“Саховат ва кўмак бурчаги”: имкониятингиз бўлса қўйинг, зарурат бўлса олинг
Бутун дунё бугунги коронавирус пандемиясига қарши курашаётган бир пайтда Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан янги хайрли ташаббусга қўл урилди. Шаҳардаги 10 йирик савдо мажмуаси, “Саховат” бозори масъулияти чекланган жамияти савдо нуқталари ҳамда 31 маҳалла фуқаролар йиғинидаги биттадан савдо дўконида “Саховат ва кўмак бурчаги” ташкил этилди.
– Навоий шаҳрида 1181 камбағал оила аниқланиб, уларга ихтиёрий ёрдам бериш ташаббуси билан чиққан саховатпеша тадбиркорлар бириктирилди, – дейди Навоий шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи биринчи ўринбосари Шалола Ҳамидова. – Шунингдек, “Имкониятингиз бўлса қўйинг, зарурат бўлса олинг” ҳамда “Барчамиз савоб иш қилишга ҳақлимиз” шиорлари остида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” бурчакларида саховатпеша инсонларимиз озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этиши, зарурати бор юртдошларимиз эса улардан бепул олиш имконияти яратилди.