Қишлоқ хўжалик техникалари ҳужжатлари пластик шаклга ўтказилмоқда
Жиззахда Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникалари бўйича давлат хизматлари кўрсатишда “Ягона электрон база”ни шакллантириш ҳамда пластик шаклдаги ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган семинарда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникалари бўйича давлат хизматларини кўрсатишда янги турдаги пластик ҳужжатларнинг ўзига хос қулайликлари, афзалликлари ва ундан фойдаланишда ўрнатилган тартиб-қоидалар ҳақида мутахассислар томонидан атрофлича маълумот берилди.
Республика ҳукуматининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2020 йил 1 мартидан тракторчи-машинист гувоҳномасининг, техникаларни рўйхатдан ўтказишда техник паспорт ва техник гувоҳноманинг янги намуналарини бериш бошланди. Шунингдек, 2020 йил 31 декабрь давригача бўлган муддат оралиғида эски намунадаги техник паспорт ва техник ҳамда тракторчи-машинист гувоҳномаси берилган санасидан қатъий назар эгаларининг аризаси билан алмаштирилади.
Келгуси йилнинг 1 январь санасидан 2022 йил 31 декабр даврига келиб эса шу типда эски намунадаги барча ҳужжатлар ўрнини янгиси эгаллайди. Ва ниҳоят 2023 йилнинг 1 январидан эътиборан эски намунадаги ҳужжатлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
Ҳукумат қарорида ушбу ишни амалга ошириш учун моддий техник таъминот ва маблағ ажратиш ҳам кўзда тутилган Шу мақсадда вилоятга 521 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига 1 дона “Дамас” русумли техник хизмат кўрсатиш автомашинаси ва техник-диагностик жиҳозлар тўплами ҳамда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари бўйича “Ягона электрон база”ни шакллантириш, замонавий, пластик шаклдаги ҳужжатлар тайёрлаш ва бериш учун 8 та компьютер жамланмаси ва махсус принтерлар харид қилинган.
Айни пайтда “Ўзагроинспекция”нинг Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор, Зафаробод, Зарбдор, Ғаллаорол ва Жиззах шаҳри бўлимлари ушбу жиҳозлар билан таъминланди. Жорий йил якунига қадар қолган Зомин, Янгиобод, Бахмал ва Фориш туман бўлимлари ҳам тўлиқ таъминланиши кўзда тутилган.
Ҳозиргача вилоят бўйича жами 55 дона техник паспортлар янгисига алмаштирилиб, 25 таси рўйхатга киритилди. 5 дона ҳайдовчилик гувоҳномалари ўз эгаларига топширилган.
Семинар давомида бир қатор қишлоқ хўжалиги ва мелорация корхоналарига техникаларнинг янги нусхадаги ҳужжатлари топширилди.
– Қурилиш фирмамизнинг 5 та техникасига техник ҳужжатларини пластик шаклдагисига алмаштириш учун “Ўзгароинспекцияси” вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилган эдим, – дейди “Boburbek qurilish montaj” МЧЖ раҳбари Ўктам Турдиев. – Бугунги семинарда менга экскаваторнинг олди-сотди шартномаси орқали олиб келинган техникамни рўйхатдан ўтказиб, янги техник паспорт ва давлат рақам белгиси тақдим этилди. Бундан ташқари 2 та техникамнинг эски типдаги техник паспорти янги намунадаги пластик шаклдагисига алмаштириб берилди.
Ўзаро мулоқот шаклида ўтган амалий семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоб олди.