Талаба карантин даврида тўлов-шартнома пулини тўламаса нима бўлади?
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти Қашқадарё вилоятидаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири. Таълим даргоҳида 27 та таълим йўналишида иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларига малакали кадрлар тайёрланади.
Айни пайтда институтда 9 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Аммо пандемия шароитида барча таълим муассасалари қатори ушбу таълим даргоҳида ҳам ўқув жараёни тўхтатилган. Хўш, талабаларнинг карантинда таълим олиш жараёни қандай ташкил этилмоқда? Бунинг учун институтда етарлича шароит яратилганми?
Шу каби саволларга жавоб олиш учун институт ректори физика-математика фанлари номзоди, доцент Орифжон Бозоров билан суҳбатлашдик.
– Талабалар билимини баҳолаш мезонлари шаффоф ва адолатли бўлиши учун қандай чоралар кўрилган?
– Институтда масофавий таълим платформасида талабаларни баҳолашда адолатлилик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида барча чоралар кўрилган. Ҳар бир фандан оралиқ ва якуний назорат ишларини ўтказиш ўқитувчиларни иштирокисиз ахборот технологиялари орқали онлайн тарзда ўтказилади ва баҳолаш натижалари масофавий таълим платформасида шакллантирилади. Шаклланган баҳоларни сунъий равишда ўзгартириб бўлмайди, чунки махсус код қўйилган. Бу ректорат ва деканатлар томонидан назорат қилинади. Талабалар томонидан олинган баҳолар шу куннинг ўзидаёқ қайдномага туширилади.
– Талабаларнинг 2019-2020 ўқув йилининг баҳорги семестри учун белгиланган малакавий амалиётлари қандай ташкил этилади?
– Битирувчи курс бўлмаган, яъни 1,2,3-курс талабаларининг малакавий амалиётлари кейинги ўқув йилининг ўқув графигида акс эттирилади. Малакавий амалиёт кейинги ўқув йилига кўчирилади. Бунда ўқув амалиёти ҳажми сақланиб қолинади. Ишлаб чиқариш амалиёти давомийлиги қайта кўриб чиқилади.
– 2019-2020 ўқув йилини якунланиши масофавий таълим орқали бўладими? Агар шундай бўлса масофавий таълим билан қамраб олиш имкони мавжуд бўлмаган талабалар нима қилади?
– Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 10 апрелдаги “2019 – 2020 ўқув йилини масофавий таълим орқали давом эттириш тўғрисида”ги 257-сонли буйруғига асосан жорий ўқув йили масофавий таълим орқали якунланади. Ана шу буйруқда масофавий таълим билан қамраб олиш имкони мавжуд бўлмаган талабаларни ёзги таътил даврида алоҳида график асосида ўқитилади.
– Талаба карантин даврида барча фанларни ўзлаштирса ва тўлов-контракт пулини тўламаса нима бўлади?
– Бундай ҳолатда талаба қачон тўлов-контракт пулини тўлиқ тўлагандан сўнг курсдан — курсга кўчирилади. Контракт пулларини тўлашга имкони бор талабалар тўловни амалга оширганлари мақсадга мувофиқ бўлади. Сабаби янги ўқув йили учун тўлов ва тўланмаган баҳорги семестр учун тўлов пулларини биргаликда тўлаш ота-оналар учун қийинчилик туғдиради.
Шунингдек, тўловларни тўлиқ амалга оширмаган битирувчи курс талабалари шартли равишда истисно тариқасида якуний назоратларга киритилиши мумкин, лекин уларга ўқув йили учун белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширганларидан сўнг олий таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги тегишли диплом берилади.
– Талабаларни масофавий таълимдаги иштироки қандай назорат қилинмоқда?
– Талабаларнинг масофавий таълим тизимидаги иштироклари ва шартнома тўловларни амалга оширишлари электрон дастур асосида гуруҳ мураббийлари орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, талабаларнинг масофавий таълимдаги ўзлаштиришлари мониторинги фан ўқитувчилари ва кафедра мудирлари ҳамда деканатлар орқали амалга оширилмоқда.
– Қўшни давлат олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчирган талабалар мамлакатимиз олий ўқув юрти талабалари сафига қачон қабул қилинади?
– Ҳозирда қўшни давлат ОТМларидан келган талабаларга масофавий таълим платформасидан фойдаланишга рухсат берилди. Шунингдек, қўшни давлат ОТМларидан талабанинг ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг, улар фанлар фарқини топширади ва тўлов-контракт пулларини амалга оширганларидан кейин талабалар сафига қабул қилинади.
– 2020-2021 ўқув йили учун талабалар ўқишини кўчириш жараёни қандай тартибда ўтказилади?
– 2020/2021 ўқув йилига республика олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- 2020 йилнинг 15 июлидан 5 августига қадар ҳужжатлар қабул қилинади (ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш имконияти яратилади);
- 6 августдан 30 августга қадар аризалар кўриб чиқилиб қарор қабул қилинади. Ҳозирги кундаги карантин тадбирлари сабабли ўқишни кўчириш жараёнлари муддатларида ўзгаришлар бўлган тақдирда вазирликнинг расмий сайти (www.edu.uz) ва телеграм канали @eduuz орқали эълон берилади?
– Магистратура битирувчиларининг магистрлик диссертациялари ҳимояси қандай тартибда ўтказилади?
– Магистратура мутахассисликлари битирувчиларининг магистрлик диссертациялари ҳимоялари ZOOM ёки бошқа дастурлар орқали масофавий ва онлайн шаклда ўтказилади.
ЎзА мухбири Ў.БАРОТОВ суҳбатлашди