда “Юқори қишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ташландиқ ҳолатда турган ерда барча шароитларга эга муҳташам дала шийпони қурилди ва сув чиқарилди. Кооперация учун ажратилган 9 гектар ер майдони ҳудуддаги 40 нафар хотин-қизларга 0,25 сотихдан бўлиб берилди. Иш унумдорлигини ошириш мақсадида Касаба уюшмалари федерацияси томонидан кооперациягга замонавий трактор ажратилди.
-Уч нафар қизим, ўғлим ва келиним кооперация аъзоси сифатида иш бошладик,-дейди Муҳаммадсиддиқ Собиров. – Ҳозирги кунда биринчи ҳосил бўлган қизил ловия парвариши авжида. Ловия 45 кунда пишишини инобатга олиб, иккинчи ҳосилга ҳам шу экин туридан экишни режалаштирганмиз. Кейин саримосоқпиёз экамиз. Ердан бир йилда 3-4 маротаба ҳосил олиш орқали ҳар бир аъзонинг йиллик ўртача даромадини 25 миллион сўмга етказиш кўзда тутилган.
Рўзихон Содиқова, Олияхон Бозорбоева, Ҳидоятхон Муҳаммадалиева сингари кооперация аъзолари ҳам муқим иш ўрнига эга бўлиб, оила даромадига ҳисса қўша бошлаётганидан мамнун. Кооперация маҳсулотларини асосан хорижга экспорт қилиш мўлжалланмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан ҳудудларда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, айниқса, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш орқали оилалардаги маънавий-руҳий муҳитни яхшилаш қаратилган бу каби изчил саъй-ҳаракатлар эътиборга лойиқ. Ҳаётбахш дастурлар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қуватлаш, камбағалликни қисқартиши йўлидаги эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.