Дала ҳовлидаги ўтириш 15 сутка маъмурий қамоққа етаклади
Бугун дунё аҳли коронавирус қанчалик хавфли эпидемия эканлигини ва фавқулодда тез тарқалишини англаб етди. Хусусан, мамлакатимизни ҳам бу вирус четлаб ўтмади. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида бу вирусни жиловлашга ҳаракат қилиняпти.
Карантин қоидаларига риоя қилиб, тинч-осойишта ҳаётимизнинг бардавомлигини таъминлаш ҳар биримиздан янада ҳушёр бўлишни, асло хотиржамликка берилмасликни тақозо этмоқда. Баъзи фуқароларда ҳатто карантин тугади, деган тасаввур ҳам йўқ эмас. Республика махсус комиссияси томонидан вирусдан холи ҳудудларда карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатиляпти. Бу барча нарса мумкин дегани эмас. Агар карантин талабларига риоя қилинмаса “яшил чироқ” қизил ёниб қолиши мумкин. Афсуски, айрим фуқаролар томонидан карантин қоидаларини қўпол бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Фарғона шаҳрида 6 нафар ёшларнинг йиғилиб, зиёфат ташкил этганлигини қандай тушуниш керак? Жорий йилнинг 24 май куни соат 21:30 ларда Марғилон шаҳрида яшовчи А. Исмоилов, А. Маманазаров, Ш. Султонмурадов, И. Умаралиев, А. Иброҳимов ва С. Иргашевлар Фарғона шаҳридаги дала ҳовлига келиб, спиртли ичимлик ичган. Сув ҳавзасида чўмилишиб, ярим тунга қадар бақир-чақир қилиб, қўшниларнинг тинчини бузишган. Мазкур кўчада яшовчи фуқаролар бу ҳолат бўйича ИИБга хабарнома беришганидан сўнг воқеа жойига профилактика инспекторлари етиб боради. Маст бўлган бу ёшлар ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан уятли сўзлар билан сўкиб, қаршилик кўрсатган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик иши Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, уларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Ҳуқуқбузарлар суд жараёнида айбига иқрор бўлиб, қилмишларидан пушаймонда эканлигини билдиришди.
Албатта, энди кеч. Зеро, карантин қоидаларига риоя этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.