http://uza.uz/upload/iblock/380/tibbiyet_khodimlariga_1_2_milliard_s_m_ra_batlantirish_puli_.jpg

Тиббиёт ходимларига 1,2 миллиард сўм рағбатлантириш пули тўланишида кечикишга йўл қўйган ходим ишдан олинди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси томонидан тиббиёт ходимларига рағбатлантириш пуллари учун талабнома юборилган бўлса-да, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўрнатилган тартибда тиббиёт ходимлар рўйхатини тасдиқлаб, маблағ ажратишга талабномани вилоят молия бош бошқармасига тақдим этмаганлиги ҳақидаги хабар тарқалди.
Хабарда Молия вазирлиги давлат молиявий назорати департаменти томонидан жорий йилнинг 15-18 май кунлари коронавирус билан касалланган беморлар даволанаётган тиббиёт муассасалари ва бу жараёнда иштирок этаётган бошқа муассасаларда ўтказилган назорат тадбирларида юқоридаги ҳолат оқибатида вилоятда 61 нафар тиббиёт ходимларига 1,2 млрд. сўм рағбатлантириш пуллари тўланишида кечикиш аниқланганлиги айтилади.
Мазкур ҳолатни изоҳлаган Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 1 майида вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида тизимда иш унумдорлигини янада ошириш ҳамда ходимлар томонидан ички меҳнат тартиб қоидаларига тўлиқ риоя этиш масаласига қаратилган навбатдаги ижро аппарати йиғилиш баёнида белгиланган топшириқларга биноан инқирозга қарши ташкил этилган жамғармадан берилаётган 6 фоизлик қўшимча маблағ ҳамда карантинга бириктирилган ходимларнинг иш ҳақлари, штатларнинг тўғри тақсимланиши, шунингдек, уларнинг ҳисоб-китобини юритиш ишлари бошқарманинг бош иқтисодчиси С.Исламов зиммасига юклатилган.
Тиббиёт ходимларига маблағ ажратиш учун молия бош бошқармасига тақдим этиладиган талабномани ўрнатилган тартибда, ўз вақтида тақдим этмаганлиги сабабли вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассиси (иқтисодчиси) С.Исламов ўз вазифасидан озод этилди.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png