Санъат ёшлар нигоҳида
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Санъат ёшлар нигоҳида-IХ” номли илмий-амалий онлайн конференция ўтказилди.
Мазкур анжуман магистратура мутахассисликларида таҳсил олаётган ҳамда илмий-назарий масалалар устида тадқиқот олиб бораётган ижодкор ёшларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев Президентимизнинг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимиз маданияти, санъати, хусусан, бадиий таълим ривожида муҳим тарихий аҳамиятга эга эканини, ушбу конференция ҳам магистрантлар тадқиқот фаолиятида муҳим қадам бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов мамлакатимизда бадиий ижодиётнинг барча йўналишлари, айниқса, нафис санъат соҳасида ёшлар ўз билим ва иқтидорини намойиш этиши учун зарур барча имконият, шароитлар яратилганини қайд этди.
Ҳар қандай соҳанинг тараққий этишида назарий асос муҳимдир. Бадиий таълим, тасвирий санъат йўналишида тадқиқотларни олиб боришда бу каби онлайн анжуманларнинг аҳамияти катта.
Анжуманда “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ахборотномаси” илмий журнали нашрдан чиққани эълон қилинди. Бу журнал институт илмий тадқиқот фаолияти йўналишида яна бир муҳим қадам эканига эътибор қаратилди.
Конференцияда “Ўзбекистон анъанавий кашталаридаги орнаментларнинг таҳлили ва унинг аёллар либосларида қўлланилиши”, “Қўлёзма манбалар консервация ва реставрацияси: муаммолар ва унинг ечимига оид таклифлар”, “Тошкент шаҳридаги меъморий-маданий мажмуаларни оммалаштириш ва сайёҳлик йўналишлари, янги музей концепциясини ишлаб чиқиш“, “Рангтасвир фанини ўрганиш жараёнида замонавий ахборот технологиялардан фойдаланиш”, “Ўзбек анимация санъатининг ривожланиш тарихи”, “Ўзбек анимацион фильмларида Алишер Навоий асарларининг акс этиши” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Шу билан бирга “Туризмни ривожлантиришда инновацион шакллар”, “Ўзбекистонда маҳобатли рангтасвирнинг ривожи” каби бир қатор долзарб мавзулардаги маърузалар хам иштирокчиларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.
Ҳар бир маъруза соҳа мутахассислари томонидан таҳлил этилиб, қатнашчиларга илмий изланишларини янада ривожлантириш борасида тавсиялар берилди.
Конференцияда магистратура мутахассисликларида таҳсил олаётган 111 нафар магистр тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик соҳасидаги бугунги замонавий бадиий жараёнлар, маданий меъросини сақлаб қолиш, мазкур санъат йўналишларининг ривожли йўлида олиб борилаётган изланишлар ҳамда муаммоларга бағишланган мақолалари билан иштирок этди.
Ушбу маърузалар мақола шаклида алоҳида илмий тўпламда нашр этилиши режалаштирилган.