http://uza.uz/upload/iblock/a74/o_ozbozlik_va_ovoragarchilik_kamayadi.jpg

Қоғозбозлик ва оворагарчилик камаяди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Рақамли иқтисодиёт”га фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади” деб таъкидлаган эди. Шу боисдан ҳам жорий йил мамлакатимизда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили деб номланди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатлами бўлган пенсия ва нафақа олувчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор интерактив хизматларни жорий этяпти. Навбатдаги енгиллик нафақат нафақа олувчилар, балки корхона ва ташкилотлар учун хам қулайлик яратади.
Жорий йил май ойидан бошлаб ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўловини тўғридан-тўғри Пенсия жамғармаси орқали амалга ошириш тизими жорий қилинди. Бунинг натижасида 162 мингдан ортиқ пенсионерга пенсия тўлови ойма-ой амалга оширилиб, ҳар ойда 28 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотнинг талабномаларни Пенсия жамғармасига тақдим этиш ва пенсионерга тўлаб бериш билан боғлиқ оворагарчиликлари бартараф этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майидаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб фуқаролар бола туғилганда (суюнчи пули) ва дафн маросими учун нафақаларни олиш учун Пенсия жамғармаси ёки иш жойига мурожаат қилмасдан, туғилганлик ёки вафот этганлик ҳолатини Давлат хизматлари марказлари (ФҲДЁ)да рўйхатдан ўтказиш жараёнида бирйўла ариза бериш тизими жорий қилинади.Натижада ҳар йили ўртача 800-900 минг нафар фуқаронинг Пенсия жамғармаси ёки иш жойига мурожаат қилиши билан боғлиқ оворагарчиликка барҳам берилади.
Ушбу қарорга биноан барча ишловчи ва ишламайдиган фуқаролар суюнчи пули ва дафн маросими учун нафақаларни олиш учун Давлат хизматлари марказларига ёки “ЯИДХП (ЕПИГУ)“ портали орқали электрон шаклда мурожаат қилади. Бунда фуқаролар суюнчи пулива дафн нафақасини олиш учун ўзларига қулай бўлган Халқ банки филиалини танлаган ҳолда, нафақаларни ушбу филиал орқали олиш имкониятига эга бўлади.
Амалдаги тартиб бўйича корхона ва ташкилотлар жорий ой(май) учун нафақа ва бошқа тўловларни қоплашга талабномаларни Пенсия жамғармасига кейинги ой(июнь)нинг 10 санасига қадар тақдим этади.
2020 йил июль ойидан бошлаб эса, корхона ва ташкилотлар томонидан ишловчи фуқароларга суюнчи пули ва дафн маросими нафақалари тўлови учун Пенсия жамғармасига талабнома тақдим этилмайди.Натижада ҳар ойда ўртача 6-7 мингта корхона ва ташкилотнинг талабномаларни Пенсия жамғармасига тақдим этиш ва фуқароларга тўлаб бериш билан боғлиқ оворагарчилиги бартараф этилади.
2020 йилнинг 1 июнь санасига қадар бола туғилганда бериладиган суюнчи пули ёки дафн маросими нафақаси учун Пенсия жамғармаси ёки иш жойига мурожаат қилишга улгурмаган фуқаролар нафақаларни тайинлаш учун Давлат хизматлари марказларига ёки “ЯИДХП (ЕПИГУ)“ портали орқали электрон шаклда мурожаат қилади. Бунда бола туғилганда суюнчи нафақасини тайинлаш учун бола туғилгандан бошлаб 6 ой муддатда ва дафн маросими учун нафақа тайинлашга фуқаро вафот этгандан бошлаб 60 кун муддатда мурожаат қилиш лозим. 
2020 йил июль ойидан бошлаб корхона ва ташкилотлар томонидан 16 ёшгача ногирон болаларнинг ота-оналарига қўшимча дам олиш кунлари ҳақининг тўланиши ва пенсия (нафақа) тайинланмаган, бироқ уй-жой коммунал тўловлари бўйича компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлганларга компенсация учун талабнома тақдим этилиши мумкин.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png