Карантин даврида ҳам мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда
Коронавирус пандемияси шароитида аҳоли муаммолари, мурожаатлари билан ишлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Ушбу вазиятда Президент Халқ қабулхоналари билан фуқаролар йиғинлари ўртасида ўрнатилган доимий онлайн мулоқот маҳаллалардаги мавжуд ҳолатни мунтазам мониторинг қилиб, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун масъулларни белгилаш имкониятини яратаётир.
Жиззах вилоятининг Арнасой тумандаги Олтин водий қишлоғида яшовчи фуқаро Хурсаной Шодмонованинг Халқ қабулхонасига мурожаати асосида ҳудудга янги трансформатор ўрнатилиб, 1,2 километрга электр узатиш тармоғи тортилди. Шу қишлоқдаги Чўлпон кўчасида яшовчи Мансур Данабоевнинг мурожаатига кўра туман газ филиали томонидан газ қувури тортилиб, 40 та хонадон табиий газ билан таъминланди.
Бундай мисоллар кўп.
– Кўчамизда ичимлик суви йўқлигидан қийналиб келаётган эдик, – дейди туманнинг Гулбахор шаҳарчаси Жамбул кўчасида яшовчи Гулдона Тулебекова. – Айниқса, карантин даврида сувни узоқдан ташиб ичиш жиддий муаммога айланди. Ниҳоят Халқ қабулхонасига қилган мурожаатимиз эътиборсиз қолмади. Туман “Сувоқава” корхонаси томонидан кўчамизга сув қувури ётқизилиб 26 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Арнасой тумани Халқ қабулхонасига жорий йилнинг ўтган даврида келиб тушган 130 та мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилиб, уларнинг 86 таси ижобий ҳал этилди. Шундан 10 таси тушунтириш орқали қаноатлантирилди. 34 таси ўрганиш жараёнида.
Шунингдек, виртуал қабулхона орқали келган 36 та мурожаатнинг 32 таси тўлиқ қаноатлантирилиб 4 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Туман халқ қабулхонасида карантин даври билан боғлиқ мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Масалан, Янгибўстон қишлоғида яшовчи Э.Ражабовнинг мурожаати бўйича ҳудудга биркитилган савдо ташкилоти орқали 9 тонна ун етказиб берилди. Зарафшон қишлоғининг К. Тўхтаевнинг туман ҳокимлиги биносини таъмирлашда ишлаган даври учун иш ҳақини ололмаётганлиги, Бўстон қишлоғилик Ш.Умаров карантин туфайли онасини онкология шифохонасига олиб боролмаётганлиги каби мурожаатлари ижобий ҳал этилди.
Ҳозиргача туман Халқ қабулхонасига келиб тушган карантин билан боғлиқ 17 та мурожаатдан 12 таси ижобий, 5 тасига ҳуқуқий тушунтириш бериб қаноатлантирилди.
Келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш ва ўрганиш карантин талаблари асосида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилаётир. Фуқаролардан келиб тушаётган талаб ва таклифлар асосида секторлар раҳбарлари ҳамда бошқа идора ва ташкилотларни жалб этган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари савдоси маҳаллалар кесимида йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, халқ қабулхоналарига муҳтож инсонлар ва оилаларга ёрдам кўрсатиш истагини билдириб мурожаат қилаётган кўплаб савобталаб юртдошларимиз ва тадбиркорларнинг ҳомийлик ёрдамлари туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошида ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига йўналтирилди.
Туман Халқ қабулхонасида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами – боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслар, доимий иш билан банд бўлмаган инсонлардан тиббий-ижтимоий, моддий ёрдам кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларига биринчи навбатда эътибор қаратилиб, уларни қисқа фурсатларда мутасадди давлат ташкилотлари иштирокида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.