http://uza.uz/upload/iblock/bdb/infodemiya_yeki_fav_ulodda_vaziyatlarda_zhamoatchilik_fikrin.jpg

“Инфодемия” ёки фавқулодда вазиятларда жамоатчилик фикрини шакллантириш

COVID-19 вируси тарқалиши билан боғлиқ ҳолда юзага келган пандемия умумжаҳон миқёсида глобал ўзгаришларни юзага келтирди. Хусусан, ижтимоий муносабатларда ҳам янги ҳодисаларни пайдо қилдики, бу ушбу муносабатларни ўрганувчи фанларда, жумладан, социологияда янги илмий атамаларни пайдо қилди. Ана шундай атамалардан бири сифатида ҳозирги кунда илмий жамоатчиликда қизиқиш уйғотаётган – “инфодемия” тушунчасидир.
Эпидемия давлатлар олдида турли муаммоларни юзага келтирди. Хусусан, давлатнинг ижтимоий сиёсати, айниқса, соғлиқни сақлаш ва жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш тизимининг барқарорлиги, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва давлат органлари билан кенг жамоатчилик ўртасида ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашнинг мавжудлиги, иқтисодиёт соҳалари ва айниқса, рақамли иқтисодиётнинг ривожланганлиги каби муаммолар қаторида аҳолининг ахборот олишга бўлган эҳтиёжини қондириш тизими, унга нисбатан халқнинг ишончи даражаси, аҳолининг умумий ахборот маданияти, хизмат кўрсатиш соҳасининг юқори босимга бардошлилиги, мутахассислар, айниқса, журналистлар ва блогерларнинг профессионаллиги, давлат ва жамоат ташкилотлари PR (жамоатчилик билан алоқалар) хизматларининг тайёргарлиги кабилар синовдан ўтмоқда.
Мутахассислар пандемия кенг тарқалишининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишда муҳим бўлган бир қатор омилларни ажратиб кўрсатган. Уларнинг ичида энг муҳимларидан бири – аҳолининг хабардорлик даражаси билан ишлаш, социология тили билан айтганда, жамоатчилик фикрини мақбул йўналишда шакллантиришдан иборат. Боиси, соҳа вакиллари яхши биладики, мана шунга ўхшаш жамият учун синовли даврларда мақсадли равишда ёлғон маълумот тарқатишдан тортиб, ахборот маданияти паст бўлган инсонларнинг турли миш-мишларга ишониши ва ўзлари ҳам ушбу миш-мишларни тарқатиши кучайиб кетади. Бу, ўз навбатида, жамоатчиликда нотўғри, реал воқеликдан фарқ қилувчи ахборотнинг пайдо бўлиши ва қарор топишига олиб келади. Бу эса, оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бунақа пайтда, тўлиқ ва тўғри, ишончли маълумотга эга бўлмаган инсоннинг бошқаларга ҳеч қандай ахборот бермасдан, жим туриши фойдалироқ бўлади. Афсуски, кўпчилигимиз буни англамаймиз ва фавқулодда ҳолатларда билиб-билмасдан жамоатчилик фикрининг нотўғри шаклланиб қолишига сабабчи бўламиз.
Пандемия ваҳимаси натижасида жамиятда кучайиб кетадиган ва коронавирусга қарши умумий кураш ишига кўмаклашиш ўрнига унга зарар келтирадиган мана шунақа нотўғри хабарлар тарқатиш ва шу билан жамоатчилик фикрига салбий таъсир кўрсатиш ҳодисасини мутахассислар “инфодемия” деб номламоқда. COVID-19 вирусининг кучайиб бориши ва дунё бўйлаб кенг тарқалиши у билан боғлиқ турли ахборотлар, аксарияти нотўғри ва ёлғон маълумотлардан иборат бўлган хабарлар, миш-мишларнинг ҳам жаҳон бўйлаб қулоч ёйишига сабаб бўлди.
“Миш-миш”лар Жамоатчилик билан алоқалар (PR) фанида алоҳида ўрганилади. Мутахассисларнинг маълум қилишича, миш-миш айрим ҳодисалар тўғрисида бир кишидан (ёки бир неча кишидан) бошқаларга оғзаки узатиладиган (ҳозирги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали электрон кўринишда ҳам тарқалмоқда), расман тасдиқланмаган хабар бўлиб, бирон-бир ижтимоий гуруҳнинг манфаатлари ва қизиқишларига қаратилганлиги сабабли ушбу гуруҳ учун муҳим ҳисобланади. Эпидемиядан қисқа фурсатда пандемияга айланган касаллик бугунги кунда етиб бормаган қитъа ёки ҳудуд қолмади, дунёнинг деярли барча мамлакатларига кириб борди. Бу эса, дунё халқларининг манфаатларига дахл қила бошлади. Жаҳон иқтисодиёти ва маҳсулот айланишида салмоқли ўринга эга Хитой карантин режимига ўтганидаёқ, бошқа давлатларни ташвишга сола бошлаган эди. Касаллик бевосита ҳудудга ёки мамлакатга кириб кела бошлагач, ушбу мамлакатлар аҳолисида касаллик ҳақидаги ҳар қандай ахборотларга эҳтиёжи ошиб кетди. Бу эса, ўз-ўзидан COVID-19 касаллиги, хусусиятлари, пайдо бўлиш сабаблари, тарқалиши, олдини олиш ва шу кабилар билан боғлиқ мақсадли ёки мақсадсиз равишда шакллантирилган хабарларга қизиқишни ошириб юборди. Турли мақсадларда ёки мақсадсиз равишда тарқатила бошланган миш-мишлар, қанчалик эзгу мақсадларни кўзлаган бўлмасин, юқорида айтганимиздек, касалликни олдини олиш ҳамда унинг кечишини енгиллаштириш ўрнига, кўпинча тескари таъсир кўрсатмоқда. Шу боисдан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари коронавирусга қарши кураш ишининг асосий компонентларидан бири сифатида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидламоқда.
Жамоатчилик фикрини бошқаришда уни тўғри шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Агар у юқорида айтилганидек миш-мишлар ва ёлғон хабарлар асосида шаклланадиган бўлса, аҳолида нотўғри фикрларнинг ва шунга мос равишда нотўғри хатти-ҳаракатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Масалан, COVID-19 вирусидан саримсоқпиёз ёрдамида халос бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарларни кўриб чиқишимиз мумкин. Маълумки, саримсоқпиёз ҳар қандай ёт бактерияларни ўлдириш хусусиятига эга, организмнинг курашувчанлигини оширишга ёрдам беради. Бироқ, унда янги коронавирусни тўғридан-тўғри олдини олиш хусусияти исботланмаган. Агар мана шу хабарнинг кенг тарқалиши ва аҳолининг катта қисмини ўз ортидан эргаштиришининг олди олинмаса, касалликка нисбатан эътиборсиз, демакки эҳтиётсиз муносабат пайдо бўлишига олиб келар эди. Инсонлар ўз-ўзини изоляция қилиш ўрнига, саримсоқпиёзни еб, бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришиб, касалликни тарқатиб юраверишган бўлар эди.
Яна бир шубҳали хабар – кунлар исиб кетиши билан вируснинг чекиниши тўғрисида эди. Натижада, кўпчилик тезроқ апрель келишини ва кунлар исишини кута бошлади. Кун исигач ҳам касаллик камаймагани бу хабарларга ишонган ва қаттиқ умид боғлаган аҳолида тушкунликни юзага келтирди. Бу эса, ўз навбатида оммавий депрессияни келтириб чиқариши мумкин эди. Бунинг олдини олиш учун эса ишончли манбалар орқали ёлғон (Fake) хабарларни фош қилувчи, огоҳлантирувчи ишончли ахборот манбалари ишлаб туриши лозим.
Шунинг учун Ўзбекистонда COVID-19 вируси кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган фаолиятда аҳолининг хабардорлигини ошириш ва жамоатчилик фикрини мақсадли бошқариш, турли миш-мишлар ва ахборот хуружларидан муҳофазалашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Барча оммавий ахборот воситалари ушбу жараёнга кенг жалб қилинди, қисқа муддат ичида оддий халқ учун тушунарли бўлган ижтимоий видеороликлар тайёрланиб, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатила бошланди. Мавжуд вазият тўғрисида очиқ-ойдин, беркитмасдан маълумот тақдим этиб келинаётгани, касаллик тарқала бошлаган биринчи кунданоқ Халқаро пресс-клубда манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар вакилларининг матбуот анжуманлари ташкил этилгани бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ижтимоий тармоқларда ташкил қилинган koronаvirusinfo ахборот канали бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди. Биргина Telegram мессенжеридаги https://t.me/koronavirusinfouz каналида 1 миллион 369 мингдан ошиқ фойдаланувчи мавжуд. Шунингдек, бошқа оммабоп каналлар ва блоглар ушбу каналда берилган маълумотларни тарқатиш орқали мамлакатнинг барча аҳолисини ишончли манба билан таъминлашга эриша олди.
2019 йилда Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти томонидан ўтказилган тадқиқотда ҳозирда ёшлар асосий маълумотларни интернет ва ижтимоий тармоқлар (60 фоиз) орқали излаши маълум бўлган эди. Шу боисдан, айнан ижтимоий тармоқлар орқали расмий ва ишончли, тезкор маълумотларнинг тақдим қилиб борилаётгани Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини мақбул йўналишда шакллантириш имконини берди.
Ўзбекистон Республикасида ахборотлаштириш ва жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида узоқ йиллардан бери амалга ошириб келинаётган фаолият ўзини оқлади. Хусусан, сўнгги йилларда блогерлар ва ОАВлар фаолиятига эркинлик берилиши, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали жамоатчилик фикрининг эркин шаклланиши ва эркин фикрга нисбатан дахлсизликнинг ўрнатилиши, олий ва ўрта-махсус таълим тизимида соҳа мутахассисларини тайёрлашга эътибор қаратиб келингани, барча вазирлик ва идораларда жамоатчилик билан алоқалар (PR) тузилмаларнинг ташкил қилингани ва алоҳида матбуот котиби лавозимининг жорий қилиниб, бу лавозимларни иқтидорли кадрлар билан таъминлангани қисқа фурсат ичида мамлакатимизда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчиликни коронавирус инфодемиясига қарши тура оладиган тузилмага айлантирди.
Ўзбекистонда бу борадаги фаолият МДҲ давлатлари ичида энг яхшиси, умумжаҳон миқёсида яхшилардан бири, дейиш мумкин. Мамлакатимиз тажрибаси фавқулодда ҳолатларда жамоатчилик фикрини самарали бошқариш учун бутун бошли тузилмани олдиндан шакллантириб бориш, уни барча керакли ресурслар – техник-технологик воситалардан тортиб, салоҳиятли кадрларгача таъминлаш, аҳолида давлат органлари томонидан берилаётган маълумотларга ишонч уйғотиш ва кенг жамоатчилик билан эркин мулоқотларни йўлга қўйиш, ва ниҳоят, аҳолининг ахборот маданиятини мунтазам ошириб бориш лозимлигини кўрсатди.
Бугунги кунда COVID-19 коронавирусига қарши халқни жипслаштириш ва унинг олдини олишга доир ҳаракатларни мақбул йўналишда бошқариш, айниқса, коронавирус инфодемиясига қарши барқарор жамоатчилик фикрини шакллантира олиш имкониятига эга бўлиш орқали Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда.
Яндекс портали маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри ўз-ўзини изоляциялаш бўйича МДҲ давлатлари ичида пешқадам бўлиб турибди, уйда қолишга аҳоли тўлиқ амал қилмоқда. Бу қисқа вақт ичида мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш имконини бериши шубҳасиз.
Алишер ЮНУСОВ, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори ўринбосари.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png