http://uza.uz/upload/iblock/4a2/khodimini_not_ri_ishdan_b_shatgan_ra_bar_zharima_t_ladi.jpg

Ходимини нотўғри ишдан бўшатган раҳбар жарима тўлади

Фуқаро Ш.Т. 2015 йилнинг 1 май ойидан бошлаб Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиалининг суд-биология эксперти сифатида ўриндошлик асосида фаолият юритган. Меҳнат шартномасига киритилган қўшимчаларга мувофиқ жорий йилнинг 4 январидан тўлиқ ишга ўтказилган.
Бироқ фуқаро Ш.Т. 2020 йил 7-10 январь кунлари сабабсиз ишга келмаганлиги ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ходимнинг ички меҳнат тартиб-қоидаларини бир неча марта қўпол равишда бузганлиги сабабли ташкилот ташаббуси билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига асосан 2020 йил 28 январдаги буйруққа биноан у билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йилнинг 7 январидан бекор қилинган.
Мазкур ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан белгиланган тартибда касаба уюшмасига мурожаат қилиниб, қўмитанинг 2020 йил 28 январдаги йиғилишида ушбу масала кўриб чиқилган. Меҳнат шартномасини маъмурият ташаббуси билан бекор қилишга розилик берилган, бироқ иш берувчи томонидан тегишли буйруқни расмийлаштиришда қонунбузилишига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Хусусан, ишдан бўшатишга асос бўлиб хизмат қиладиган касаба уюшмасининг розилиги 2020 йил 28 январда тақдим қилинган бўлиб, меҳнат шартномаси ҳам шу ҳужжатга асосан жорий йилнинг 28 январида бекор қилинишига қарамасдан, шартнома ғайриқонуний равишда 2020 йил 7 январь куни билан бекор қилинган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 101-моддасида кўрсатилганидек, “Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розиликни олмай туриб, шартномани бекор қилишга йўл қўйилмайди” дейилган.
Қолаверса, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали бошлиғи томонидан ходим Ш.Т. билан ўрталаридаги меҳнат шартномаси бекор қилинган санада яъни 2020 йил 7 январда касаба уюшмаси қўмитасининг бу хусусида тегишли розилиги бўлмаган. Демак ушбу ҳолатда филиалнинг 2020 йил 28 январдаги буйруғи бекор қилиниб, қонунга мувофиқлаштирилиши зарур.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Бухоро шаҳар адлия бўлими томонидан Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали бошлиғи номига киритилган тақдимномага асосан филиалнинг 2020 йил 28 январдаги буйруғи бекор қилиниб, қонунга мувофиқлаштирилди.
Ходимни шошма-шошарлик билан ишдан бўшатиб, қонунбузилишига йўл қўйган марказнинг Бухоро филиали бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.Т. маъмурий жазога тортилиб, жарима тўлади.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png