http://uza.uz/upload/iblock/920/yaponiya_ishlo_larda_isti_omat_ilayetgan_ayellarimizni_llab_.jpg

Япония қишлоқларда истиқомат қилаётган аёлларимизни қўллаб-қувватламоқчи

Япония ҳукумати Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидаги меҳнат билан банд аҳоли – хатин-қизларни молиявий жиҳатдан рағбатлантиришга қарор қилди. Аёлларимизнинг иқтисодий имкониятларини янада кенгайтириш учун 3 миллион доллар ажратилади. Бу ҳақда ОАВга Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилган.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида Фарғона, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида яшаётган 3500 дан ортиқ хотин-қиз касб-ҳунарга йўналтирилган таълим олиш имконига эга бўлади. Уларнинг молиявий хизматлардан фойдаланишлари, тадбиркорлик билан шуғулланишлари бўйича қўшимча рағбат йўллари очилади.
Масалан, 300 та кичик ва ўрта бизнес корхоналарига иш юритиш учун маблағ ва воситалар ажратиш, шунингдек 1500 янги иш ўрни ҳосил қилишга кўмаклашиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари пандемия шаротитида Япония Ташқи ишлар вазирлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) Ўзбекистонга тиббий ускуналар ва коронавирусга қарши курашиш учун материалларни беғараз тарзда етказиб беришни ҳам режалаштирган. Инсонпарварлик ёрдами тўпламида шахсий ҳимоя воситалари, ўпкага сунъий нафас юбориш аппаратлари (ИВЛ), рақамли рентген ташҳиси ускунаси ва бошқа маҳсулотлар бўлади.
«Ҳозирча мазкур грантнинг умумий қиймати ҳақида аниқ маълумот бера олмаймиз, бироқ тахминий суммани айтишимиз мумкин. Агар қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган 3 миллион долларни ҳам қўшадиган бўлсак, кўмак миқдори тахминан 10 миллион доллардан ошади», — дейди элчихона ходими.
Элчихонада, шунингдек Халқ таълими вазирлигининг Япония тарихи, табиати, фан ва технологияларига доир илмий-оммабоп, маърифий ва таълим DVD-дастурларини етказиб бериш ҳақидаги таклифини ҳам кўриб чиқилмоқда.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png