http://uza.uz/upload/iblock/050/farzandlar_salomatligi_y_lidagi_ezgu_tashabbus.jpg

Фарзандлар саломатлиги йўлидаги эзгу ташаббус

Эртамиз эгалари – фарзандларимиз келажаги, саломатлиги билан боғлиқ масала биз учун ҳамиша устувор аҳамият касб этиб келган. Шу жиҳатдан мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бу йўналишда тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Пойтахтимизда тўртинчи авлод – Болалар миллий тиббиёт маркази барпо этилгани фарзандларимиз соғлиғини сақлаш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам, мисли кўрилмаган лойиҳа, улкан ташаббус бўлди, дейишимиз мумкин. Ушбу марказ болалар тиббиёти йўналишида ноёб жарроҳлик амалиётларини бажариш, инновацион изланишлар олиб бориш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда юқори технологик муолажаларни ташкил этиш борасида юксак аҳамият касб этади. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/fc5/photo_2020_05_27_23_04_21.jpg

  
Бугун Марказий Осиёда ягона ушбу марказга журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда тиббиёт масканининг қурилиши, даволаш тартиби, замонавий технологиялар, тиббий асбоб-ускуналар, марказ имкониятлари хусусида батафсил маълумот берилди.

Замон ўзгармоқда, ҳар бир соҳада ёндашув, талаб ўзгармоқда. Тараққиёт имкониятларимизни кенгайтирмоқда. Илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида бунёд этилган марказ лойиҳаси Корея Республикаси ва жаҳон тиббиётининг ноёб андозалари асосида ишлаб чиқилди. 2018 йил 26 февралда марказни қуриш ишлари бошланди. Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур марказ Корея Республикаси кўмагида, “Баум” корпорацияси лойиҳаси асосида барпо этилди. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/3cf/photo_2020_05_27_23_03_43.jpg

  
Тўрт қаватли даволаш муассасаси 280 ўринга мўлжалланган бўлиб, поликлиникада кунига 250 нафаргача беморни қабул қилиш имконияти мавжуд. Марказда 68 та палата, сиғими 20 ўринли электрон кутубхона, 170 ўринли конференциялар зали, 50 ўринли ошхона, симуляцион марказ мавжуд. Муассасада 700 нафар тиббиёт ходими фаолият юритади.
Хориж мамлакатларидан 40 миллион долларлик замонавий диагностика аппаратлари, тиббий, технологик асбоб-ускунлар олиб келинди. Технологияларнинг кўпчилиги АҚШ ва Корея мамлакатларидан келтирилди. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/2a6/3.jpg

Юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатишга ихтисослашган болалар тиббиёт муассасасида йилига 1,5 мингдан зиёд ноёб жарроҳлик амалиётини бажариш имконияти мавжуд. Бу ерда республиканинг бошқа ҳудудий шифохоналарида амалга ошириш имконияти мавжуд бўлмаган мураккаб жарроҳлик амалиёти бепул амалга оширилади.

Энг замонавий тиббиёт ускуналари билан бойитилган ушбу марказда педиатрия, нейрохирургия, ортопедия, гемодиализ, кардиохирургия, умумий хирургия, офтальмология, онкология, ЛОР ҳамда реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ерда республика тиббиёти тарихида илк марта энг юқори аниқликдаги ташхислаш ва даволаш имконияти яратилади. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/799/16.jpg

  
Олдинлари диагностика яхши бўлмагани, шифокорлар малакаси етишмагани туфайли ҳудудлардаги бемор болалар, уларнинг ота-оналари кўп қийналарди, оғир касал бўлса, соғлиғи нуқсонли бўлиб қоларди. Эндиликда мутлақ янги марказ бу борадаги барча оғриқли муаммоларимизнинг ечими бўла олади.

Марказ магнит резонанс томографи, мультиспираль компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Биргина мисол, ПЭТ-КТ (Позитрон эмиссион компьютер томография) аппарати саратон касаллигини эрта аниқлаш имконини беради. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/d54/photo_2020_05_27_23_03_51.jpg

  
Ҳозирги кунда юртимизда неонатал радиологияда шифокор маслаҳатига кўра, нейросонография усулини қўллаш билан чегараланган. Жанубий Кореяда эса неонатал радиология нейросонография, тос ва сон суягини бирлаштирувчи бўғим УЗИ диагностикаси, орқа мия УЗИ диагностикасини скрининг усулида қўллайди. Марказда янги 3 Тесла қувватли МРТ аппарати ўрнатилган. 
У энг замонавий текширув усулларини ўз ичига олган бўлиб, визуализиция имкониятларини кенгайтиради. Хусусан, МРТ перфузиясини ўтказиш имконияти яратилади. Бу, ўз навбатида, бош миянинг ишемик ўзгаришларини аниқлашда энг замонавий ва самарали усул ҳисобланади. Шу пайтгача мамлакатимизда бу текширув усулини ўтказиш имконини берувчи аппаратлар бўлмаган.

http://uza.uz/upload/medialibrary/1c2/photo_2020_05_27_23_04_14.jpg

Бугунги тиббиётнинг асосий ютуқларидан бири бу – нуклеар тиббиёт. Яъни, ядро физикасининг ютуқларини тиббиётга татбиқ этиш натижасидир. Нуклеар тиббиёт организмда ҳали ҳужайра даражасида бўлаётган патологик ва биологик ўзгаришларни аниқлаш имконини беради. Марказда иккита замонавий даволаш аппарати бор. ПЭТ-КТ (Позитрон-эмиссион компьютер томография) – саратон ташхисини қўйиш учун самарали ва замонавий усулдир. Ушбу аппарат касалликни эрта аниқлашга имкон яратади. Саратон ҳужайраларини аниқлаш учун турли радиофармацевтика қўлланилади.

Бошқа кўриш воситалари – ультратовуш (УЗИ), рентген, компьютер томографияси, МРТ ёрдамида аниқланмайдиган ўсимта ўчоқларини ПЭТ-КТда ташхислаш мумкин. ПЭТ-КТнинг бошқа диагностика турларидан устунлиги шундаки, у мутлақо хавфсиз, оғриқсиз даволаш имконини беради. Препаратнинг ўртача дозаси 6-8 милликурийни ташкил қилади. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/13f/5.jpg

  
Марказнинг Гемодиализ бўлими 10 нафар беморга мўлжалланган энг сўнги русумдаги, дунё стандартларига жавоб берадиган гемодиализ аппаратлари билан жиҳозланган. Бундан ташқари бу ерга мамлакатимизда ягона бўлган CRRT – узлуксиз буйрак ўрнини босувчи терапияни амалга ошириш имкониятини берадиган ускуна ҳам олиб келинган. Бу эса оғир буйрак етишмовчилиги билан касалланган кичик ёшдаги беморларни узлуксиз, 24 соат давомида сунъий буйрак ёрдамида токсинлардан тозалаш имкониятини беради.

Шунингдек, рентгенография, рентгеноскопия ва 2 та мобиль рентген аппарати бор. Турли шароитларда рентген ташхислашнинг зарур усулларини қўллаш мумкин бўлади. Юқори аниқликдаги бир неча УЗИ аппаратлари ҳам ўрнатилган. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/5f9/photo_2020_05_27_23_04_07.jpg

  
Марказ HIS (hospital information system) – юқори информацион тизим асосида фаолият кўрсатади. Барча тизимлар компьютерлаштирилган ва бемор тўғрисида маълумот онлайн киритилади.
Шу билан бирга, клиникада Ўзбекистонда биринчи бўлиб генетик лаборатория фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу билан наслий касалликлар, бемор болалар наслида қандай касалликлар борлигини ДНК орқали билиш мумкин. Марказда бир кунлик чақалоқдан 18 ёшгача бўлган болалар даволанади. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/29c/photo_2020_05_27_23_03_48.jpg

  
Бу ерда малакали мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Корея Республикасининг нуфузли Пусан миллий университети клиникасида 100 нафар мутахассисимиз малака ошириб қайтди. Бундан ташқари, KOICA ташкилоти билан тузилган грант шартномаси асосида 3 йил давомида марказнинг 55 нафар шифокор ва ҳамширалари турли йўналишлар бўйича Сеул Миллий университетининг тиббиёт марказида икки ойлик малака оширишлари режалаштирилган.

Жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар ва олий таълим муассасалари операцияларни онлайн тарзда кўриб туриши мумкин. Замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этилади, даволашнинг таъсирчан усуллари муҳокама қилинади.

http://uza.uz/upload/medialibrary/636/photo_2020_05_27_23_03_58.jpg

  
2021–2022 йилларда юқори нуфузли халқаро “JCI – Joint comission international” ташкилотининг аккредитациясини олиш режалаштирилган. Келажакда трансплантация йўналишида операцияларни бажариш учун буйрак, жигар ва юрак трансплантацияси бўйича мутахассислар тайёрланади.

Фарзандлари соғлом мамлакатгина юксалади, ривож топади. Зеро, улар саломатлиги йўлидаги ҳар қандай эзгу ташаббус ўзининг улкан самарасини кўрсатиши, шубҳасиз.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png